O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Хорижий инвестициялар ва замонавий технологиялар — тараққиёт гарови

27.05.2017

Бугун пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлайди. Кеча парламент юқори палатаси қўмиталари мажлисларида ялпи мажлис кун тартибига киритилган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Хусусан, Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва мамлакат минтақаларига хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб этиш, туризмни ривожлантириш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақидаги масала дастлабки тарзда атрофлича муҳокама этилди. Мажлисда қўмита аъзолари, хорижий инвестицияни жалб қилиш, ташқи савдо ва туризм соҳасида фаолият юритаётган вазирлик ҳамда идоралар вакиллари қатнашди.

Таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жаҳон миқёсида миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш борасидаги ташқи сиёсий фаолиятни амалга ошириш масалаларида парламент ролини янада кучайтириш, халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, мамлакатимиз ҳудудларига хорижий инвестициялар ва илғор технологияларни жалб қилиш, туризмни ривожлантириш, дунё ҳамжамиятида республикамиз нуфузини юксалтириш мақсадида Сенатнинг ваколат ҳамда вазифалари янада кенгайтирилди.

Шу мақсадда парламент юқори палатасининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси ташкил этилди. Унинг зиммасига мазкур соҳадаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари, дастурлар ва режаларнинг марказда ҳамда жойларда рўёбга чиқарилиши устидан мунтазам парламент назоратини амалга ошириш, халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий қонун ҳужжатларига татбиқ этиш, халқаро майдонда юртимиз иқтисодий манфаатларини илгари суриш каби вазифалар юклатилди.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ўз фаолияти ҳақидаги ҳисоботини Сенатнинг тегишли қўмитасида дастлабки тарзда кўриб чиққан ҳолда йилига икки марта эшитиш амалиёти йўлга қўйилди.

Сенаторлар ҳисоботни кўриб чиқишда давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратишди.

Мажлисда мазкур парламент назорати тадбири мамлакатимизнинг бош ташқи сиёсат маҳкамаси фаолиятини чуқур ўрганиш, унинг иш самарадорлигини янада ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишда қўл келиши айтиб ўтилди.

— Мамлакатни ҳар томонлама равнақ топтириш, иқтисодиётимизни ривожлантиришда хорижий инвестициялар, чет давлатларнинг илғор технологиялари ва тажрибалари муҳим ўрин тутади, — дейди қўмита аъзоси Тоҳир Баҳронов. — Бунда юртимизда қулай инвестициявий муҳит яратиш билан бир қаторда, давлатимизнинг чет мамлакатлардаги ваколатхоналари фаол иш олиб бориши долзарб аҳамиятга эга. Қўмита мажлисида Ташқи ишлар вазирлиги раҳбариятининг ҳисоботи танқидий-таҳлилий руҳда кўриб чиқилди. Эришилган натижалар билан бир қаторда, вазирлик фаолиятидаги айрим камчилик ва нуқсонлар ҳам кўрсатиб ўтилди. Сенаторлар ушбу муаммоларни ҳал қилиш мақсадида таклиф ва тавсиялар билдирди.

Қўмита мажлисида, шунингдек, бир қатор халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Қобил ХИДИРОВ.

http://xs.uz/index.php/homepage/i-tisodijot/item/10275-khorizhij-investitsiyalar-va-zamonavij-tekhnologiyalar-tara-ijot-garovi

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati