O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


ПАРЛАМЕНТ НАЗОРАТИ АМАЛДА

23.11.2017

2017 йил 23 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда давлат мулкини хусусийлаштириш билан боғлиқ дастурлар ижроси бўйича ҳисоботи тингланди.

Мажлисда Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзолари, адлия, молия, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари, Ҳисоб палатаси, Марказий банк, Солиқ қўмитаси ва Давлат статистика қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари раҳбар ва масъул ходимлари, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг мазкур соҳани назорат қилувчи ўринбосарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Ҳисоботда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги Фармони билан Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил этилди ҳамда унинг асосий вазифалари тубдан қайта кўриб чиқилди, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш бўйича янги вазифалар юкланди.

Мазкур қўмитанинг асосий фаолияти юқорида қайд этилган қонун ҳужжатида, Давлатимиз раҳбари фармонлари ва қарорларида ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифаларга мувофиқ амалга оширилади.

Жумладан, Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 23 февралдаги “Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини хатловдан ўтказиш ҳамда аниқлаш бўйича Идоралараро комиссиялар билан ҳамкорликда аввал хусусийлаштирилган корхоналар ва объектлар рўйхатга олинди ва инвентаризация қилинди. Натижада аввал хусусийлаштирилган корхоналар ва объектлар эгалари билан ҳамкорликда 2700 дан ортиқ инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилди ва амалга оширилмоқда. Уларни рўёбга чиқариш учун 2,6 трлн. сўм ва 231 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестициялар жалб қилиш, 2500 дан зиёд иш ўрни ташкил этиш белгилаб олинди, 2017-2018 йилларда 3,6 трлн. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва 125 млн. АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилиш режалаштириб қўйилди.

Бугунги кунда аввал хусусийлаштирилган объектлар ва корхоналарнинг 405 таси ишга туширилди, уларда 3,7 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Мисол учун, Бухоро вилоятида “Мергантекс” МЧЖ тикув цехи ишга туширилиб, 120 дан ортиқ иш ўрни ташкил этилди.

Асосий вазифалардан келиб чиққан ҳолда, қўмита ҳузурида тадбиркорлик фаолияти асосларини ўргатадиган Республика маркази ташкил этилди. Ўтган давр мобайнида ўқув курсларида 5 мингдан зиёд тингловчи-тадбиркор бизнес юритиш асослари бўйича ўқитилди.

2015-2017 йилларда хусусийлаштиришнинг барча дастурларига мувофиқ, жами 1729 та давлат мулки объекти реализация қилинди. Шундан 1056 та объект ноль қўймати бўйича инвестициялар киритиш шарти билан тадбиркорларга берилди. Хусусан, 2017 йилнинг 9 ойи мобайнида тадбиркорларга ўз бизнесини йўлга қўйиш, янги рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ва янги иш ўринлари ташкил этиш учун 288 та объект тақдим этилди. Инвесторлар мазкур объектларга 3,6 трлн. сўмлик инвестициялар киритиш, 21 мингдан ортиқ иш ўрни ташкил этиш мажбуриятини ўз зиммасига олдилар.

Шу билан бирга, жойларда бўш турган объектларни қайд этиш ва инвентаризациялаш ҳамда тадбиркорлик субъектларига тақдим этиш бўйича мунтазам иш олиб борилмоқда.

Ноль қиймати бўйича тадбиркорларга тақдим этилган объектларда тадбиркорлар инвестиция мажбуриятларини қай даражада бажараёгани устидан доимий мониторинг ўтказилмоқда. Зарур бўлганда инвесторлар дуч келаётган муаммолар ўз вақтида ўрганилмоқда, уларга ҳар тарафлама ёрдам берилмоқда, бу эса, мажбуриятларнинг ўз вақтида бажарилишига ва лойиҳаларнинг ишга туширилишига кўмаклашмоқда.

Шундай қилиб, 2017 йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида мажбуриятлар тўлиқ бажарилган шартномалар сони 119 тани ташкил этди, инвесторлар 112,1 млрд. сўм, 2,7 млн. АҚШ доллари миқдоридаги ўз мажбуриятларини бажардилар, 2780 та янги иш ўрни ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 январдаги “Тадбиркорлик мақсадларида фойдаланиш учун давлат мулки объектларини сотишни жадаллаштириш ва унинг тартиб-таомилларини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонини ижро этиш мақсадида рўйхатга олиш натижасида аниқланган 117 та бўш турган давлат объектини хусусийлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм вилоятлари ҳокимлари қарорлари қабул қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 сентябрдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантириш мақсадида давлат активларини сотиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, 48 та самарасиз фаолият кўрсатаётган давлат тиббиёт ташкилотини тадбиркорлик субъектларига сотиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бундан ташқари, Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорини ижро этиш мақсадида давлат-хусусий шерикчилиги механизмлари асосида 241 та бўш турган давлат объектида мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Ҳисоботни муҳокама қилиш давомида мажлис иштирокчилари давлат мулкини хусусийлаштиришга доир юқорида қайд этилган қонун ва дастурларни ижро этиш борасида Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклиф ва тавсияларни билдирдилар. Жумладан, сенаторлар мазкур қўмита раҳбарининг диққат-эътиборини халқ билан учрашувлар вақтида кўтарилган масалаларга, жумладан хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш, шунингдек давлат мулкини хусусийлаштиришда қонун ҳужжатлари талабларини бажариш билан боғлиқ масалаларга қаратдилар.

Муҳокама якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилинди. Қарор ижроси устидан назорат ўрнатилди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati