O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Қозоғистон делегацияси аъзолари Бибихоним масжиди ва Сиёб бозорида бўлишди

25.09.2017

Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати раиси Касим-Жомарт Токаев бошчилигидаги Қозоғистон делегацияси аъзолари Самарқанд шаҳридаги Бибихоним масжиди ҳамда дунёга машҳур Сиёб деҳқон бозорига ташриф буюришди.

Меҳмонларга Бибихоним масжидининг тарихи, Мовароуннаҳрда қадимий шаҳарсозлик, илм-фан ва ҳунармандлик ривожи ҳақида маълумот берилди. Ўз навбатида делегация аъзолари бу муҳташам обида ўзбек халқининг бунёдкорлик салоҳияти, илм-фан ва маданият ривожига эътиборининг ёрқин намунаси эканини таъкидлашди.

Дунёда буюк аждодларимиз даҳоларига ҳурмат-эҳтиром, уларнинг бой илмий меросини ўрганишга қизиқиш ҳамиша юқори бўлган. Бунинг тасдиғини турли мамлакатларда уларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида илмий ва бадиий асарлар яратилгани, улуғ аждодларимиз хотирасига ёдгорликлар барпо этилганида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, ушбу қадамжо халқимиз тарихига чуқур ҳурмат ифодасидир.

Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати аъзолари Сиёб деҳқон бозорида ҳам бўлишди. Мамлакатимиз фаровонлиги рамзи бўлган сархил ноз-неъматларни, сотувчи ва харидорлар учун яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди.

Меҳмонлар Шарқ гавҳари - Самарқанд шаҳрини кўриш бахтига муяссар бўлганидан мамнунлигини билдиришди. Самарқанднинг тарихий обидалари ўзбек халқининг бой маданий ўтмиши, мумтоз меъморлик санъатининг юксак намунаси эканини эътироф этиб, истиқлол йилларида шаҳарда амалга оширилган бетимсол бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларидан ҳайратга тушганини таъкидлашди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati