O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Электоратга берилган ваъдалар устидан чиқиш пайти келди

26.07.2017

Президентимизнинг “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” деб номланган маърузасида белгилаб берилган вазифалар айни пайтда жойларда ўтказилаётган маҳаллий Кенгашлар сессияларида атрофлича ўрганилмоқда.

Сиёсий партияларнинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларининг ислоҳотлар жараёнидаги иштироки ва таъсирини кучайтириш, иш услубини тубдан ўзгартириш ҳамда жонлантириш, мавжуд муаммоларни узил-кесил бартараф этиш борасида аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинаяпти. Чунончи, халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида ҳокимият вакиллик органлари, сиёсий партиялар ҳудудий кенгашларининг ўтган даврдаги фаолияти танқидий таҳлил қилинди. Айни чоғда ҳар бир сиёсий партия сайловолди дастурида кўзда тутилган устувор йўналишлар ижроси устида жиддий иш олиб бориши, халқ сайлаб қўйган вакиллар сайловчилар олдида ҳисоб бериши, оддий одамлар билан юзма-юз мулоқот қилиш орқали халқнинг дардига малҳам бўлиши зарурлигига эътибор қаратилди.

— Президентимиз маърузасида ижтимоий адолат, илм-фан, таълим-тарбия ва соғлиқни сақлаш соҳасида аҳоли манфаатларини ҳимоя этиш шиори остида иш олиб бораётган партиямиз фаолияти, айни йўналишларда ташаббускорлик ва амалий ҳаракатлар йўқлиги ҳақли равишда танқид қилинди, — дейди “Адолат” социал-демократик партияси вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Исроил Жўраев. — Бу ҳар бир партиядошимизни уйғотди.

Эндиликда аввалгидек ишлаб бўлмайди, сайловчиларимиз, тарафдорларимиз томонидан қўйилаётган саволларга дадил жавоб қайтариш учун ўзимизни амалий ишларда кўрсатишимиз, жамиятнинг ҳар бир жабҳасида адолат қарор топиши, инсон манфаатлари устувор ўрин тутиши, пировардида, одамлар ҳаётдан рози бўлиши йўлида ҳаракат қилишимиз зарур.

Сессияда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи А. Тошпўлатовнинг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи С. Мўминовнинг аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида ҳудудда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақидаги ҳисоботлари тингланди. Ҳар икки соҳада мамлакат раҳбари томонидан қўйилаётган долзарб вазифалар асосида фаолиятда туб ўзгаришлар бўлаётгани ҳолда, айрим раҳбарлар, ходим ва мутахассисларнинг масъулиятсизлиги оқибатида жойларда фуқаролар норозилигини келтириб чиқараётган камчиликлар ҳамон давом этаётгани таъкидланди.

— Кейинги пайтларда тиббиёт соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, унинг моддий-техника базаси тобора мустаҳкамланмоқда, — дейди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Наргиза Муҳаммадиева. — Бунинг самараси кўзга ташланиб қолди. Бироқ соҳадаги баъзи бўғинлар, хусусан, олис қишлоқларда “Тез ёрдам”, тиббий патронаж хизматининг ҳали-ҳамон талаб даражасида ташкил этилмаётгани кишини ташвишга солади. Бунда жамоатчилик назоратини кучайтириш, жумладан, депутатлар аралашуви орқали мавжуд аҳволни тўғрилаш чора-тадбирларини кўриш мақсадга мувофиқдир.

Парламент аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, жамоатчилик вакиллари ҳамда журналистлар иштирокида бўлиб ўтган халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси очиқ мулоқот майдонига айланди.

Айни пайтда вилоятда сиёсий партиялар ва халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти таҳлили улар томонидан ҳудудда мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича қонунчиликда белгиланган ваколат ва имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётганлиги, ҳанузгача вилоят аҳолиси ҳаётида, фуқаролар онгида мустаҳкам ўрин эгаллай олмаганлигини кўрсатмоқда.

— Биз қайси бўғинда бўлмайлик, халқ вакиллари учун шахсий намуна кўрсатишимиз лозим, — дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси Орифжон Қудратов. — Ҳозирги кунда фаолиятимизни қайта кўриб чиққан ҳолда, истиқболдаги вазифаларни белгилаб олаяпмиз. Ўйлайманки, бу депутатлик масъулиятимизни ошириш баробарида, келгусидаги ишларимизни жонлантиришда муҳим омил бўлади. Айниқса, маҳаллий Кенгашлар ва сиёсий партияларнинг ҳудудий ташкилотлари фаолиятидаги сусткашликка барҳам бериш, ташаббускорлик кўрсатиш, халқ билан, сайловчилар билан очиқ мулоқотни мунтазам йўлга қўйишимизга кенг имкон яратади.

Сессияда вилоят ички ишлар, соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари, вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарининг ҳисоботлари эшитилди.

Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи М. Жўраевнинг ҳисоботи муҳокамасида ҳудудда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида бирмунча ижобий ўзгаришларга эришилгани қайд этилди. Маҳаллаларда, ўқув юртларида амалга оширилаётган профилактика тадбирларига кенг жамоатчиликни жалб қилиш, жиноятларга асос яратаётган шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича аниқ манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарурлиги юзасидан фикрлар билдирилди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Х. Тожиевнинг ҳисоботида таъкидланганидек, вилоятда ҳам бу борада катта силжишлар бўлаётгани, айниқса, туман марказларида кўп тармоқли поликлиникалар, қишлоқ оилавий поликлиникалари, янгича асосда қишлоқ врачлик пунктлари тизими шаклланмоқда. Бироқ муҳокама чоғида соғлиқни сақлаш тизимига тегишли муассасалар ҳалигача аҳолига етарли даражада хизмат кўрсатмаётгани, бир қатор поликлиникаларда тор мутахассисликлар бўйича малакали кадрлар етишмаслиги, қолаверса, патронаж тизимида муаммолар сақланиб қолаётгани жиддий танқид қилинди. Бу борадаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалий фикрлар билдирилди.

Ёш авлодни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаётда ўз ўринларини топишларига кўмаклашиш, баркамол инсон бўлиб вояга етишларини таъминлаш масалалари ҳам сессия иштирокчилари диққат-эътиборида бўлди. Янги ташкил этилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш, унинг оёққа туриб олиши учун давлат томонидан зарур кўмак бериш ҳамда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш нафақат ҳокимликлар, балки барча бўғиндаги давлат органлари раҳбарларининг доимий вазифасига айланиши зарурлиги таъкидланди. Уюшмаган, яъни ишламайдиган, ўқимайдиган ёшлар билан ишлашни янада кучайтириш лозимлиги айтиб ўтилди.

Сессиялар якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/10734-elektoratga-berilgan-va-dalar-ustidan-chi-ish-pajti-keldi

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati