O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳисоботи муҳокама этилди


27.03.2017

2017 йил – март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг қўмитанинг 2016 йилдаги фаолияти ҳақидаги ҳисоботи дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, манфаатдор вазирликлар ва идоралар вакиллари, табиатни муҳофаза қилиш ҳудудий қўмиталарининг раҳбарлари, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Таъкидланганидек, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2016 йилдаги фаолияти ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларини бажаришга, қонунчилик базасини янада такомиллаштиришга ҳамда атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан оқилона фойдаланиш соҳасидаги давлат назоратини кучайтиришга, мамлакатдаги экологик ҳолатни соғломлаштиришга қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2016 йил 1 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2015 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида”ги қарорини таъминлашга доир тадбирларни рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилди.
Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини ошириш мақсадида алоқадор вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорликда 6 та қонун лойиҳасининг янги таҳрири, Вазирлар Маҳкамасининг 10 дан ортиқ қарори тайёрлангани ва шундан 8 таси қабул қилингани қайд этилди. Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун 18 270 дан зиёд мансабдор шахс ва фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилди, 2 400 дан ортиқ объектга даъво хати киритилди, 4,13 млрд. сўм ундирилди. 2015 йил билан таққослаганда давлат бюджетига ўтказиладиган пул маблағларининг ҳажми 22 фоизга кўпайиб, 12,7 млрд. сўмни ташкил этди.
2016 йилда ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнлари хизматлар, экологик хавфли чиқиндиларни ва маҳсулотларни олиб кириш ҳамда олиб чиқиш учун 3 860 дан ортиқ экологик сертификат берилди. 27 500 та лойиҳа давлат экологик экспертизасидан ўтказилди, 3 350 дан ортиқ экологик норма белгиланди. 2 960 дан ортиқ лойиҳа табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мос келмаганлиги туфайли такомилига етказиш учун қайтариб юборилди.
Давлат экологик экспертизасининг тавсияларига мувофиқ энергетика, нефтгаз, металлургия, кимё, қурилиш тармоқларининг, саноат, коммунал ва қишлоқ хўжалигининг 318 та хўжалик юритувчи субъектида энергия тежовчи, кам чиқинди чиқарадиган технологиялар жорий этилди.
2013–2017 йилларда Ўзбекистон Республикаси атроф муҳитини муҳофаза қилиш бўйича ҳаракат дастуридаги тадбирларни бажариш чоралари кўрилди. Ушбу дастур доирасида Дамхўжа сув ўтказиш иншооти қайта қурилди, бу эса Навоий ва Бухоро вилоятларининг бир қанча туманларида яшовчи 600 мингдан зиёд аҳолининг сув билан таъминланишини яхшилаш имконини берди. Бундан ташқари, Андижон, Қўқон, Термиз, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида узунлиги 211,5 километрлик тозалаш иншоотлари ва канализация тармоқлари қурилиши ҳамда қайта қурилиши ер ва сув ресурслари ифлосланишининг олдини олиш имконини берди.
Оролбўйи минтақасини экологик соғломлаштириш чоралари кўрилди. Орол денгизининг қуриб қолган тубидаги 76,1 минг гектар майдонда янги ҳимоявий дарахтзорлар барпо этилди. “Сайгачий” қўриқхонасида умумий майдони 628,3 минг гектарлик ва 219,8 минг гектарлик республикадаги илк комплекс (ландшафт) қўриқхона қурилди. Бу сайғоқ ва ҳайвонот ҳамда ўсимликларнинг бошқа ноёб йўқолиб бораётган турлари популяциясини кўпайтириш имконини берди.
Балиқчиликни ривожлантириш мақсадида Қорақалпоғистон ҳовузларида умумий майдони 39 280 гектарлик Жалтирбас, Судочье ва Рыбачье табиий кўлларини ўз ичига олган акваторияли “Мўйноқ аква саноат” давлат унитар корхонаси ташкил этилди.
Атроф муҳитни муҳофаза қилиш, биологик ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни тиклаш минтақавий дастурлари доирасида Андижон, Қашқадарё, Жиззах вилоятларида ёввойи ҳайвонлар ва паррандаларни қўпайтирувчи 21 та қўриқхона барпо этилди. Шунингдек 1768 гектарлик майдонда республиканинг фармацевтика тармоғи учун хом ашё сифатида фойдаланиладиган доривор ўсимликларнинг 50 дан ортиқ турини етиштириш бўйича плантациялар яратилди.
2016 йилда донорларнинг техник кўмаклашиш маблағларини жалб қилиш ҳамда хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан бешта халқаро лойиҳани амалга ошириш давом эттирилди, 25 та янги халқаро лойиҳа ишлаб чиқилди ва 2017 йилда 6 та янги лойиҳани рўёбга чиқариш бўйича келишувга эришилди.
Ҳисоботни муҳокама қилиш вақтида сенаторлар экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан ишлаш соҳасидаги бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, биохилмахилликни сақлаш ҳамда кўпайтириш, Орол инқирози оқибатларини юмшатиш, давлат экологик назорати, атроф муҳит мониторинги соҳасида фаолият кўрсатувчи давлат органларининг инфратузилмасини ва моддий-техник базасини ривожлантириш, шунингдек халқаро ҳамкорликни ривожлантириш каби Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2017 йилдаги фаолиятидаги энг муҳим йўналишлар ва устуворликларга эътибор қаратдилар.
Дастлабки тарзда кўриб чиқиш якунларига кўра ушбу масалани кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритиш учун уни Сенат Кенгаши муҳокамасига киритиш тўғрисида Сенат Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati