O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Қозоғистон делегацияси аъзолари
«Мустақиллик ва эзгулик» монументи пойига гулчамбар қўйишди

26.09.2017

Юртимизда меҳмон бўлиб турган Қозоғистон Парламенти Сенатининг Раиси Касим-Жомарт Токаев раҳбарлигидаги Қозоғистон Республикаси Парламент делегацияси аъзолари 26 сентябрда куннинг иккинчи ярмида Мустақиллик майдонига ташриф буюрди.

Юқори мартабали меҳмон ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу мақсадларимиз рамзи бўлган «Мустақиллик ва эзгулик» монументи пойига гул қўйиб, ҳурмат бажо келтирди.

Қозоғистон Парламенти Сенатининг Раиси Касим-Жомарт Токаев мамлакатимизнинг бош майдонида амалга оширилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига юқори баҳо берди.

Қозоғистон Республикаси Парламенти делегацияси аъзолари шу куни пойтахтимиздаги Шайх Хованди Тоҳур ва Тўлабий (Қалдирғочбий) мақбараларини ҳам зиёрат қилдилар.

Шундан сўнг делегация аъзолари пойтахтимиздаги Ҳазрати Имом мажмуасида ҳам бўлишди. У ерда меҳмонлар мажмуа фаолияти билан яқиндан танишишиб, унинг меъморий ечими, атрофида амалга оширилган ободонлаштириш ишларига катта баҳо беришди. Айниқса, Қуръони каримнинг Усмон нусхаси делегация аъзоларида алоҳида қизиқиш уйғотди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati