O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Ўқувчи ёшлар билан мулоқот

25.01.2017

2017 йил 25 январь куни Ўзбекистон миллий университети қошидаги академик С.Сирожиддинов номидаги академик лицейда, лицей маъмурияти ва “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамкорлигида “Парламент ва ёшлар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Мазкур тадбирда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг ўринбосари С.Артикова, лицей ўқувчилари, ўқитувчилари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, ота-оналар жамоатчилиги, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Давра суҳбати давомида, иштирокчиларга мамлакатимизда давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг демократик асослари ҳамда миллий қонунчилигимиз тизимини такомиллаштириш борасидаги Парламент фаолияти тўғрисида батафсил ва тўлиқ маълумотлар тақдим этилди. Тадбирда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш борасидаги ташаббуслари мазмун ва моҳияти иштирокчилар эътиборига етказилди. Шунингдек, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси ривожининг бешта устувор йўналиши Ҳаракатлар стратегияси лойиҳасининг ОАВдаги кенг муҳокамаси ҳақида сўз юритилди.

Юртимизда, юқори интелектуал қобилиятга, илмга эга бўлган, дунёқарашимизга, ёт бўлган ғояларга қарши тура оладиган, эркин шахсларни тарбиялаб вояга етказишга жуда катта эътибор берилаётганлиги таъкидлаб ўтилди. Бинобарин, 2016 йилнинг сентябрь ойида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонунида ҳам, бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қилиб, ёшларнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ҳамда бошқа ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг интеллектуал, жисмоний ва аҳлоқий жиҳатдан камол топишига кўмаклашиш, ёшлар учун очиқ ва сифатли таълимни таъминлаш, уларни ишга жойлаштириш ва уларнинг бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш ҳамда ёшларни қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш масалалари ўз ифодасини топган.

Давра суҳбатида маъруза қилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг ўринбосари С.Артикова ва тадбир иштирокчилари, мамлакатимизда баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўз  натижаларини бераётганлигини, бу борада қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш ишлари давом этаётганлигини қайд этишди.

Шу билан бирга, давра суҳбати иштирокчиларига бугунги кунда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш ва демократлаштиришга қаратилган дастурлар, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва эркинликларини таъминлаш, муҳтож бўлган аҳоли қатламларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда парламент томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш фаолияти ва қабул қилинаётган қонунлар ижроси бўйича парламент назорати ҳақида маъумот берилди.

Учрашувда, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш муҳимлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Давра суҳбати якунида, ўқувчилар орасидан “ҳуқуқ билимдонлари” эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

Ушбу тадбир ёшларнинг сиёсий маданиятини шакллантириш ва ҳуқуқий саводхонлигини оширишга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилди.

 

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati