O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Кўп томонлама ҳамкорлик истиқболлари

22.06.2017

Шу йилнинг 8-9 июнь кунлари Остона шаҳрида ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг cаммитида Ҳиндистон ва Покистон ташкилот аъзолигига қабул қилиниб, ушбу нуфузли халқаро тузилма фаолиятида янги босқич бошланди. Мазкур давлатларнинг ташкилотга аъзо бўлиши қандай натижаларга олиб келади? Ўзбекистон бундан қандай манфаат кўради? Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан саммитда илгари сурилган ташаббуслар халқаро жамоатчилик томонидан қандай кутиб олинди?

Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги мажлисида айнан мазкур саволларга жавоб изланди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг қайд этишича, бугун ШҲТнинг фаолияти жуда ҳам кенгайди. Ташкилот маконида 3 миллиард нафардан ортиқ кишилар истиқомат қилаётгани ҳам ШҲТнинг нуфузини кўрсатади. Айниқса, Президентимиз томонидан саммитда ҳаётий ва амалий таклифлар илгари сурилгани халқаро ҳамжамият, экспертлик доиралар томонидан ижобий кутиб олинди. Саммит якуни бўйича қабул қилинган 11 ҳужжатда ушбу ташаббуслар ўз ифодасини топгани ҳам Ўзбекистон халқаро масалаларнинг фаол иштирокчиларидан бирига айланиб бораётганидан далолатдир.

Қайд этилганидек, ШҲТнинг янги аъзолари — Покистон ва Ҳиндистон Марказий Осиё минтақаси, айниқса, Ўзбекистон билан тарихий ҳамда маданий жиҳатдан узвий боғланган. Бундан ташқари, минтақадаги хавфсизлик соҳасидаги қатор муаммоларни, масалан, Афғонистон муаммосини ушбу мамлакатлар иштирокисиз ҳал қилиб бўлмайди. Шу сабабли ҳам Ўзбекистон Покистон ва Ҳиндистоннинг ШҲТга аъзо бўлишини тўлиқ қўллаб-қувватлади. Ташкилотнинг бундай юксак салоҳиятга эга давлатлар ҳисобига кенгайиши аъзо-мамлакатлар ўртасидаги муносабатларга ижобий таъсир кўрсатиши таъкидланмоқда. Экспертлар фикрича, ШҲТнинг кенгайиши нафақат имконият, балки янги мураккабликлар ҳам, дегани. Шу маънода, аъзо-мамлакатларнинг икки томонлама муносабатларидаги ўзаро қарама-қаршиликлари умумий кун тартибига олиб чиқилмаслиги жуда муҳимдир.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлилий маркази директори Элдор Ариповнинг билдиришича, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг аъзолари суверен мустақил давлатлар бўлиб, улар тенг ҳуқуқлидир. ШҲТ Хартиясида барча қарор консенсус асосида қабул қилиниши белгилаб қўйилган. Шу билан бирга, мазкур ташкилот аъзоларини “Шанхай руҳи”, яъни ўзаро ишонч, ҳурмат ва тарафларнинг манфаатларини инобатга олиш принциплари бирлаштириб туради. Албатта, аъзо мамлакатлар турлича салоҳиятга эга. Аммо уларнинг барчаси умумий мақсад атрофида бирлашган. Шу маънода айтганда, ШҲТнинг яхлит -тузилма сифатидаги имкониятлари барча аъзо давлатларга, яъни у катта бўладими, кичик бўладими, улкан натижаларни қўлга киритишга асос бўлиб хизмат қилади.

Маълумки, саммитда давлатимиз раҳбари Афғонистондаги вазиятни тезроқ барқарорлаштириш бутун минтақамизда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди. Ўзбекистон Афғонистонда тинч-осойишта ҳаётни тиклаш бўйича афғон халқи ҳамда халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини қатъий қўллаб-қувватлайди.

Халқаро пресс-клубда урғу берилганидек, Афғонистонга таҳдид сифатида эмас, балки стратегик имкониятлар манбаи сифатида қараш лозим. Бу, айниқса, янги муқобил транспорт йўналишларини очишда жуда долзарбдир. “Масалан, биз Афғонистон орқали Покистон портларига чиқишимиз мумкин. Афғон заминида тинчликни қарор топтириш мамлакатда йирик иқтисодий ҳамда транспорт лойиҳаларини амалга ошириш билан узвий боғлиқдир. Бугун Ўзбекистоннинг энг яқин денгиз портларига темир йўл орқали чиқиши учун 20 — 22 кун зарур. Айни пайтда Покистон портларига чиқиш масаласи ҳал этилса, бу муддат сезиларли даражада қисқариши мумкин.

Афғонистон бозорлари Ўзбекистон маҳсулотлари учун истиқболли эканлиги ҳам яна бир муҳим жиҳатдир”, деди С. Сафоев.

Давлатимиз раҳбари Остона саммитида, шунингдек, транспорт соҳасини бошқаришнинг интеграциялашган тизимини яратиш таклифини билдирди. Бу тизим транспорт оқимини тартибга солувчи мавжуд норматив ҳужжатларни бир хиллаштиришни кўзда тутади. Айниқса, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда бошқа чоралар кўрилиши транспорт қатновида ортиқча харажатларни камайтириш имконини беради. Мазкур тизим айни пайтда турли мамлакатларда ҳар хил бўлган техник стандартларга ҳам тааллуқлидир. С. Сафоевнинг қайд этишича, давлатлар ўртасида фарқлар қанча кўп бўлса, чегараларда, божхона назоратидан ўтишда муаммолар кўпаяди. Шунинг учун мавжуд қоидаларни бир хиллаштириш зарур. Мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси ушбу тартиб-таомилларни қисқартиришни, Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиё орқали юк оқимини кўпайтириш учун қулай ҳуқуқий шароит яратишни кўзда тутади. Бу тизим орқали мамлакатимизда ҳам шундай дўстона муҳит шакллантириладики, транспорт компаниялари юртимиз транзит имкониятларидан бемалол фойдаланишлари мумкин бўлади.

Президентимиз саммитда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмасига ахборот хавфсизлиги соҳасида қўшимча ваколатлар бериш ташаббусини илгари сурган эди. Яъни ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмасида глобал ахборот маконида пайдо бўлаётган таҳдидлар мониторинги тизимини ташкил этиш ва уларга қарши курашиш тобора кучайиб бораётган хавф-хатарларга барҳам беришда амалий ечим бўлади. ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Евгений Сисоевнинг сўзларига кўра, Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган таклиф юксак эътирофга лойиқ. Ўзбекистон раҳбари таклифи ахборот маконидаги хавфсизликни таъминлаш борасида муҳим аҳамиятга эга. Чунки бугун кибермакон террористлар, бузғунчи кучлар учун катта имкониятга айланди. Бунга қарши қатъий чора кўрилиши лозим. “ШҲТга аъзо давлатлар томонидан интернет тармоғида ноқонуний хатти-ҳаракатларга қарши фаол иш олиб борилаяпти. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон раҳбари таклифи бўйича бошқа мамлакатлар хулосаларини кутаяпмиз”, деди Е. Сисоев.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган яна бир таклиф — ШҲТ маконида халқ дипломатияси институтидан самарали фойдаланиш ҳам халқаро ҳамжамият томонидан ижобий кутиб олинди. Бунда, айниқса, маданий ҳамкорликни чуқурлаштириш муҳим роль эгаллайди. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессори Алишер Файзуллаевнинг таъкидлашича, Буюк Ипак йўлида жойлашган мамлакатлар азалдан бир-бири билан маданий ҳамкорлик қилган, уни ўзаро бойитган. Бугун, сир эмас, халқаро муносабатларда рақобат муҳити тобора кучайиб бормоқда. Маданиятни бежиз юмшоқ куч, дейишмайди. Чунки давлатлар маданият орқали ўзининг -салоҳиятини намойиш этади, халқаро нуфузини оширади. Ўзбекистон раҳбарининг ШҲТ марказлари — халқ дипломатиясининг доимий фаолият юритувчи институтларини таъсис этиш имкониятларини кўриб чиқиш таклифи шу нуқтаи назардан аҳамиятлидир.

Халқаро пресс-клуб мажлисида, шунингдек, БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг мамлакатимизга ташрифи якунлари ҳақида ҳам сўз борди. ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманнинг қайд этишича, БМТ Бош котибининг мамлакатимизга ташрифи самарали бўлди. Антониу Гутерриш -Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан учрашувда 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратиб, ушбу ҳужжат БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан уйғунлигини алоҳида эътироф этди. “Ҳаракатлар стратегиясининг ҳар бир йўналиши нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун долзарбдир”, деди С. Грауман.

Мажлисда, қолаверса, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг ўзига хос жиҳатлари, қўшни мамлакатлар билан алоқалар истиқболлари, дипломатик кадрлар тайёрлаш масалалари хусусида ҳам сўз юритилди.

Қобил ХИДИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/10469-k-p-tomonlama-amkorlik-isti-bollari

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati