O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Амнистия акти қўлланилиши парламент назорати остида

25.01.2017

2017 йил 25 январь куни Сенатда Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

Унда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги Сенат Қарори ижроси якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосарининг ахбороти эшитилди.

Қўмита мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзолари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Конституциявий суди, Олий суди, Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Вазирлар Маҳкамаси, Ички ишлар, Меҳнат, Соғлиқни сақлаш, Ташқи ишлар, Адлия вазирликлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Нуроний” жамғармаси, Республика Маънавият тарғибот маркази, Миллий ахборот агентлиги ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Барчамизга маълумки, инсонпарварлик, кечиримлилик ота-боболаримиздан асрлар оша ўтиб келаётган миллий қадриятларимиздан бири ҳисобланади. Айни шу нуқтаи назардан, юрбошимиз ташаббуси билан Олий Мажлис Сенатига тақдим қилинган амнистия акти ва унинг асосида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги Сенат Қарори халқимизга хос инсонпарварлик, эзгулик ва раҳмдилликнинг ёрқин ифодаси саналади.

Шу билан бир қаторда, юртимизда узлуксиз амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари моҳиятига кўра, инсонни жазолаш эмас, балки жиноят йўлига кирган шахснинг ҳар қандай қилмиши учун жазонинг муқаррарлигини англаб етишига эришиш зарур, деган ғоя ётганлигини яна бир карра исботлайди.

Таъкидланганидек, Амнистия тўғрисидаги Қарорнинг қўлланилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ҳамда Қарорни қўллаш тартиб-таомилининг очиқ-ошкоралигини таъминлаш мақсадида сенаторлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашларининг депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) минтақавий вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилган.

Ушбу ишчи гуруҳлар томонидан жазони ижро этиш мауассасаларида             185 та учрашув ўтказилиб, 8375 нафар маҳкумлар билан суҳбат қилинган, шунингдек амнистия актига асосан жазодан озод қилинган шахслар билан олиб борилаётган ишлар аҳволи 225 маротаба мониторинг қилинган.

Ахборотда қайд этилганидек, 2017 йилнинг 13 январь ҳолатига Амнистия тўғрисидаги Қарор жами 39748 нафар шахсларга нисбатан татбиқ этилган, шулардан 26265 нафари жиноий жавобгарликдан ҳамда жиноий жазодан озод қилинган.

Жумладан, Амнистия тўғрисидаги Қарор жами 5408 нафар аёлга, 893 нафар вояга емаганларга ҳамда 410 нафар чет давлатлар фуқароларига нисбатан қўлланилган.

Қарорнинг 2-бандига мувофиқ эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган, шунингдек ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятларни қасддан содир этганлиги учун биринчи марта ҳукм қилинган            15678 нафар шахс жазодан озод қилинган.

Шунингдек, 13483 нафар шахсларнинг озодликдан маҳрум қилиш жазоси муддати Амнистия тўғрисидаги Қарорнинг 6-бандига мувофиқ қисқартирилган.

Муҳокама чоғида сўзга чиққан сенаторлар томонидан Амнистия тўғрисидаги Қарор асосида Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жазодан озод қилинган шахсларнинг ижтимоий мослашуви ва ҳимоясига оид чораларни рўёбга чиқариш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, адлия органлари, судлар, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарларидан иборат ҳудудий комиссиялар тузилганлиги алоҳида қайд этилди.

Мазкур комиссиялар томонидан озодликдан маҳрум қилиш жойларидан бўшатилган шахсларнинг мжтимоий мослашуви ва ҳимоясини таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилган.

Жумладан, 2017 йилнинг 13 январь ҳолатига жазони ижро этиш муассасаларининг тақдимномалари асосида жами 2842 нафар маҳкум жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган.

Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ва меҳнатга лаёқатли бўлган 2608 нафар шахснинг 2504 нафари иш билан таъминланган, 56 нафари ўқув муассасаларига жойлаштирилган.

Бундан ташқари, оммавий ахборот воситалари, ташкилотлар, меҳнат жамоалари, жазони ўташ жойлари ҳамда маҳаллаларда Амнистия тўғрисидаги Қарорнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш борасида 3264 та тарғибот тадбирлари ўтказилган.

Муҳокама жараёнида мажлис иштирокчилари ушбу йўналишдаги ишларни келажакда янада такомиллаштириш борасидаги ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар. Муҳокама якунларига кўра Сенат қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati