O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Ислоҳотларга дахлдорлик ва масъулият

21.04.2017

Бугун давлат ва жамиятимиз ҳаётида кечаётган ўзгаришларга ҳар бир юртдошимиз дахлдорлик ҳисси билан қараётгани, шубҳасиз. Бинобарин, барча соҳани изчил ривожлантириш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар одамларнинг кайфиятини кўтариб, эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда.

Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятига ташрифини кенг жамоатчилик, ёшу кекса катта ҳаяжон билан кузатгани бежиз эмас. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилиб, ҳудудни ободонлаштириш бўйича, шунингдек, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи қошида ислом маданияти, умумбашарий цивилизация ривожига беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг кўп қиррали бой меросини ўрганишга ихтисослаштирилган халқаро илмий-тадқиқот маркази лойиҳаси юзасидан берган муҳим тавсияларини қизиқиш ҳамда мамнунлик билан тингладик.

Эътиборлиси, мазкур ташриф асносида одамларни ўйлантираётган муаммо ва масалалар ўрганилиб, маҳаллий ҳокимият органлари, ҳудудий идоралар, нодавлат тузилмалар олдида турган энг долзарб вазифалар белгиланди.

Шарқ дурдонаси — Самарқандда 1 минг 630 га яқин маданий мерос объекти мавжуд. Ҳудудга сайёҳлар оқими кўпайиб бораётгани бу борадаги улкан салоҳиятдан оқилона фойдаланишни талаб этади. Айни мақсадда Самарқанд шаҳрида эркин туристик ҳудудни ташкил қилиш кўзда тутилмоқда. Давлатимиз раҳбари мазкур йўналишдаги амалий ишлар билан танишиб, таклиф ва кўрсатмалар берди. Ушбу ислоҳотлар ҳудуд инфратузилмаси замон талаблари асосида яхшиланиб боришига, янги иш ўринлари очилишига, демакки, халқимиз турмуш даражаси янада ошишига замин яратади.

Таъкидлаш жоизки, Президентимиз ташаббуси билан Самарқанд марказида трамвай ҳаракати йўлга қўйилиши шаҳар ҳаётига ўзгача жозиба киритди. Бу муаззам кент наинки мовий гумбазлари салобати, балки бугунги тараққиётга муштарак бўлган, миллий ва замонавий архитектура ечимларига монанд инфратузилмаси билан ҳам мафтункор кўринади. Самарқанд кўчаларида эндиликда экологик тоза транспорт тури ҳисобланган трамвай қатнай бошлагани янада қувонарлидир.

Трамвайларга электр энергияси етказиб бериш учун 4 та махсус электр нимстанцияси қурилди. Ана шундай жадал суръатдаги қурилиш ишлари баробарида, кадрлар маcаласига ҳам аҳамият қаратилгани, Самарқанд трамвай депоси қошида ҳайдовчиларни тайёрлаш маркази ташкил этилгани мақсадга мувофиқ, албатта.

Умуман, вилоятда қурилиш, йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш, янги ишлаб чиқариш объектларини барпо этиш, иш ўринларини очиш, шаҳар ва қишлоқларни янада обод этишга йўналтирилган лойиҳалар пировардида одамларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун хизмат қилади.

Бундай ишларни рўёбга чиқаришда биз, халқ вакиллари зиммасидаги масъулият ҳам ортади. Кенг қамровли ислоҳотларнинг қонунчилик базасини такомиллаштириш билан бирга, парламент назорати институтининг таъсирчан механизмини самарали татбиқ этиш, узоқни кўзлаб қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатлар, ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар ҳаётий тасдиғини топиши учун ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз зарур.

Нигора РАББИМОВА,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

http://xs.uz/index.php/homepage/zhamiyat/item/9963-islo-otlarga-dakhldorlik-va-mas-uliyat

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati