O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва эзгулик ифодаси

23.03.2017

Юртимизнинг барча гўшасида янгиланиш ва яшариш айёми — Наврўз кўтаринки руҳда, умумхалқ сайиллари тарзида тантана билан кутиб олинди. Халқ ўйинлари, фольклор санъатимизнинг энг яхши намуналари, қадимий урф-одатлар, эзгу туйғулар тараннум этилган куй-қўшиқлар, ўлану лапарлар халқимиз кўнглига самимият, хушнудлик улашди. Бу эса мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, тотувлик, барқарорликнинг амалдаги ифодасидир.
Козим ТОЖИЕВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати:

— Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Наврўз байрами муносабати билан халқимизга йўллаган табригида таъкидланганидек, Наврўз руҳи ҳамда фалсафаси Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг ғоя ҳамда мақсадлари билан уйғун ва ҳамоҳанг равишда намоён бўлмоқда. Элимиз айём билан бир-бирларини қутлаб, далаю қирлар, боғ ҳамда майдонларда Наврўз байрамини шод-хуррамликда нишонламоқда.
Дарҳақиқат, Наврўз кўнгилларга нафосат, яхшилик, шукроналик улашадиган, ижодкорлар қалбига илҳом бағишлайдиган баҳор айёмидир. У деҳқонларга янги мавсум бошланганидан дарак беради. Маҳалла аҳли кексалар, беморлар ва муҳтож оилалар фарзандларини йўқлайди. Уларнинг дуосини олган ёшларнинг қадамлари янада дадиллашади. Айниқса, байрам арафасида юртимиз бўйлаб ўтказиладиган ҳашарларнинг завқи ўзгача! Ҳамжиҳатликда олиб бориладиган бундай тадбирларда тураржойлар, ариқ-зовурлар тозаланиб, янги кўчатлар ўтқазилади, боғу роғлар, кўчаю хиёбонлар ободонлаштирилади. Шарқона янги йил ҳисобланган ушбу айём ўз номи билан қалбларга янгиланиш, яшариш ва гўзаллик нашидаларини бахш этиши баробарида, миллатлараро тотувликни ўзида мужассамлаштирган.
Умуман айтганда, халқимиз миллий урф-одатларининг ҳаётийлигини янада яққол намоён қиладиган Наврўз — эзгу анъаналар, қадриятлар байрами ҳамдир. Бу эса қадимий анъаналаримизни ёш авлодга тўла-тўкис етказиш, шу орқали уларнинг меҳр-оқибатли бўлиб улғайишларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эгадир.

Икром ҚОРАТОЕВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси:
— Наврўз куни биз, халқ вакиллари умумхалқ сайлида қатнашиб, янгиланиш ҳамда яшариш айёми сурурини, қувончини янада чуқур ҳис этдик.
Кўп минг йиллик миллий қадриятларимиз тажассуми бўлган бу қутлуғ кун миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча юртдошимиз орзиқиб кутадиган, том маънодаги эзгулик байрами экани яна бир бор ўз тасдиғини топди. Зеро, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, Наврўзи олам Ватанимизда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари учун, бутун халқимиз учун энг суюкли айёмдир.
Наврўз инсонларни она-табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга, унинг неъматларини асраб-авайлашга, яхши қўшничилик, меҳр-мурувват, ўзгалар дардига малҳам бўлиш каби фазилатларни янада кучайтиришга, бошқача айтганда, жамиятни маънавий-ахлоқий жиҳатдан юксалтиришга хизмат қилиши билан қадрли, албатта. ЮНЕСКО томонидан Наврўз инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилгани, БМТ Бош Ассамблеяси эса “21 март — Халқаро Наврўз куни” деб эълон қилингани ҳам бежиз эмас.
Таъкидлаш жоизки, умумхалқ сайлида одамларимизда ҳар қачонгидан ўзгача шукуҳни, катта кўтаринкиликни кўрдик. Бинобарин, Президентимизнинг жорий йил 28 февралдаги “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, юртимизнинг барча ҳудудида қутлуғ айём юксак савияда, умумхалқ сайли сифатида нишонланди. Шу куни инсон танига қувват бўлгувчи сумалак, ҳалим ҳамда бошқа баҳорий таомлар тортиқ қилинди, бугунги тинч ва осуда ҳаётимизни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга ундайдиган қатор маънавий-маърифий тадбирлар уюштирилди. Табаррук отахону онахонларни йўқлаш, кўмакка муҳтож кишилар ҳолидан хабар олиб, беғараз ёрдам кўрсатиш каби савобли ишлар халқимиз руҳиятини янада кўтариб, фахр-ифтихор туйғуларини мустаҳкамлади.

«Халқ сўзи» мухбири
Фарида МАҲКАМОВА ёзиб олди.

http://xs.uz/index.php/homepage/zhamiyat/item/9727-amzhi-atlik-ba-rikenglik-va-ezgulik-ifodasi

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati