O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Мурожаатларга эътиборсизлик фуқароларнинг идорама-идора сарсон бўлишига олиб келади

27.07.2017

Муаммо қачон пайдо бўлади? Қачонки, одамларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси таъминланмаса, аҳоли мурожаатларига жиддий эътибор қаратилмаса, улар ўз вақтида қонуний ечим топмаса у шаклланади ҳамда оқибатда жамиятимиз ривожи учун хавф солади. Бугун айтиш мумкинки, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш, асосли ўрганиш, таҳлил этиш аҳоли манфаатларини кафолатлаш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг бош мақсадига айланди.

Зеро, ҳар бир мурожаат ортида ўнлаб, ҳатто юзлаб одамлар тақдири турибдики, бу улар билан ишлашда юксак масъулиятни ҳис қилиш заруратини тақозо этади. Шундагина фуқароларнинг давлат ҳокимиятига, жамиятга, эртанги кунга ишончи янада мустаҳкамланади. Айни пайтда парламент юқори палатасида жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари ижросига, уларда кўтарилган масалаларнинг ижобий ҳал этилишига устувор аҳамият берилаяпти.

Бинобарин, бугун даврнинг ўзи халқ вакилларидан фикри-зикри билан одамларга яқин бўлиш, доимо эл-юртнинг ташвишу муаммолари билан яшашни талаб қилаяпти. Чунки ўзининг ташкилотчилиги ҳамда ташаббускорлиги, масъулияти билан халқ ишончини қозонган ҳар қайси парламент аъзоси фуқаролар мурожаатига ҳеч қачон эътиборсиз қарамайди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, жорий йилнинг биринчи ярмида парламент юқори палатасига ҳамда сенаторларнинг жойларда фуқаролар билан учрашувларида 4100 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди. Сенат аъзолари фуқаролар билан очиқ амалий мулоқотларни олиб бориш орқали ижтимоий-иқтисодий жабҳалардаги муаммо ва камчиликларни чуқур ўрганмоқда, уларнинг бартараф этилиши юзасидан парламент назоратининг таъсирчан механизмини татбиқ қилмоқда, зарур ҳолларда, фуқароларга тушунтириш ҳамда тавсиялар берилмоқда. Юртдошларимиз арзи, ташвишлари битилган масалалар ижобий ечимини топиши баробарида, Сенатнинг назорат-таҳлил, қонунчилик фаолиятида ҳам унумли фойдаланилаяпти.

— Парламентимиз юқори палатасида сенаторлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг қабули тизимли йўлга қўйилган, — дейди Сенат девони Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўлими мудири Б. Мусаев. — Мазкур жараёнда баён этилаётган турли ҳаётий масалалар тегишли вазирлик, идора ҳамда ташкилотлар мутасаддиларини жалб қилган ҳолда атрофлича муҳокама этилиб, ижобий натижаларга эришилаяпти. Таҳлиллар мурожаатларнинг аксарият қисми ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти билан боғлиқлигини кўрсатмоқда. Қашқадарё, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятлари ҳамда пойтахтимиз аҳолисидан шу мазмунда мурожаатлар кўпроқ бўлаётгани чуқур мушоҳадага чорлайди. Шунингдек, аҳолини иш билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш ҳамда таълим соҳаси билан боғлиқ масалалар бўйича келиб тушган мурожаатлар сони ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Мамлакатимиз жанубидаги воҳа вилоятлари маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан ҳам мурожаат этувчилар талайгина.

Шу ўринда юртдошларимиз парламент юқори палатасига қайси масалаларда мурожаат қилишаяпти, деган саволга Тошкент вилояти, Янгийўл туманида яшовчи фуқаро С. Салахидиновнинг мурожаатини келтириш ўринли. У суд ҳукмини бекор қилиш ҳамда уни ишга тиклаш масаласида арз қилган. Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси саъй-ҳаракати билан жиноят иши қайта кўриб чиқилди. Энг муҳими, мурожаат қилувчининг айбсизлиги судда исботланиб, ўз ишига қайта тикланди.

Сенат қўмиталари томонидан олиб борилган ишлар натижасида хоразмлик М. Артиқова Урганч тиббиёт коллежига ўқишга қабул қилинди, нукуслик Б. Хошановнинг кўзи, андижонлик Д. Юлдашеванинг уч ёшли фарзанди хаста юраги муваффақиятли операция қилинди.

Албатта, буларнинг барчаси халқимиз манфаатларини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бироқ шуни айтиш керакки, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларининг ўз вақтида ҳамда сифатли кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида кенг кўламли чора-тадбирлар рўёбга чиқарилаётганига қарамасдан, уларни кўриб чиқиш масаласини айрим раҳбарлар ҳали ҳам пайсалга солиб келаётгани, халқ арзини эшитишга панжа ортидан қараётганлиги кўринади. Бу эса такрорий мурожаатлар сонининг ортишига сабаб бўлаяпти. Масалан, Навоий вилоятининг Хатирчи туманида яшовчи Ш. Нурмаматовнинг такрорий мурожаатига кўра, унинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун ун маҳсулотлари жойлардаги мутасадди раҳбарлар томонидан ажратиб берилмаган. Сенаторлар томонидан ушбу мурожаат назоратга олиниб, ижобий ҳал этилди. Ваҳолонки, буни ўша жойнинг ўзида ҳал қилиш мумкин эди. Бекобод туманилик Ж. Саидовнинг иш билан таъминлаш, деҳқонободлик М. Шерматовнинг уй-жойини жорий таъмирлашда амалий ёрдам бериш, Ш. Коржововнинг мулк ҳуқуқини тиклаш масаласидаги мурожаатлари маҳаллий ва республика идоралари ҳамда ташкилотлари раҳбарлари томонидан ҳал этилмасдан ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Афсуски, бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Умуман айтганда, давлат органларида ишлаётган ҳар бир раҳбар ва мутасадди ходим ўз вазифасини виждонан, сидқидилдан бажариб, аҳолининг оғирини енгил қилиб, муаммоларини ҳал этишга муносиб ҳисса қўшиши мақсадга мувофиқдир. Шак-шубҳасиз, бу одамларнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб умргузаронлик қилишларида муҳим ўрин тутади.

http://xs.uz/index.php/homepage/zhamiyat/item/10747-murozhaatlarga-e-tiborsizlik-fu-arolarning-idorama-idora-sarson-b-lishiga-olib-keladi

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati