O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Депутатлик назоратини таъминлаш ҳамда халқ билан мулоқот

21.01.2017

Сенатнинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси томонидан 2017 йил 21 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Вилоят, туман, шаҳар ҳокимининг тегишли ҳудудни ривожлантиришнинг энг муҳим ва долзарб масалалари бўйича ҳисоботини кўриб чиқиш ҳамда улар ечими юзасидан халқ билан мулоқотнинг ташкилий-ҳуқуқий жиҳатлари” мавзусида семинар ўтказилди.

Семинар ишида сенаторлар, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, олим ва амалиётчилар, давлат ва нодавлат тузилмаларининг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.

Сенаторлар томонидан таъкидланганидек, бугун халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари олдида турган ғоят муҳим вазифалардан бири – бу қабул қилинган қонунлар ва давлат ҳамда ҳудудий дастурларнинг жойларда қандай бажарилаётгани устидан қатъий назоратни ўрнатишдан иборатдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги, Олий Мажлис палаталарининг жорий йил 14 декабрдаги қўшма мажлисидаги маърузаларида қонунлар ва давлат дастурларининг ижрочи юзасидан, хусусан ҳудудларни иқтисодий, ижтимоий-маданий жиҳатдан ривожлантиришнинг ҳақиқий аҳволи мунтазам ўрганилиши ва натижалари мазкур ҳудуд аҳолиси вакиллари иштирокида маҳаллий Кенгашлар сессияларида муҳокама қилиниши йўлга қўйилганлиги устидан парламент ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини шакллантириш борасида муҳим ғоялар илгари сурилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 103-моддасига ҳамда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ вилоят, туман ва шаҳар ҳокими тегишли халқ депутатлари Кенгашига вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботлар тақдим этади, улар бўйича халқ депутатлари Кенгаши томонидан тегишли қарорлар қабул қилинади.

Мазкур нормаларнинг амалда қўлланилишининг жойларда долзарб масалалар ечими юзасидан таъсирчан ва муҳим қарорлар қабул қилиниши кўп жиҳатдан маҳаллий вакиллик органлари депутатлари ўз ваколатларидан қай даражада фойдаланаётганига боғлиқ бўлади.

Шу боис, семинарда вилоят, туман, шаҳар ҳокимининг тегишли ҳудудни ривожлантиришнинг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботини халқ депутатларининг маҳаллий Кенгашлари сессияларида кўриб чиқишнинг ҳуқуқий асослари ва ташкилий жиҳатлари, доимий комиссиялар ва депутатлик гуруҳларининг мазкур ҳисоботни маҳаллий Кенгаш сессиясида муҳокама қилишга тайёрлашдаги ўрни ва бошқа қатор муҳим масалалар юзасидан қизғин фикр-мулоҳаза юритилди.
Муҳокама давомида семинар иштирокчилар томонидан ҳокимлар ҳисоботини тайёрлаш  ва муҳокама қилиш масалалари, халқ билан мулоқотни йўлга қўйишнинг янгича, самарали усулларини жорий этиш зарурлиги бўйича қатор фикр ва таклифлар билдирилди.

Семинар якунлари юзасидан иштирокчилар томонидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati