O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Ўзбекистон — дунё нигоҳида

21.09.2017

Бугун оммавий ахборот воситаларида энг кўп тилга олинаётган мавзу Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган тарихий нутқидир. Шижоатли, ташаббускор, буюк ислоҳотчи бўлган давлат раҳбарининг фикрларини бутун дунё сиёсатчилари катта қизиқиш билан эшитди. Кеча ўзимиз ва Россия телеканалларини кузатдим. Жуда кўплаб телеканаллар Юртбошимизнинг нутқини батафсил ёритди.

Президентимиз ўз нутқида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, инсон ҳуқуқлари ҳамда адолат принципларини таъминлаш, иқтисодиётни либераллаштириш, қулай инвестиция муҳитини яратиш, тадбиркорларга кенг имкониятлар бериш, эркин конвертация тизимига тўлиқ ўтиш каби масалаларга -алоҳида эътибор қаратди. Ўзбекистон ташқи сиёсатда ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, экологик муаммоларни биргаликда ҳал этиш, хавфсизлик ҳамда барқарорликни таъминлаш каби муҳим йўналишларда кенг кўламли ишлар олиб бораётгани ва бу соҳада ҳамкорликка ҳамиша тайёр эканига урғу берди.

Давлатимиз раҳбари ён қўшнимиз Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масаласига атрофлича тўхталиб, “Ўзбекистон Афғонистоннинг иқтисодий тикланишига, унинг транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантиришга, миллий кадрларини тайёрлашга катта ҳисса қўшмоқда ва бундан кейин ҳам ҳисса қўшади”, дея таъкидлади.

Юртимизда ёшлар масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратиб келинаяпти. Яқинда ташкил қилинган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фикримиз далилидир. Иттифоқ ўз фаолияти давомида сезиларли ютуқларга эришаяпти. Ёшларни бирлаштирадиган, уларга чин маънода суянч бўладиган, қўллаб-қувватлайдиган ушбу ташкилот ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялашда катта кучга айланиши, шубҳасиз. Президентимиз мамлакатимиз ёшлари ҳаётида жиддий ўзгаришларни бошлаб берган ислоҳотларни жаҳон миқёсида татбиқ этишни — БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Бугун дунёда ёшлар 2 миллиард нафарни ташкил этишини ҳисобга олсак, уларнинг нақадар катта куч эканини яққолроқ англаймиз. Зеро, жаҳоннинг эртанги куни, эртанги ҳаёти айнан ана шу ёшлар билан боғлиқ. Ҳозир сайёрамизда юз бераётган турли кўнгилсизликлар, можароларнинг туб моҳияти ёш авлоднинг билимсизлиги, маърифатсизлигига бориб тақалади.

Ота-боболаримиз, улуғларимиз “Нажот — илмда” деган ҳикматга амал қилиб келган. Бу ҳикматнинг аҳамияти бугун юксалса юксалдики, асло тушгани йўқ. Аждодларимиз дунёвий илмларда ҳам, диний илмларда ҳам етакчи бўлиб келган. Бугун замонавий дунё эришган баланд марраларнинг замирида илм ётади. Маънавий баркамоллик, комил ахлоқ замирида ҳам илм мужассам. Давлатимиз раҳбари муқаддас ислом динимиз эзгулик ҳамда тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этишини таъкидларкан, БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус -резолюциясини қабул қилиш таклифини билдирди. Мазкур ҳужжатнинг бош мақсади барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ҳамда жаҳолатга барҳам -беришга кўмаклашишга қаратилади.

Мен Ўзбекистоннинг оддий бир фуқароси сифатида Юртбошимизнинг чуқур таҳлил, асосли ғоя ва таклифларга бой маърузаси дунё минбаридан янграганидан беҳад ғурурга тўлдим.

Давлатимиз раҳбари Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн, Халқаро валюта жамғармаси фармойиш берувчи директори Кристин Лагард ҳамда АҚШнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашди. Бу учрашувларда ўзаро манфаатли кўплаб -келишувларга эришилди.

Қувонарли воқеалардан яна бири БМТ биносида Регистон майдонининг макети ўрнатилгани бўлди. Бетакрор юртимиз қадимдан илм-фан, маданият, савдо, меъморлик ва ҳунармандлик маркази бўлиб келган. Регистон эса кўҳна ҳамда ҳамиша навқирон Самарқанднинг юраги, маданият ва маърифат рамзидир. Бу майдоннинг гир айланасида жойлашган мадрасаларда ўз замонида энг замонавий илмлар ўргатилган. Марказий Осиё ҳамда Шарқнинг жуда кўп алломалари, адиблари, олиму фозиллари айнан шу ерда таълим олган. БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва Бош Ассамблея заллари ўртасидаги фойега ўрнатилган ушбу макет Ўзбекистон тинчлик-осойишталик, илм-маърифат ҳамда тараққиёт тарғиботчиси эканини таъкидлаб тургандек.

Бугун юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, янгиланишлар — дунё эътиборида. Президентимиз БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида нутқ сўзлаганидан сўнг бу эътибор янада кучайди. Катта минбардан билдирилган салмоқли таклифлар, фикрлар Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқаросига масъулият юклайди.

Иқбол МИРЗААЛИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

http://xs.uz/index.php/homepage/zhamiyat/item/11188-zbekiston-dunjo-nigo-ida

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati