O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Корея делегацияси аъзолари Улуғбек обсерваторияси ва
«Афросиёб» музейида бўлишди

24.09.2017


Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Чон Сэ Гюн бошчилигидаги Корея делегацияси аъзолари Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек обсерваторияси ва «Афросиёб» музейига ташриф буюришди.

Бу ерда делегация аъзоларига Амир Темур ва темурийлар даврида амалга оширилган улкан қурилиш-бунёдкорлик ишлари, илм-фан, маданият ривожи учун яратилган шароит ва имкониятлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Обсерваториядаги тарихий экспонатлар кореяликларда катта таассурот уйғотди.

Меҳмонлар "Афросиёб" музейига қилган ташрифи давомида 1965 йилда Афросиёб шаҳри қолдиқлари ўрнидан топилган VI-VII асрларга оид "Элчилар хонаси" деворий суратларини алоҳида эътибор билан томоша қилишди. Таъкидлаш лозимки, ушбу деворий суратлар шу кунгача жаҳондаги кўплаб археологлар, бир қатор мамлакатлардаги илмий институтларнинг диққат марказида турибди. Деворий суратлар сифатига йиллар ўз таъсирини кўрсатиши ҳисобга олиниб, 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан АҚШ, Франция, Швейцария, Жанубий Корея давлатлари ҳамда ЮНЕСКОнинг юртимиздаги ваколатхонаси кўмагида уларни реставрация қилишга киришилган эди. Яқинда реставрация ишлари якунланди. Делегация аъзолари ёдгорликнинг асл ва кўчирма нусхалари, реставрация якунлари билан танишдилар. Уларга топилма ва унинг дунё тарихини ўрганишдаги аҳамияти хусусида сўзлаб берилди.

– Улуғбек обсерваториясида ўзим учун астрономия фани тарихида кашфиётга эришдим, - деди Чон Сэ Гюн. - Гап шундаки, аждодларингиз томонидан ўрта асрлардаёқ осмон жисмларига оид чиқарилган хулосалар бугунги фан хулосаси билан айнан бир хил. Мирзо Улуғбек томонидан қурилган обсерватория мўъжизанинг ўзи. «Афросиёб» музейидаги тарихий экспонатлар эса бамисоли шаҳарнинг тадрижий ривожланиш босқичлари ва олис мозий манзараларини кўз олдимизда намоён этди.

Корея делегациясининг Самарқанд шаҳрининг тарихий ва диққатга сазовор жойлари бўйлаб амалга ошираётган саёҳати давом этмоқда.



Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati