O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Фуқаролар осойишталиги кафолатларини кучайтириш — замон талаби

23.06.2017

Ҳар қандай иллат оқибатини тузатишдан кўра унинг олдини олган афзал. Айниқса, бугун, таъбир жоиз бўлса, дунё қалқиб турган бир пайтда юртимиздаги тинчлик, ижтимоий барқарорликни кўз қорачиғидек асраш, фуқароларнинг осуда, хавфсиз ва хотиржам яшашдек олий ҳуқуқини ишончли ҳимоя қилиш давлат ҳамда жамият олдига қатор долзарб вазифаларни қўймоқда.

Президентимизнинг “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони доирасида мазкур тизим фаолиятида қонунийликни таъминлаш бўйича жамоатчилик, парламент ва депутатлик назоратининг самарали механизмлари ишлаб чиқилгани бу соҳада муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича комиссияси ишчи гуруҳи Тошкент вилоятининг Зангиота туманида фуқароларнинг осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан қилинаётган қамровли ишларни ўрганди.

Халқ депутатлари Зангиота тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ушбу ўрганиш натижалари кўриб чиқилди.

Маълумотларга кўра, Зангиота туманида жорий йилнинг беш ойи давомида 468 та жиноят содир этилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан таққосланса, туманда жиноятчилик муайян даражада камайганлиги ойдинлашади.

Комиссия ўтказган ўрганишлар асносида жиноятлар келиб чиқиш сабаблари ва уларга имкон берган шарт-шароитлар таҳлил этилди. Аниқланишича, асосан, ишсиз, муқим даромад манбаига эга бўлмаган шахсларнинг қонунга хилоф равишда, ҳаттоки ўзгалар мол-мулкига ва жонига дахл қилиш орқали иқтисодий қийинчиликдан чиқишга урингани, маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш масалаларига етарлича эътибор қаратилмаётгани, спиртли ичимлик ва гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилиш ҳамда улар таъсирида ўз хатти-ҳаракатларини назоратга ола билмаслик, лоқайдлик, бепарволик иллатларининг ҳамон барҳам топмаётгани нохуш оқибатларни юзага келтирган.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси туманда мавжуд 153 та маҳалла кесимида ўрганилганида, Тўқимачи, Кўктерак, Балиқчи, Ҳасанбой гузар, Қуш қўнди, Сағбон, Паст Дарҳон, Далигузар, Аччисой, Нуробод, Маданият, Улуғбек, Тошкент, Намданак, Хонобод, Қумариқ ва Хонободтепа маҳаллаларида энг кўп жиноят содир этилгани аён бўлди.

Сенат комиссиясининг ишчи гуруҳи томонидан тумандаги ҳар бир профилактика инспектори билан суҳбатлар ўтказилиб, уларга хизмат фаолиятини яхшилаш ҳамда қийинчилик туғдираётган масалаларни ечишда зарур тавсия ва амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Ҳудуд аҳолисининг 60 фоизи ёшлардан иборат эканини, турли ҳуқуқбузарликлар ҳам кўпроқ 25 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар ўртасида учраётганини назарда тутган ҳолда, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Зангиота тумани кенгаши ишидаги камчиликларни бартараф қилиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Шунингдек, фуқаролар йиғинлари раислари иш билан банд бўлмаган шахсларнинг рўйхатини тўлиқ шакллантириши ва туман бандликка кўмаклашиш марказига тақдим этиши, оилавий тадбиркорликни, касаначиликни ривожлантириш масалаларига алоҳида диққат қаратиши кераклигига урғу берилди.

Халқ депутатлари Зангиота тумани Кенгаши сессиясида ана шулар хусусида батафсил сўз юритилди. Сенаторлар тарбияси оғир, мунтазам дарсга келмайдиган ўқувчи-ёшлар билан ишлашда маҳалла фуқаролар йиғинларининг, профилактика инспекторларининг, ота-оналарнинг масъулиятини ошириш, ичкиликбозликка, гиёҳвандликка чалинган шахсларни мажбурий даволашга йўналтириш, маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида ҳар бир кўчада тунги навбатчиликни йўлга қўйиш таклифларини билдирдилар.

Айтиб ўтилганидек, туманда ички ишлар, таълим, бандлик, соғлиқни сақлаш муассасалари, маҳалла ва бошқа давлат ҳамда жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш давр талабидир.

Сессия якунида тегишли қарор қабул қилиниб, унинг ижроси устидан парламент назорати ўрнатилди.

Фарида МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

http://xs.uz/index.php/homepage/zhamiyat/item/10479-fu-arolar-osojishtaligi-kafolatlarini-kuchajtirish-zamon-talabi/p>

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati