O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


“ЖИСМОНИЙ ВА ЮРИДИК ШАХСЛАРНИНГ МУРОЖААТЛАРИ ТЎҒРИСИДА”ГИ
ҚОНУН ИЖРОСИ МУҲОКАМА ЭТИЛДИ

21.11.2017

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2017 йил 21 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида бўлиб ўтган мажлисида “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Қорақалпоғистон Республикасида аҳолига коммунал хизматлар кўрсатувчи тузилмалар томонидан ижро этилишини ўрганиш натижалари муҳокама этилди.

Қўмита мажлисида Сенат аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари ва уларнинг бўлинмалари ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ва Адлия вазирлиги ходимлари, коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Сенатор томонидан таъкидланганидек, мамлакатимизда фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида кафолатланган ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида кўплаб қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинган.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ 2017 йил сентябрда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрири қабул қилинди. Қонунда Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан давлат бошқаруви тизимида жорий этилган Халқ қабулхоналари ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси институтининг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамлаб қўйилди. Янги Қонунда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг ҳуқуқий механизмларига аниқлик киритилди, бу мазкур соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини мустаҳкамлашга кўмаклашади.

Бугун мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар ҳам, энг аввало, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган. Ўз навбатида уй-жой коммунал соҳани ривожлантиришга, аҳолининг турмуш даражаси ва жамиятимиздаги ижтимоий муҳитни яхшилашга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мазкур соҳани тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Муҳокама этилаётган масалани ўрганиш натижалари кўрсатишича, Қорақалпоғистон Республикасида аҳолига коммунал хизматлар кўрсатувчи тузилмалар томонидан юқорида қайд этилган Қонунни ижро этиш бўйича муайян ишлар амалга оширилган.

Жумладан, 2017 йилнинг 9 ойи мобайнида Қорақалпоғистон Республикасининг давлат органларига қарийб 4700 та мурожаат келиб тушган, шундан 2852 та мурожаат (60%) Қорақалпоғистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва унинг таркибига кирадиган ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ. Таҳлилнинг кўрсатишича, мурожаатларнинг катта қисми жисмоний шахслардан келиб тушган. Мисол учун 2852 та мурожаатдан 2156 та мурожаат жисмоний шахсларнинг мурожаатларидир, мазкур мурожаатларнинг 1871 таси ариза, 280 таси шикоят ва 5 таси таклифдир. 1254 та мурожаат ёзма шаклда, 1537 та мурожаат электрон шаклда, 61 та мурожаат оғзаки тарзда корхоналар ва ташкилотлар раҳбарларининг шахсий ва жойларга бориб қабул қилиш вақтида келиб тушди.

Ҳудудлар кесимида 2852 та мурожаатдан 1393 таси Нукус шаҳридан, 354 та мурожаат Хўжайли, 224 та мурожаат Тўрткўл, 154 та мурожаат Қўнғирот, 131 та мурожаат Беруний, 32 та мурожаат Қораузоқ, 27 та мурожаат Мўйноқ, 20 та мурожаат Тахтакўпир туманларидан келиб тушди. Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларида асосан табиий газ, электр энергия, ичимлик суви ва суғорма сув, иситиш тизими билан таъминлаш муаммолари, уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятидаги камчиликлар, коммунал хизматларга ўз вақтида ҳақ тўламаслик каби масалалар ёритилган.

Қонун талабларига кўра жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш давомида 1363 та мурожаатда кўтарилган масалалар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва унинг қуйи бўғинлари томонидан ҳал этилди (47,8%), 1451 та мурожаат муаллифларига (50,8%) тегишли тушунтиришлар берилди.

Шу билан бирга, муҳокама давомида мажлис иштирокчилари жисмоний ва юридик шасхларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган уй-жой коммунал соҳадаги муаммоларга ҳам эътибор қаратдилар. Аҳоли сифатли ичимлик суви ва марказий иситиш тизими билан лозим даражада таъминланмаётганлиги қайд этилди. Ушбу соҳадаги бугунги ҳолатни таҳлил қилиш асосида кўп қаватли уй-жой фондини комплекс бошқариш ва эксплуатация қилиш, аҳолига сифатли ва кафолатланган коммунал хизматлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш юзасидан зудлик билан чоралар кўриш зарурлиги таъкидланди.

Аҳолига коммунал хизматлар кўрсатувчи кўпчилик корхоналарда мурожаатларни рўйхатга олиш, уларни тегишли журналларга киритиш, уларнинг ижросини назорат қилиш бўйича ишларга керакли даражада эътибор берилмаяпти.

Айрим мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари қўпол равишда бузилмоқда, хабарлар мурожаат этувчиларга ўз вақтида юборилмаяпти, фуқароларни қабул қилиш учун оддий шарт-шароитлар яратилмаган. Аҳолига коммунал хизматлар кўрсатувчи туман ва шаҳар тузилмалари мурожаатлар билан ишлаш бўйича малакали мутахассислар билан тўлдирилмаган.

Муҳокама якунлари бўйича қарор қабул қилинди, қарор ижроси устидан назорат ўрнатилди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati