O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Самарали ҳамкорлик алоқалари кенгаяди

26.09.2017

Кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатида Корея Республикасининг Миллий Ассамблеяси Спикери Чон Сэ Гюн раҳбарлигидаги делегация аъзолари билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Мулоқотларда мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, жамият ҳамда давлат ҳаётининг барча соҳасини ислоҳ этишнинг ҳозирги ҳолати ҳақида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Парламентлараро алоқалар янада мустаҳкамланиши бу борада алоҳида аҳамиятга эга.

Икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик 1995 йилда Корея Республикаси Миллий Ассамблеясида “Корея — Ўзбекистон” парламент дўстлик ассоциацияси тузилиши билан бошланган эди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида эса 2005 йилдан буён Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ фаолият юритмоқда. Бу, айтиб ўтилганидек, парламентлар ўртасида тажриба алмашиш, турли тадбирларда қатнашиш имконини бермоқда.

Учрашувларда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги парламентлараро муносабатларда катта имкониятлар мавжудлиги ҳамда улардан самарали фойдаланиш лозимлиги хусусида фикр алмашилди.

Ўз навбатида, Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Чон Сэ Гюн самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, серқуёш ўлкага, хусусан, бутун дунёга машҳур Самарқандга ташрифи билан боғлиқ таассуротларини ўртоқлашди, икки мамлакат ўртасидаги парламентлараро алоқалар юзасидан ўз фикрларини билдирди.

— Менга юртингизда, айниқса, Самарқанд каби гўзал ва навқирон шаҳрингизда бўлиш катта мамнуният бағишлади, — деди Миллий Ассамблея Спикери Чон Сэ Гюн. — Ўзбекистонда аҳоли Корея Республикаси ҳақида кўп маълумотни билиши, корейс миллатига мансуб фуқароларга юксак эҳтиром, чуқур ҳурмат билан муносабатда бўлиши, очиғи, мени жуда қувонтирди. Айтиш мумкинки, Жанубий Корея ҳамда Ўзбекистон ишончли ҳамкорлар ҳисобланади. Ўтган 25 йиллик вақт мобайнида мамлакатларимиз ўртасида барча йўналишда самарали ҳамкорлик йўлга қўйилди. Жумладан, парламентлараро алоқаларда ҳам муносабатларимиз барқарор ривожланиб бормоқда. Мисол учун, Жанубий кореялик кўплаб депутатлар Ўзбекистонга бир неча бор ташриф буюришди. Шу билан бирга, юртингиз қуйи ва юқори палатаси вакиллари ҳам Корея Республикасида бўлдилар. Парламент аъзолари билан учрашувлар чоғида ўзаро алоқаларни фаоллаштириш таклифини билдирдим. Албатта, бу икки мамлакат парламентлари ўртасида ишчан алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Шу ўринда айтиш жоизки, бугун Ўзбекистон Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, кенг миқёсли ислоҳотларни амалга оширмоқда. Мамлакатимиздаги сиёсий доиралар мазкур саъй-ҳаракатларни юқори баҳолайди. Корея Республикаси парламенти ҳам бу ишларни қўллаб-қувватлайди.

Мулоқотлар чоғида парламентлараро алоқаларни янада кучайтиришга оид фикр-мулоҳазалар билдирилди. Икки мамлакат парламентлари ўртасида доимий алоқаларни мустаҳкамлашнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.

http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/11236-samarali-amkorlik-alo-alari-kengayadi

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati