O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Қонун ижроси устидан мониторинг


27.03.2017

2017 йил 27 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини рўёбга чиқаришга қаратилган қонуности ҳужжатлари қабул қилиниши устидан ўтказилган мониторинг натижалари муҳокама этилди.

Мажлисда сенаторлар, Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раҳбарлари, адлия, маданият, халқ таълими, олий ва ўрта махсус таълим вазиликлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Хотин-қизлар қўмитаси ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Сенаторлар қайд этганларидек, Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонун юзасидан қонуности ҳужжатлари қабул қилиниши устидан ўтказилган мониторинг натижаларини таҳлил қилиш чоғида аниқланганидек, ушбу Қонунда қарийб 20 та ҳаволаки норма мавжуд бўлиб, шундан 10 таси бўйича махсус ваколатли давлат органи томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш назарда тутилган. Қолган ҳаволаки нормалар бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ рўёбга чиқарилмоқда.
Мониторинг якунлари Қонун ижро этилишини таъминлаш мақсадида бир қанча қонуности ҳужжатлари қабул қилинганини ҳамда айрим амалда бўлган қонуности ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганини кўрсатди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 15 июнда қабул қилинган 235-сонли Қарорида бюджет ташкилотларида жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ишловчи мутахассисларнинг касб ва лавозим разряд тарифлари тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазирининг 2016 йил 25 мартдаги 31-сонли буйруғи билан Спорт федерациялари (уюшмалари) реестрини юритиш ва ундан маълумотлар тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом (Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 8 апрелда 2776-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган), 2016 йил сентябрдаги 35-сонли буйруғи билан Спорт турларини ва спорт турининг тармоқларини эътироф этиш, уларни спорт турлари реестрига киритиш ҳамда ушбу реестрни юритиш тартиби тўғрисидаги низом (Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 11 октябрда 2832-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган), 2016 йил 6 январдаги 27-сонли буйруғи билан Спорт ҳакамлари ва спорт ҳакамларининг малака тоифаларини бериш тартиби тўғрисидаги низом (Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 11 5 февралда 2761-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган) тасдиқланди. Шу билан бирга, мониторинг якунлари бугунги кунда Қонуннинг 8 та ҳаволаки нормаси бўйича қонуности ҳужжатлари қабул қилинмаганини кўрсатмоқда.
Мисол учун қуйидаги қонуности ҳужжатлари қабул қилинмаган: Ҳаваскорлик спорти ва профессионал спорт соҳасидаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ташкил этилиши ҳамда фаолият кўрсатиши тартиби (15-модда, иккинчи қисм); Ҳарбий-амалий, Ўзбекистон миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари қоидалари (26-модда, иккинчи қисм); Спорт паспортларини юритиш, бериш ва алмаштириш, уларни ҳисобга олиш ягона тизимининг амал қилиш тартибини белгиловчи Спорт паспорти тўғрисидаги низом (28-модда, тўртинчи қисм); Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоаларига номзодлар рўйхатларини шакллантиришнинг умумий принциплари ва мезонлари тартиби (38-модда, иккинчи қисм); Жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларида фуқароларнинг айрим тоифаларига имтиёзли асосда хизматлар кўрсатиш тартиби (39-модда, бешинчи қисм); Жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларининг намунавий штат бирликларини белгилаш тўғрисидаги низоми ҳамда Жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларининг ижара ҳақини ҳисоблаш услуби ва улардан фойдаланиш тартиби (39-модда, еттинчи қисм); Спорт объектлари бўлмаган айрим ер ва сув ҳудуди участкаларида, шунингдек ҳаво ҳудуди участкаларида спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларини ўтказиш учун мазкур участкаларни вақтинчалик спорт объектлари (трассалари) сифатида расмийлаштириш тартиби (39-модда, саккизинчи қисм).
Ўтказилган мониторинг якунларини сарҳисоб қилишда сенаторлар рўёбга чиқаришнинг ҳуқуқий механизмлари билан таъминланмаган ҳаволаки нормалар ушбу Қонунни талқин қилишда ва қўллашда нохолисликка йўл қўйилишига олиб келиши мумкинлигини таъкидладилар. Шу муносабат билан сенаторлар Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонун рўёбга чиқарилишини таъминлашга қаратилган қонуности ҳужжатларини тайёрлаш бўйича амалий чора-тадбирларни ўз вақтида кўриш муҳимлигини қайд этдилар.
Сенат Қўмитаси мажлиси якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati