O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Сувдан оқилона ва мақсадли фойдаланиш масалалари сенаторлар эътиборида

25.05.2017

Жорий йилнинг 25 май куни Самарқанд вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Самарқанд вилоятида ижро этилишини ўрганиш натижаларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда Сенат аъзолари, Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутатлари, вилоят ҳокимлиги вакиллари, шунингдек манфаатдор вазирлик, ташкилот, уюшма ва давлат қўмиталари, Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.

Мажлисда сенаторлар томонидан таъкидланганидек, курраи заминимиздаги барча сув захираларининг 97 фоиздан ортиғи истеъмол учун яроқсиз ҳисобланиб, қолган 3 фоизи эса ер юзи ва тоғ ҳудудларини қоплаган чучук сувлар ҳиссасига тўғри келади. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, чучук сувга аҳоли томонидан ҳамда ишлаб чиқариш ва деҳқончилик тизимида нотўғри муносабатда бўлиш туфайли дунёнинг кўп мамлакатларида бу ҳаёт манбаининг етишмаслиги натижасида катта муаммоларга дуч келинмоқда.

Истиқлол йилларида юртимизда атроф-муҳит муҳофазаси, табиий ресурслар, жумладан, сувдан оқилона фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, сув ресурсларидан унумли фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур ҳуқуқий ҳужжат қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, сув ресурсларидан унумли фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишни такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.

Ўрганиш шуни кўрсатдики, бугунги кунда вилоят аҳолисининг марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 64 фоизни ташкил этиб, 2016 йилда умумий қиймати 17,6 млрд. сўмлик 135 километр ичимлик суви тармоқлари қурилган. Натижада вилоятнинг 85,2 мингдан ортиқ аҳолиси ичимлик суви билан таъминланишига эришилган. Мазкур сув тармоқлари жами 117 та объектда қурилган бўлиб, шундан 37 таси турар жой массивлари ва қолган 80 таси қишлоқ жойлар ҳиссасига тўғри келади.

Шунингдек, 2016 йилда вилоятда 44 та ичимлик суви иншооти таъмирланган. Жумладан, Каттақўрғон шаҳар “Сувоқова” корхонасига сувни қайта тозаловчи қурилма ўрнатилиб, 64 мингдан ортиқ аҳолининг тоза ичимлик суви таъминоти яхшиланган.

Вилоятда ер ости сувларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш мақсадида, ер ости чучук сувлари ҳосил бўладиган 47467,2 гектар ер майдонига республика аҳамиятига эга бўлган муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд мақоми берилган. Мазкур ҳудуддаги ер ости чучук сувлари ифлосланиши ва саёзланишининг олдини олиш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида 13 та потенциал экологик ҳавфли объект муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд ва сувнинг муҳофаза доирасидан чиқарилган.

2016 йилда вилоят экин майдонларининг сув таъминотини яхшилаш мақсадида 9 та янги насос агрегатлари ўрнатилган, 242,5 км суғориш тармоғи ва 869 та гидротехник иншоотда таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилган. 2015–2016 йилларда Сувдан фойдаланувчилар уюшмалари негизида 40 та сув истеъмолчилари уюшмаси ташкил этилган.

Вилоятда 2016 йилда 8,2 минг гектардан ортиқ майдонда сувни тежайдиган технологиялар жорий қилинган. Айниқса, бу борада Булунғур, Жомбой, Самарқанд, Нуробод ва Ургут туманларида ишлар яхши ташкил этилиб, 2016 йилда 920 гектардан ортиқ майдонда томчилатиб суғориш тизими жорий қилинган.

Вилоятда тегишли идоралар билан ҳамкорликда экологик жиҳатдан потенциал хавфли объектларни сувни муҳофаза қилиш зонаси ва қирғоқбўйи минтақа майдонларидан чиқариш борасида ҳам зарур чоралар кўрилган. Жумладан, Зарафшон, Қорадарё ва Оқдарёларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари ва қирғоқбўйи минтақаларида жойлашган жами 57 та экологик жиҳатдан потенциал хавфли объектни муҳофаза майдонларидан кўчиришга эришилган.

Шунингдек, амалга оширилган ишлар билан бирга, йўл қўйилган хато ва айрим камчиликлар ҳам мавжудлиги сенаторлар томонидан таъкидланди. Хусусан, 21,4 фоиз ичимлик сув тармоғи таъмирталаб, айрим қишлоқ жойларидаги ичимлик суви тармоқларининг ҳолати, аксарият туманлардаги қишлоқ ичимлик сув тармоқлари сувни зарарсизлантирувчи иншоотлар билан таъминланмаганлиги сабабли, санитария меъёрлари талабларига жавоб бермайди. Вилоятнинг айрим туманларида қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш қоидаларига тўлиқ амал қилинмаган. Айниқса, Булунғур, Пахтачи туманларида экин майдонларини суғориш қоидаларига риоя қилинмаганлиги оқибатида сув сарфи юқори даражада қолган, шунингдек тупроқнинг унумдор қатламлари ювилиб кетиши ҳолатлари вужудга келган.

Бундан ташқари, вилоятдаги сув истеъмолчилари уюшмаларининг иш ҳақи, электр энергияси, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан кредитор қарздорлиги, моддий-техника базаси, техника воситаларининг таъмирталаблиги, айрим туманлардаги сув истеъмолчилари уюшмаларида ирригация ва мелиорация ишларини бажарувчи техника воситалари мавжуд эмаслиги ва сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома беришда қатор камчиликларга йўл қўйилган.

Шу каби мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида, сув ресурсларидан комплекс ва оқилона фойдаланиш, уларни бошқариш ва муҳофаза қилиш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича давлат ва ҳудудий дастурларнинг самарали ижро этилишини таъминлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилашга қаратилган бир қатор тавсиялар билдирилди.

Муҳокама якунларига кўра тегишли қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati