O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Парламент назорати амалда

27.04.2017

2017 йил 27 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда 2016 йил 13 декабрдаги парламент сўрови доирасида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи Ш. Шерматовнинг “Электрон ҳукумат” тизимини жорий этиш бўйича қонун ҳужжатлари ижроси тўғрисидаги ахбороти тингланди.

Мажлисда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Конституциявий суд ва Олий суд, Бош прокуратура, Марказий банк, вазирликлар ва идоралар, ЎзА, Ўзбекистон МТРК, пойтахтнинг олий ўқув юртлари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ЁИҲ, “Нуроний” жамғармаси ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Вазирнинг ахборотида ушбу соҳада ваколатли давлат органи ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан “Электрон ҳукумат” тизимини жорий этиш юзасидан муайян ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди.

Хусусан, вазирлик “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10 дан ортиқ қарори ва фармонини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 50 дан ортиқ қарорини тайёрлашда ва қабул қилишда иштирок этди. Бундан ташқари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ахборот тизимларини ва маълумотлар базаларини яратиш бўйича 70 дан ортиқ лойиҳаси техник экспертизадан ўтказилди. Мамлакатда “Электрон ҳукумат” тизимини жорий этиш бўйича ҳуқуқий база яратилди.

Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, жамоатчиликни давлат тузилмалари фаолиятидан мунтазам ва ҳар томонлама хабардор қилиш механизмларини жорий этиш мақсадида давлат тузилмаларининг ахборот жиҳатидан очиқлигини ҳар чоракда баҳолаш йўлга қўйилди. Мисол учун агар 2014 йилда 100 баллик тизим бўйича рейтинг кўрсаткичлари ўртача 56,9 фоизни ташкил этган бўлса, 2016 йилда бу кўрсаткич ўртача 80,2 фоизга тенг бўлди. 100 дан ортиқ давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ушбу соҳадаги фаолияти ўрганилди. 2016 йилда давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг “Электрон ҳукумат” тизимини жорий этишга доир лойиҳаларини ижро этиш ҳолати тўғрисидаги ҳисоботлари мунтазам эшитиб борилди.

Олиб борилган ишлар натижалари давлат органларининг ахборотлаштириш даражаси ва суръатлари сезиларли даражада ошганидан дарак беради. Бугунги кунда “Электрон ҳукумат” тизимини жорий этиш ва ривожлантириш бўйича 14 та лойиҳа рўёбга чиқарилди. Ахборот тизимлари ва “Электрон ҳукумат” тизими маълумотлар базасининг давлат органлари ахборот тизимлари билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида 2016 йилда ўзаро ҳамкорликнинг идоралараро электрон тизими жорий этилди. Тадбиркорлар, аҳоли ва давлат органлари ўртасидаги ўзаро алоқа Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади. id.gov.uz ягона идентификациялаш тизимида маълумотлар базаси жойлашган бўлиб, унда юридик шахслар тўғрисида 696 мингдан ортиқ маълумот сақланади. Тадбиркорлар давлат реестридан улар ҳақида ахборот олишлари мумкин. Бундан ташқари, 300 дан ортиқ хизмат кўрсатувчи 600 дан ортиқ давлат муассасаси ва ташкилоти Ягона порталга уланган.

Шу билан бирга, сенаторлар “Электрон ҳукумат” тизимини жорий этишга доир қонун ҳужжатлари ижросида мавжуд бўлган айрим камчиликлар ва муаммоларни ҳам қайд этдилар. Масалан, айрим давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида кўрсатиладиган давлат ва тармоқ хизматлари рўйхати рўйхатга олинмаган, бу эса ўз навбатида тадбиркорларга электрон давлат хизматларини кўрсатишга салбий таъсир кўрсатмоқда. Коммунал хизматлар ва уй-жой фондлари порталида (e-kommunal.uz) коммунал хизматларнинг барча турлари акс эттирилмаган, порталга жойлаштирилган янгиликлар ва маълумотлар кўпинча бошқа веб-сайтларда чоп этилган маълумотларни такрорлайди.

Порталнинг очиқ маълумотлар (data.gov.uz) тизими ҳам охиригача шакллантирилмаган. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси томонидан барча очиқ маълумотлар тақдим этилмайди. Электрон ҳужжат айрибошлаш тизими дастури (E-ijro) тўлиқ фаолият олиб бормаяпти. Бу дастур барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига электрон давлат хизматлари кўрсатилишини таъминлашга қаратилган. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида АКТ тизими тўлиқ жорий этилмаган, уларнинг веб-сайтлари янгилаб борилмайди.

Муҳокама чоғида “Электрон ҳукумат” тизимини жорий этишга доир қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш бўйича манфаатдор вазирликлар ва идоралар, хўжалик бошқаруви органлари ва ҳокимликларнинг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда муҳокама этилган масалалар юзасидан мавжуд бўлган камчиликларни бартараф этишга қаратилган тегишли чора-тадбирлар кўриш бўйича бир қатор таклифлар ва тавсияларни билдирдилар.


Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati