O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Қозоғистон Республикаси парламенти делегацияси билан учрашув

26.09.2017

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида 26 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошевнинг Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенатининг Раиси Касим-Жомарт Токаев бошчилигидаги Қозоғистон Республикасининг парламент делегацияси билан учрашуви бўлиб ўтди.

Томонлар ўзаро фикр алмашиш жараёнида икки томонлама парламентлараро алоқаларнинг, шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг ҳолатини ва уни янада чуқурлаштириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Парламент делегациясининг расмий ташрифи жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Республикасига давлат ташрифи доирасида икки мамлакат парламентларининг юқори палаталари раҳбарияти томонидан имзоланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қозоғистон Парламенти Сенати ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни амалда рўёбга чиқариш билан боғлиқ эканлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев бугун Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатлари сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилганлигини таъкидлади.

Қардош Қозоғистоннинг кўп сонли парламент делегациясининг Ўзбекистонга келиши, режалаштирилган музокаралар ва учрашувлар Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини босқичма-босқич ривожлантиришни давом эттиришга, икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга шубҳасиз хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati