O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Кўп тармоқли фермер хўжаликларини
ривожлантириш – долзарб вазифа

21.11.2017

2017 йил 21 ноябрь куни Тошкент давлат аграр университетида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан “Кўп тармоқли фермер хўжаликлари фаолиятини ривожлантиришнинг долзарб масалалари: амалиёт, муаммо ва унинг ечимлари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда сенаторлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Фермерлар, деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгалари кенгаши, Вазирлар Маҳкамаси, қишлоқ ва сув хўжалиги, адлия вазирликлари, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар, “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси, Фанлар академияси, Марказий банк, Савдо-саноат палатаси, “Ўзагроэкспорт” компанияси, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК, “Ўзагрокимёҳимоя” АК, “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ, Тошкент давлат аграр университети вакиллари, фермер хўжаликлари раҳбарлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Давра суҳбати Тошкент давлат аграр университети қошидаги Қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот ва ўқув-тажриба станцияси фаолияти билан танишишдан бошланди.

Сенаторлар таъкидлаганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда фермерлик ҳаракатини ривожлантириш борасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида мазкур ҳаракат республика ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг муҳим омилига айланди.

Ушбу соҳада бозор муносабатлари тамойилларига жавоб берадиган ҳуқуқий асослар яратилди.

Шунингдек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фермер хўжаликлари, жумладан, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш ва рағбатлантириш масаласи устувор вазифа сифатида белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида ҳамда 10 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида фермер ва деҳқон хўжаликлари манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг фаолиятини янада ривожлантириш бўйича муҳим йўналишлар белгилаб олинди. Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу масала юзасидан Фермерлар, деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгалари вилоят ва туман кенгашлари томонидан Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш дастурига киритилган ҳар бир лойиҳани амалга ошириш бўйича қатор ишлар қилинмоқда, уларнинг ижроси юзасидан мониторинг натижалари халқ депутатлари туман ва вилоят Кенгашларининг сессияларида мунтазам равишда кўриб чиқилмоқда.

Муҳокама чоғида давра суҳбати иштирокчиларининг таъкидлашича, мамлакатда ҳозирги вақтда 160 мингдан ортиқ фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. Етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 35 фоиздан ортиғи мазкур хўжаликлар ҳиссасига тўғри келади. Жумладан, сўнгги йилларда фермер хўжаликлари томонидан ўртача 7 миллион тоннадан зиёд ғалла ҳамда 3 миллион тоннадан ортиқ пахта хом ашёси етиштирилмоқда. Шунингдек, мева-сабзавот, узум, полиз ва чорвачилик маҳсулотлари етиштириш бўйича ҳам қатор ижобий натижаларга эришилмоқда.

Фермер хўжаликлари фаолиятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан бир қаторда, уни қайта ишлаш, тайёрлаш, сақлаш, сотиш, турли хизматлар кўрсатиш каби кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўйиш уларнинг молиявий-иқтисодий барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Мамлакатда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил қилиш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳар йили ҳудудлар кесимида Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш дастурлари қабул қилинмоқда, улар ижросини таъминлаш механизмлари жорий қилинган. Мазкур дастурлар доирасида фақат жорий йилнинг ўзида 23 мингга яқин фермер хўжалигида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи қўшимча тармоқлар яратилди ва сервис хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилди. Хусусан, 4 мингдан ортиқ фермер хўжалиги томонидан 13,5 минг гектарга яқин ер майдонида интенсив боғ ва токзорлар барпо этилди. 8 мингдан ортиқ фермер хўжалигида қорамолчилик, қўйчилик, эчкичилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичилик йўлга қўйилди. Бундан ташқари, 600 дан ортиқ фермер хўжалигида иссиқхона, 570 тасида гўшт, сут ва мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш бўйича лойиҳалар амалга оширилди. Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида 95 мингдан ортиқ иш ўрни яратилди.

Шу билан бирга, давра суҳбати иштирокчилари кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш борасида мавжуд бўлган қатор муаммоларни қайд этдилар. Улар юзасидан тегишли тавсия ва таклифларлар берилди. Жумладан, амалдаги қонун ҳужжатларида ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда кўп тармоқли фермер хўжаликларининг мақоми, ташкил этиш шартлари ва мезонлари, рўйхатга олиш тартиби аниқ белгиланмагани, кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўядиган фермер хўжаликлари учун молиявий-иқтисодий рағбатлантириш механизми жорий қилинмагани қайд этилди. Шу муносабат билан, кўп тармоқли фермер хўжаликлари фаолиятини тартибга соладиган амалдаги қонун ҳужжатлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар тайёрлаш учун тегишли ишчи гуруҳни ташкил этиш лозимлиги таъкидланди.

Муҳокама якунлари бўйича давра суҳбати иштирокчилари томонидан тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati