O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Янгиланаётган Ўзбекистоннинг эзгу ташаббуслари

26.09.2017

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига ташрифи, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи жамоатчилик, халқаро экспертлар томонидан қизғин кутиб олинди. Жумладан, нутқда замонамизнинг энг долзарб мавзулари, юртимизда кечаётган ислоҳотлар, демократия, инсон ҳуқуқлари, ёшлар масаласи, диний бағрикенглик, халқаро хавфсизлик, минтақавий ҳамкорлик, экология сингари масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида қайд этишича, давлатимиз раҳбарининг нутқи янгиланаётган Ўзбекистоннинг янги қиёфасини жаҳон жамоатчилигига намойиш қилди.

ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикаси Президенти нутқи конструктив ҳамда узоқ келажакни кўзлайди. Мазкур нутқда БМТнинг асосий учта ғояси — тинчлик ва хавфсизлик, тараққиёт ҳамда инсон ҳуқуқлари ҳақида сўз борди. Шавкат Мирзиёев яна бир марта БМТ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг “йўл харитаси” қатъий ижро этилишини билдирди.

Халқаро пресс-клубда айтиб ўтилганидек, Президентимизнинг тарихий чиқиши сессия ишида қатнашган давлат ҳамда ҳукумат раҳбарлари, дипломатлар томонидан жуда юксак баҳоланди. Жумладан, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон ҳали ҳеч бир давлат раҳбари БМТ минбаридан туриб ислом дини қадриятларини бу қадар жасорат билан ҳимоя қилмагани, ҳеч қачон Имом Бухорий номини тилга олмаганини эътироф этди.

С. Сафоевнинг билдиришича, Президентимизнинг фаол минтақавий сиёсати, “тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий топган Марказий Осиё — биз интиладиган энг муҳим мақсад ва асосий вазифадир”, деб таъкидлаши сиёсатчилар диққатини тортди. Очиғи, кўп йиллар давомида Марказий Осиё бизнинг ташқи сиёсатимиз учун устувор аҳамиятга эга, деб айтсак-да, амалда ундай деб бўлмасди. Авваламбор, халқларимиз ришталарига тўсиқлар яратилганди. Чегарадош ҳудудлардаги одамларнинг борди-келдисида ҳам муаммолар тўпланиб қолганди. Қисқа даврда, яъни сўнгги бир йилда Ўзбекистон раҳбари томонидан фаол минтақавий ташқи сиёсат амалга оширилиши натижасида Марказий Осиёда батамом янги сиёсий муҳит вужудга келди. Тўғри, муаммолар ҳали ҳам бор, уларнинг устида кўп ишлашимиз керак. Лекин интенсив, деярли ҳар ой бўлиб ўтаётган учрашувлар янги йўллар очилишига, халқларнинг яқинлашувига олиб келаяпти. Давлатимиз раҳбари нутқида бу борада аниқ таклифлар илгари сурилгани, жумладан, Марказий Осиё давлатлари Президентлари мунтазам учрашувлар ўтказиши таклиф қилингани диққатга сазовор. Яъни саммитларни институционаллаштириш даври келди. Бундай ташаббуслар чет эллик инвесторлар учун ҳам айни муддао. Чунки улар тор миллий чегаралар билан чекланиб қолгиси келмайди. Уларга йирик ва кенг қамровли бозор керак. Шу маънода, Ўзбекистон раҳбари олиб бораётган ташқи сиёсат нафақат Ўзбекистон учун, балки Марказий Осиё ҳамда дунё ҳамжамияти учун аҳамиятлидир.

“Марказий Осиёнинг муаммоларини ҳеч ким четдан келиб ҳал этиб бермайди. Бу ердаги халқларнинг ўзи унинг ечимларини топиши керак. Бунинг учун платформа лозим. Шу йил ноябрь ойида Самарқандда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида ўтказиладиган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги юқори даражадаги халқаро анжуманда минтақадаги фундаментал муаммоларни муҳокама қилиш учун ана шундай муҳим платформа яратилади. Бу ташаббус Марказий Осиё давлатлари, ҳамкор давлатлар томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди”, деди С. Сафоев.

Маълумки, Президентимиз ўз нуқтида Ўзбекистон БМТнинг босқичма-босқич ислоҳ этилиши тарафдори эканлигини, Хавфсизлик Кенгашини бугунги кун талабларига мос равишда кенгайтириш зарурлигини билдирди.

Таъкидланишича, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Иккинчи жаҳон уруши якуни бўйича ўша замоннинг муаммоларини ечиш мақсадида тузилган. XXI асрда, яъни глобаллашув шароитларида дунёдаги сиёсий, иқтисодий, маданий муносабатлар тубдан ўзгарди. Янгича ёндашувлар қарор топган. БМТ эса ҳалигача ўзгаргани йўқ. Шунинг учун Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янги раҳбарияти томонидан ташкилотни бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган тадбирларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Халқаро экспертлар томонидан ижобий кутиб олинган Президентимизнинг яна бир таклифи — глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ҳамда амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат — БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш таклифидир. Чунки давлатимиз раҳбари урғу берганидек, дунёда терроризм таҳдидлари, айниқса, сўнгги йилларда кучайиб бораётгани уларга қарши, асосан, куч ишлатиш йўли билан курашиш усули ўзини оқламаётганидан далолат беради.

Бу борада кўп ҳолларда таҳдидларни келтириб чиқараётган асосий сабаблар билан эмас, балки уларнинг оқибатларига қарши курашиш билангина чекланиб қолинмоқда. Халқаро терроризм ва экстремизмнинг илдизини бошқа омиллар билан бирга, жаҳолат ҳамда муросасизлик ташкил қилади. Шу муносабат билан одамлар, биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифадир. С. Грауман Президентимизнинг мазкур ташаббусини алоҳида қайд этиб, Ўзбекистонда ёшлар сиёсатида катта натижаларга эришилаётганини таъкидлади. “БМТ болалар ҳамда ёшлар учун зарур шарт-шароитлар яратилса, улар бағрикенг ва очиқ жамиятда фаол қатнашади, деб қатъий ишонади”, деди у.

Халқаро пресс-клуб иштирокчиларининг билдиришича, Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига ташрифи, БМТ сессиясидаги нутқи, умуман, юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли янгиланишлар сиёсати халқаро ҳамжамиятда, айниқса, ўарб матбуотидаги Ўзбекистон ҳақидаги стереотип, салбий қарашларни ижобий томонга ўзгартирмоқда. Сўнгги пайтларда дунёнинг “The Wall Street Journal”, “Forbes”, “BBC”, “Bloomberg” сингари нуфузли нашрларида Ўзбекистондаги ислоҳотлар ҳақида таҳлилий материаллар эълон қилингани ҳам бунинг яққол тасдиғидир.

Ўтган даврда, айниқса, инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистонга кўп эътирозлар билдирилар эди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А. Саидовнинг қайд этишича, бугун ушбу йўналишда жуда катта ўзгаришлар юз бераяпти. Дунёдаги биринчи рақамли инсон ҳуқуқи ҳимоячиси — Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн шу йилнинг май ойида юртимизга амалга оширган ташрифидан сўнг ўзаро ҳамкорлик янги босқичга чиқди. Июнь ойида парламент Бошқарма билан ҳамкорлик бўйича 90 дан ортиқ тадбирлардан иборат ҳаракатлар режасини қабул қилди. Бошқарманинг Бишкекдаги минтақавий офиси билан фаол ҳамкорлик ривожланмоқда. Сентябрь ойи бошида ушбу офис раҳбари Ўзбекистонда бўлди. Яқинда БМТнинг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси А. Шаҳиднинг Ўзбекистонга ташриф буюриши режалаштирилган. Буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги мавқеи ошиб, дунё ҳамжамияти учун тобора очиқ бўлиб бораётганини кўрсатади.

http://xs.uz/index.php/homepage/zhamiyat/item/11235-yangilanajotgan-zbekistonning-ezgu-tashabbuslari

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati