O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Банклар халқнинг тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини қўллаб-қувватлайди

26.05.2017

Жорий йилнинг 26 май куни Сенатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банкининг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни молиявий қўллаб-қувватлаш ҳамда шу мақсадда аҳоли билан мулоқотни йўлга қўйиш борасидаги фаолиятини ўрганиш натижаларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда сенаторлар, Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, Ҳисоб палатаси, Савдо-саноат палатаси, Давлат солиқ қўмитаси вакиллари, манфаатдор вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари, Марказий банк ва “Микрокредитбанк” ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Сенаторлар томонидан таъкидланганидек, мустақиллик йилларида мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятига кенг йўл очишга, унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга, ўз интилиши ва салоҳияти билан маҳсулот ишлаб чиқаришни ният қилган шахсларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди. Бу йўналишда, энг аввало, бозор иқтисодиётининг асоси бўлган хусусий мулк устуворлигини мустаҳкамлайдиган барқарор қонунчилик базаси, уни жадал амалга ошириш учун қулай ишбилармонлик муҳити яратилди. Бугун кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ички бозорни рақобатбардош ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, давлат экспорт салоҳиятини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ҳамда турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Мажлис чоғида “Микрокредитбанк” ва унинг филиаллари томонидан барча молиялаш манбаалари ҳисобидан тадбиркорлик субъектларига 2016 йилда жами 1 130 млрд. сўм кредит ажратилгани ва бу 39 955 та янги иш ўрни ташкил этиш учун замин яратгани қайд этилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарининг 2016 йил 14 декабрда ўтказилган қўшма мажлисидаги нутқида банк тизими томонидан ҳар бир оилани тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш, айниқса, тижорат банклари ва уларнинг жойлардаги филиаллари томонидан тадбиркорларга молиявий кўмак ва мадад бериш лозимлиги таъкидлаб ўтилган эди. Бу борада “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банкининг 85 та филиали томонидан 428 та аҳоли пунктида истиқомат қилаётган 23 207 нафар фуқарога жорий йилнинг биринчи чорагида 143,4 млрд. сўм миқдорида кредит ажратилиб, жами 23 207 та янги иш ўрни ташкил этилди. Шунингдек 2 692 та кам таъминланган оилага 7 194 млн. сўм кредит ажратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Таълим муассасалари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонини ижро этиш, ёшларнинг, шу жумладан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес лойиҳаларини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёзли кредитлар бериш орқали уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш мақсадида “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки томонидан 2016 йилда 66,6 млрд. сўм кредит ажратилиб, 5237 та иш ўрни яратилди.

Шунингдек тадбиркорлар ва аҳоли билан мулоқотни таъминлаш мақсадида банк Бошқарувига келиб тушган ёзма ва оғзаки мурожаат тегишли тарзда ўрганиб чиқилиб ижобий ҳал этилди.

Шу билан бирга, “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банкининг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни молиявий қўллаб-қувватлаш ҳамда шу мақсадда аҳоли билан мулоқотни йўлга қўйиш борасидаги фаолиятини таъминлашда айрим хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги ҳам сенаторлар томонидан қайд этилди.

Хусусан, “Микрокредитбанк” ҳудудий бўлимлари томонидан аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш учун ажратилган кредит маблағларини бошқа мақсадларга йўналтириш ҳолатлари аниқланди. Банкнинг аксарият инфратузилма объектлари банкоматлар, инфокиосклар ва бошқа маълум жиҳозлар билан тўлиқ жиҳозланмаган, 3000 нафарга яқин банк мижози ҳисоб-китоб терминаллари билан таъминланмаган. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ва тегишли ҳудудларда банк филиалларининг фаол ҳамкорлиги ўрнатилмаган, тадбиркорлар, шунингдек ўз бизнесини йўлга қўйиш истагида бўлган ёшлар билан доимий, самарали мулоқот етарли даражада ташкил этилмаган.

Шу каби хато ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида соҳага оид қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, Давлат дастурларида банк зиммасига юклатилган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш, кўрсатилаётган хизматларнинг турларини янада кўпайтириш ва сифатини яхшилаш, ёшларнинг, шу жумладан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес лойиҳаларини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, имтиёзли кредитлар бериш орқали уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш ишларини кучайтириш, ҳудудларда йўл қўйилаётган камчилик ва нуқсонларни аниқлаш, уларни бартараф этиш чораларини кўриш каби бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Муҳокама якунларига кўра тегишли қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati