O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Конституциявий суд фаолияти янада такомиллаштирилади

26.05.2017

Шу йилнинг 27 май куни Тошкентда Олий Мажлис Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлайди.

Унда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан -юксалтиришга, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастури ижросига қаратилган бир қатор қонунлар муҳокама қилиниши кутилаяпти.

Сенаторлар, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди -фаолиятининг конституциявий асосларини янада мустаҳкамлашга қаратилган -масалаларни кўриб чиқади. Мухбиримиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси -Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Икром ҚОРАТОЕВ билан шу хусусда суҳбатлашди.

— Суд тизимини изчил демократлаштириш, суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормага сўзсиз риоя этилишини таъминлаш мамлакатимизни янада ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир, — дейди сенатор. — Мустақиллик йилларида юртимизда суднинг давлат ҳокимиятининг мустақил тармоғи сифатида қарор топишига, уни ўтмишдаги қатағон қилувчи органдан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли муҳофаза этиш ва ҳимоя қилишга йўналтирилган чинакам мустақил институтга айлантиришга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилди. Шу билан бирга, республикамизни ривожлантиришнинг кейинги беш йилга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси асосида суд-ҳуқуқ тизими мазмун-моҳияти тубдан ўзгартирилмоқда. Жумладан, Олий хўжалик суди ва Олий суд фуқаролик, жиноий, маъмурий ҳамда иқтисодий суд иши юритуви -соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органига — Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди. Суд-ҳуқуқ тизимида янги конституциявий орган — Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши жорий этилди. Судьялар ҳамжамиятининг органи бўлган ушбу тузилма суд ҳокимияти мустақиллигига доир конституциявий принципга риоя этилишини таъминлашга кўмаклашади. Шу ва бошқа ўзгартишлар, қолаверса, конституциявий судлов ишларини юритиш тизимини бугунги кун талаблари даражасида ривожлантириш зарурати Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштиришни кун тартибига қўйди.

— Асосий Қонунимизга Конституциявий суднинг фаолиятига тааллуқли қандай ўзгартишлар киритилаяпти?

— Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси истиқлол берган буюк неъмат сифатида халқимизнинг қалбидан чуқур жой олди ва у барчамиз учун мўътабар ижтимоий-ҳуқуқий қадриятга айланди. Жамият ҳаётида унга сўзсиз риоя этилишини таъминлаш демократик ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиси ҳисобланади. Бунда, шуб-ҳасиз, Конституциявий суд муҳим ўрин тутади. Конституциявий суд конституциявий қоидалар устуворлигини таъминлаш ва халқаро ҳуқуқий мажбуриятларнинг бажарилишида алоҳида роль ўйнайди. Ушбу институт айни пайтда давлат ҳокимиятининг ижро этувчи тармоғи, қонун чиқарувчи ва мустақил суд ҳокимияти ўртасида тақсимланишини кафолатловчи ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимининг ажралмас қисми ҳам ҳисобланади. Конституциявий судлар конституцияга риоя этилишининг кафили бўлиб, барча давлат органлари ҳужжатларининг Асосий Қонунга мувофиқлиги масаласини ечишда ҳал этувчи ўринга эга бўлади.

Шу маънода айтганда, Конституциямизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уларнинг одил судловга эришиш даражасини оширишда муҳим ўрин тутади. Негаки, унга кўра, Конституциявий судни шакллантиришнинг демократик механизми жорий қилинаяпти. Яъни Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тавсия этган, сиёсат ва ҳуқуқ соҳасидаги мутахассислар орасидан, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилидан иборат таркибда сайланади. Бунда Конституциявий суд раиси ва унинг ўринбосари Конституциявий суд аъзолари томонидан ўз таркибидан сайланиши белгилаб қўйилаётгани диққатга сазовордир. Бу янгиликлар Конституциявий суднинг чинакам мустақиллигини таъминлашга, унинг фаолияти самарадорлиги ва нуфузини оширишга хизмат қилади.

— Шу ўринда ялпи мажлисда кўриб чиқилиши кутилаётган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги конституциявий қонуннинг мазмун-моҳияти ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

— Юқорида қайд этилганидек, қонун устуворлиги принципи амалга оширилишида, қонун ҳужжатлари давлат органлари мансабдор шахслари томонидан ўзбошимчалик билан талқин этилиши ҳамда қўлланилишидан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Конституциявий суд муҳим кафолат бўлиб хизмат қилади. Янги Қонун асосида ҳаётга татбиқ этилаётган нормалар давлатимиз суд-ҳуқуқ тизимида кечаётган ислоҳотлар билан узвий боғлиқдир.

Қонун билан Конституциявий судга қўшимча ваколатлар берилмоқда. Жумладан, Конституциявий суд ваколатли шахсларнинг мурожаатларига асосан, конституциявий қонунларнинг — улар имзолангунига қадар, давлатлараро шартномаларнинг — улар ратификация қилингунига қадар, Конституцияга мослигини текширади. Шу билан бирга, Олий суднинг судларнинг ташаббуси асосида муайян ишда судлар томонидан қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлиги тўғрисидаги мурожаатларини кўриб чиқади. Бундан ташқари, ҳар йили Олий Мажлис палаталарига мамлакатимизда конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этишга оид қоида мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Бу янгиликлар, шубҳасиз, Конституциявий суднинг ваколатларини кенгайтириб, давлат ҳокимияти органлари тизимидаги нуфузини янада оширади.

— Жамият ва давлат ишларини бошқаришда сифат жиҳатидан янги муносабатлар қарор топаяпти. Бу ўзгаришлар Конституциявий суд фаолиятида ҳам акс этаяптими?

— Албатта. Амалдаги тартиб-таомилларга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига содиқлик, мустақиллик, коллегиаллик, ошкоралик ва судьялар ҳуқуқларининг тенглиги Конституциявий суд фаолиятининг асосий принциплари ҳисобланади. Асосий Қонунимиз талаблари, қолаверса, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принципларига мувофиқ Конституциявий суд фаолияти асосий принциплари янада кенгайтирилмоқда. Жумладан, ҳуқуқ устуворлиги принципига биноан, Конституциявий суд ўз фаолиятида ҳуқуқ ва умуминсоний принципларга асосланадиган демократия ғояларига амал қилади, уларга кўра, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланади. Конституциявий суд ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг устуворлигини кафолатлашга, давлатнинг халқ хоҳиш-иродасини ифода этиши ва халқ манфаатларига хизмат қилиши тўғрисидаги, шунингдек, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамият ҳамда фуқаролар олдида масъуллиги тўғрисидаги конституциявий нормалар рўёбга чиқарилишини таъминлашга даъват этилгандир. Бундан ташқари, конституциявий судлов ишларини юритиш тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилаётгани ҳам эътиборга моликдир.

Конституциявий суд кўриб чиқиши учун масалалар киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доираси кенгайтирилаётгани ҳам қонуннинг муҳим янгиликларидан ҳисобланади.

Хулоса ўрнида айтганда, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги конституциявий қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши Конституциявий суднинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, унинг фаолият самарадорлигини оширишда долзарб аҳамиятга эга.

Қобил ХИДИРОВ
суҳбатлашди.

http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/10256-konstitutsiyavij-sud-faoliyati-yanada-takomillashtiriladi

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati