O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Божхона кодекси ижроси мониторинги


27.03.2017

2017 йил 27 март куни Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексини рўёбга чиқаришга қаратилган қонуности ҳужжатлари қабул қилиниши устидан ўтказилган мониторинг натижалари муҳокамасига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда сенаторлар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, Молия ва Адлия вазирликлари, Давлат божхона қўмитаси раҳбарлари ва бошқарма бошлиқлари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Сенаторлар томонидан ўтказилган мониторинг давомида Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекснинг 129 та моддасида 174 та ҳаволаки норма мавжудлиги, уларнинг 105 таси мазкур Кодекс қабул қилингунга қадар амалда бўлган турли ҳил норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар (Ўзбекистон Республикаси қонунлари, кодекслар, Олий Мажлис палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва фармонлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, идоравий-меъёрий ҳужжатлар) билан тартибга солинганлиги аниқланганлиги қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг айрим нормалари ижросини таъминлашга қаратилган ишларни амалга ошириш, қолган 24 та ҳаволаки моддалар бўйича ўз вақтида қонуности ҳужжатларини қабул қилиш ҳамда уларнинг ижроси механизмларини белгилаш натижасида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан битта Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони, саккизта Вазирлар Маҳкамаси қарори, шунингдек саккизта Давлат божхона қўмитаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда қабул қилиш учун киритилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 15 тадан ортиқроқ хаволаки нормаси бўйича қонуности ҳужжатлари қабул қилинмаган.
Жумладан, Давлат божхона қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган “Халқаро йўл ташкилоти дафтарчасини қўллаган ҳолда юкларни халқаро ташиш тўғрисидаги божхона конвенцияси талабларига мувофиқ автотранспорт воситасига юкларни божхона пломбалари ва муҳрлари остида халқаро ташишга рухсат бериш тартиби тўғрисида”ги, “Давлат фойдасига воз кечиш божхона режимига жойлаштирилган товарларни давлат мулкини бошқариш бўйича ваколатли органга топшириш қоидалари тўғрисида”, “Божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган, эркин реализация қилиш тақиқланган ёки муомаласига қонун ҳужжатларига мувофиқ лицензия ёки рухсатнома асосида йўл қўйиладиган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, прекурсорлар ва бошқа ашёлар назорат остида етказиб берилаётганда, бу товарларни тўлиқ ёки қисман олиб қўйилиши ёки алмаштирилиши тўғрисидаги тартибни тасдиқлаш ҳақида” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси божхона органлари байроғи ва фарқлаш белгиси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги, шунингдек Божхона кодексида назарда тутилган рухсат бериш тартиб-таомиллари бўйича бошқа ҳужжатлар лойиҳалари бугунги кунга қадар қабул қилинмаган.
Муҳокама давомида сенаторлар томонидан айрим қонун ҳужжатларини Кодекс ва бошқа янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлаштиришнинг тезкор жараёни, шунингдек Давлат божхона қўмитасининг айрим норматив ҳужжатларида мавжуд бўлган нормалар зиддиятини аниқлаш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Мажлис якунлари бўйича Сенат қўмитаси томонидан тегишли қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

 

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati