O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Осойишталик ва барқарорликни таъминлашда самарали ёндашув

22.05.2017

Жорий йил май ойининг биринчи ярмида Тошкент вилояти шаҳар ҳамда туманлар ички ишлар бўлимлари томонидан жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар, уларнинг бу борада давлат ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлиги масалалари атрофлича ўрганилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича комиссияси ҳамда ҳудудий комиссия олиб борган мазкур ўрганиш натижалари жамиятда барқарорлик ва осойишталикни таъминлашда наинки ҳуқуқ-тартибот идоралари, балки барча давлат органи ҳамда жамоатчилик бирдек масъулият ҳис этиши ҳаётий зарурат эканини кўрсатди.

Халқ депутатлари Оҳангарон тумани Кенгашининг айни масалага бағишлаб ўтказилган сессиясида тегишли комиссия аъзолари ва халқ вакиллари асосий эътиборни туман ички ишлар бўлими, 19 та ички ишлар органлари таянч пункти фаолиятига, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси юзасидан 49 маҳалла фуқаролар йиғини, таълим муассасалари томонидан кўрилаётган аниқ чора-тадбирларга қаратди.

Сессияда оилаларда ҳамда маҳаллаларда ижтимоий-маънавий соғлом муҳитни қарор топтириш, жамоат тартибини сақлаш, аҳоли, биринчи галда ёшларнинг қонунларга итоаткорлик ҳиссини кучайтириш ва турли ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида қилинаётган амалий ишлар алоҳида эътироф этилди. Шу билан бирга, соҳада кузатилаётган камчилик ҳамда муаммоларга кенг урғу -берилди.

Хусусан, мавжуд таянч пунктларининг аксариятида профилактика инспектори фаолияти учун керакли шароит яратилмаган.

Таҳлиллардан аён бўлдики, ҳудуддаги профилактика инспекторларининг кўпчилиги жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини самарали амалга ошириш учун талаб қилинадиган зарур касбий билим ҳамда тайёргарликка эга эмас. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларида уларнинг уч йилда камида бир маротаба малака ошириши белгиланган бўлса-да, амалда бунга тўлиқ риоя этилмаяпти.

Сессияда таянч пунктлари профилактика инспекторларининг маҳалла фуқаролар -йиғинлари ва улар ҳузуридаги жамоатчилик тузилмалари билан ҳамкорлигидаги камчиликлар рўй-рост айтиб ўтилди.

Профилактика ҳисобида ҳамда маъмурий назоратда турган шахслар билан етарли даражада иш олиб борилмаётир. Маҳалла фуқаролар йиғинлари ўз ҳудудида содир қилинган жиноятлар юзасидан ички ишлар ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи бошқа органлардан келиб тушаётган тақдимномалар бўйича муҳокама тарзидаги йиғилишларни ўтказиш билан чекланмоқда. “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси фаолиятидаги камчиликлар ҳам мисоллар билан кўрсатилди.

Туманда содир қилинган жиноятлар сабаблари ҳамда уларга имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш мақсадида фуқаролар йиғинлари, корхона ва ташкилотларга жами 92 та тақдимнома юборилган. Уларнинг 10 фоиздан ошиғи умуман кўрилмаган ҳамда муносабат билдирилмаган. Мазкур рақамларнинг ўзиёқ ички ишлар органлари ходимларининг давлат органлари ва жамоатчилик вакиллари билан ўзаро алоқаларини янада мустаҳкамлаши кераклигидан далолат беради.

Иштирокчилар жорий йилнинг ўтган даврида юз берган жиноятларнинг ярмидан кўпи фуқароларнинг ҳеч қаерда ишламаслиги ҳамда назоратсизлик, 10 фоизи эҳтиётсизлик, 6,1 фоизи таълим муассасалари ва ота-оналарнинг бефарқлиги, яна шунча қисми профилактика инспекторларининг масъулиятсизлиги оқибати эканини қайд этдилар. Айниқса, вояга етмаганлар ҳамда ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликларнинг сабаблари қизғин муҳокама қилинди. Бунда тумандаги касб-ҳунар коллежлари фаолияти танқид остига олинди. Мисол учун, ўқувчиларнинг давомати Оҳангарон педагогика ва ижтимоий-иқтисодиёт коллежида 67,3 фоизни, агросаноат ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида эса 80,9 фоизни ташкил этмоқда. Коллежларда мунтазам равишда машғулотларга келмайдиган ўқувчилар рўйхати тўлиқ шакллантирилмаган. 2016/2017 ўқув йилида касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари томонидан 7 та жиноят содир этилгани ачинарли, албатта. Касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасидаги тарбиявий, маънавий-маърифий ишларнинг самарадорлиги пастлигича қолмоқда. Жумладан, тумандаги касб-ҳунар коллежларининг ахборот-ресурс марказларида 11 мингдан ортиқ бадиий адабиётлар мавжуд бўлса-да, сўнгги бир ой ичида жами касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг 22 фоизи улардан фойдаланганини қандай изоҳлаш мумкин? Умуман, ўқувчи-ёшларни китобхонликка қизиқтириш ҳамда рағбатлантириш бўйича тадбирлар ташкил қилинмаяпти.

Депутатлар Оҳангарон тумани бандликка кўмаклашиш маркази фаолиятини ҳам тан-қидий баҳоладилар. Марказнинг касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини, ҳарбий хизматни ўтаб келганларни, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган шахсларни иш билан таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини талаб даражасида, деб бўлмайди.

— Комиссия ва ишчи гуруҳи томонидан фаолиятимиз атрофлича ўрганилди ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф қилиш йўл-йўриқлари кўрсатиб берилди, — дейди Оҳангарон тумани ички ишлар бўлими бошлиғи Собир Ибрагимов. — Сессияда -келтирилган ҳар бир далил, рақам, мисол жамоамизда ишлаётган ходимларнинг масъулиятини сезиларли даражада ошириши, шубҳасиз. Давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳам долзарб вазифаларимиздан ҳисобланади.

Сенатор Ренат Носировнинг таъкидлашича, пойтахт вилоятининг барча шаҳар ва туманида бўлиб ўтаётган сессиялар мана шундай холис танқид, чуқур таҳлил ҳамда аниқ таклифлар асосида ташкил этилмоқда. Бинобарин, мазкур тадбирлар жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида парламент ҳамда жамоатчилик назоратининг таъсирчанлигини кучайтиришда ғоят муҳим ўрин тутади.

Сессияда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф қилиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган пухта чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

http://xs.uz/index.php/homepage/zhamiyat/item/10212-osojishtalik-va-bar-arorlikni-ta-minlashda-samarali-jondashuv

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati