O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Қирғизистон Республикаси Жўғорку Кенеши Тўроғаси Д. Жумабеков
бошчилигидаги Қирғизистон Республикаси парламент делегацияси
билан учрашув

21.12.2017

21 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев билан Қирғизистон Республикаси Жўғорку Кенеши Тўроғаси Д.Жумабеков бошчилигидаги Қирғиз Республикаси парламент делегацияси ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида томонлар икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги икки томонлама парламентлараро алоқаларнинг, шунингдек, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини, уларни янада ривожлантириш ҳамда чуқурлаштириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Қирғизистон Республикаси Жўғорку Кенеши Тўроғаси Д. Жумабековнинг Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифи икки мамлакат ўртасидаги парламентлараро мулоқот ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёвнинг Қирғизистон Республикасига ташрифи давомида эришилган келишувларнинг амалий самараси экани таъкидланди.

Ўз навбатида, юксак мартабали меҳмон Қирғизистон Республикаси парламент делегациясининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи юқори даражада ташкил этилгани учун миннатдорлик изҳор этди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошевга Қирғизистон Республикасига расмий ташриф билан боришни таклиф қилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев Қирғизистон Республикаси билан барча соҳаларда ҳамкорликнинг, шу жумладан, парламентлараро муносабатларнинг ривожлантирилиши Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг энг муҳим устуворликларидан бири эканини қайд этди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар Қирғизистон парламент делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи, режалаштирилган музокаралар ва учрашувлар, шубҳасиз, Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга ҳамда мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирдилар.

Қирғизистон делегациясининг ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Қирғизистон Республикаси Жўғорку Кенеши ўртасида икки томонлама парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “Амалий тадбирлар режаси” (“Йўл харитаси”)ни имзолаш режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati