O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Сиёсий партиялар: Амалий ишлар билан халқ ишончини қозониш мумкин

20.07.2017

Чинакам баҳс-мунозара, принципиал тортишувлар сиёсий партиялар, парламентдаги ҳар бир партия фракциясининг ҳақиқий қиёфаси ва позициясини аниқ намоён этади. Ўтган ҳафтада Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан парламент фаолиятини такомиллаштириш, сиёсий партиялар ишини жонлантириш борасида белгилаб берилган вазифалар ҳар бир депутат, сенатор, маҳаллий Кенгаш депутатини сергаклантириши баробарида, халқ вакили сифатида шунчаки ишлаш мумкин эмаслигини тасдиқлади.

Айни пайтда мамлакат раҳбари маърузасидан келиб чиқиб, парламент палаталари, сиёсий партиялар, маҳаллий Кенгашлар ўз фаолиятини бугунги кун талаблари асосида бутунлай ўзгартириш устида фаол иш олиб бораяпти.

“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Акмал Бурҳоновнинг Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги мажлисида қайд этишича, шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, сиёсий партиялар раҳбарияти, сенатор ҳамда депутатлардан иборат ишчи гуруҳлар республикамизнинг барча ҳудудида сиёсий партиялар ҳудудий кенгашлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари фаолиятини ўрганишаяпти. “Мен ҳам ушбу жараёнда Тошкент шаҳрида ишчи гуруҳ таркибида қатнашаяпман. Ўрганишларда давлатимиз раҳбари томонидан кўтарилган танқидий масалалар, ҳақиқатан ҳам, ўринли эканлигига гувоҳ бўлдик. Сиёсий партияларда тизимли муаммолар мавжудлиги кўзга ташланди. Хусусан, партиянинг қуйи бўғинлари салоҳияти етарли даражада эмас. Партиялар депутатлик гуруҳларининг аҳоли билан мулоқоти яхши йўлга қўйилмагани натижасида долзарб масалалар маҳаллий Кенгашларга олиб чиқилмаяпти”, деди А. Бурҳонов.

Унинг таъкидлашича, пойтахтимизда 2017 йилнинг биринчи ярим йиллигида 5 та сессия ўтказилган, уларда 54 масала кўриб чиқилган. Шундан 35 таси ташкилий масала. Бевосита депутатлик назорати билан боғлиқ тадбирлар чуқур ўрганилган ҳолда ташкил этилмаган. Бундан ташқари, депутатлар ва сиёсий партиялар ўртасида ҳамкорлик яхши йўлга қўйилмаган. “Умуман, ўрганишлар кейинчалик сарҳисоб қилинади, заруратга қараб, тегишли қарорлар қабул қилинади, керак бўлса, қонунчиликка ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади”, деди у. Президентимиз сиёсий партияларнинг жойларда, туман бўлимларида ишлаётган ходимларининг фаолияти қониқарсиз аҳволда эканлигини алоҳида кўрсатиб ўтган эди. Улар кўп ҳолларда электорат билан тизимли мулоқот ўтказиш у ёқда турсин, ўзининг асосий вазифаси нимадан иборат эканини ҳам билмайди.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Саттор Раҳматов бу танқидлар ниҳоятда ҳаққонийлигини қайд этди. Тўғри, партиянинг сайловолди дастури, ҳаракат дастурларида кўплаб яхши ғоялар кўтарилган. “Лекин “тескари эҳром” шаклида ишлашга ўрганиб қолган эканмиз. Яъни асосий ишлар фақатгина юқори бўғинларимизда бўлаяпти, холос. Лекин биз қуйи даражага тушиб борганда, бир нарсага гувоҳ бўлдикки, маҳаллий даражада, яъни бошланғич партия ташкилотларида ишни ташкил қилиш ҳали тўлиқ шаклланмаган. Бошланғич партия ташкилотларидаги вакилларимизни мажбурий олиб келганимиз ҳам кўриниб қолди. Қуйи бўғин ғояларимиз атрофида бирлашмаган. Натижада улар бизга хайрихоҳ бўлмаётгани кўриниб қолди”, деди депутат ўз сўзида. Партия моҳиятига кўра, ҳокимиятга интилади. Афсуски, сиёсий партиялар барча даражадаги депутатлар корпусини шакллантиришда тизимли ва фаол иштирок этаяпти, деб бўлмайди.

Сиёсий фанлар доктори, профессор Муқимжон Қирғизбоев ушбу фикрни қўллаб-қувватлаган ҳолда сиёсий партияларимиз, гарчи ўзларини турли ғоялар тарафдори, деб эълон қилган бўлса-да, амалий фаолиятда бу нарсалар кўзга яққол ташланмаслигини таъкидлади. Шу маънода айтганда, Президентимиз сиёсий партиялар фаолиятини асосли танқид қилди. Чунки, очиғини айтиш керак, партияларнинг асосий кучи марказда тўпланиб қолган, туманлар даражасида эса 3-4 киши ишлайди. “Партия дегани бу унинг бошқарув органи ёки марказий аппарати эмас. Партияларнинг ҳақиқий кучи бошланғич партия ташкилотларида намоён бўлади. Қачонки, бошланғич партия ташкилотлари уюшиб, дахлдорлик туйғуси билан ишласа, улар юқори партия ташкилотларига таъсир қилади, шундагина партия ишида самарадорлик бўлади”, деди профессор.

Халқаро пресс-клуб мажлисида таъкидланганидек, партиялар жамиятда сиёсий жараёнлар, ишчан парламент, натижадор ҳукумат шаклланишида асосий пойдевор ҳисобланади. ЎзЛиДеПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Расул Кушербаевнинг фикрича, партиянинг обрўси тадбиркор дуч келаётган муаммоларга аниқ ечим топишида, уларнинг дардини эшитишида кўринади. “Хоҳлаймизми, йўқми, жойларда чиройли тадбирлар ўтказганимиз билан тадбиркорларнинг муаммоси ҳал бўлиб қолмайди. Буни очиқ тан олишимиз керак”, деди депутат.

Парламент қуйи палатаси депутати Абдурашид Абдуқодиров эса бугун партия норасмий иқтисодиётда фаолият юритаётган фуқароларнинг қонуний фаолиятини йўлга қўйиш учун муаммони атрофлича ўрганиб, ўз фракцияси орқали тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш имконияти жуда катта эканини қайд этиб ўтди. Зеро, бугун сиёсий партия вакиллари, жумладан, депутатлар ўзларининг ташкилотчилиги ва ташаббускорлиги, масъулияти билангина халқ ишончини қозониши мумкин.

Дарҳақиқат, ҳозирги вақтда сиёсий партиялар ўз электоратига берган ваъдаларини, сайловолди дастурларини тўла ва самарали бажармоқда, деб айтиш анча мушкул. Улар ҳанузгача мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида, фуқаролар онгида ўзининг мустаҳкам ўрнини эгаллай олмади. “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Алишер Қодиров қайд этишича, партиянинг мақсад ва ғоялари халққа яқин бўлса-да, амалда етарли даражада қўллаб-қувватланмаяпти. Мисол учун, партия Давлат тили ҳақидаги Қонуннинг ижросини, айниқса, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари орқали доимий равишда назорат қилиб келади. Аммо бу йўналишда ҳали ҳам ўз ечимини кутаётган муаммолар талайгина. Депутатнинг фикрича, мавжуд муаммоларни ҳал қилишда партия етарли даражада ресурсга эга бўлиши лозим

“Президентимиз “Сизларнинг фаоллигингиз, фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий мaдaнияти дaрaжaсининг ўсиб, юртимиздa кўппaртиявийлик тизимининг тoбoрa мустaҳкaмлaниб бораётганидан келиб чиққан ҳолда, келгусида Ҳукумат таркибини, жумладан, вазирлар, давлат қўмиталари раислари лавозимларини сайлов якунлари бўйича эришилган депутатлик ўринларини инобатга олиб, сиёсий партиялар томонидан таклиф этиш тизимига ўтамиз”, деди. Бу амалиёт келажакда ҳаётга татбиқ этиладиган бўлса, сиёсий партиялар янада кўпроқ имкониятга эга бўлади, масалалар муҳокамасига ёндашув тубдан ўзгаради”, деди депутат.

Сиёсий фанлар номзоди, доцент Нигора Умарованинг айтишича, мамлакатимизда тўртта сиёсий партиянинг мавжудлиги ва улар ўз ғоялари асосида фаолият юритиши юртимизни ривожлантиришнинг тўртта муқобил дастури борлигидан далолат. “Партия ўз дастурини ҳаётга татбиқ этиш учун курашиши лозим. Бугун сиёсий партиялар қонунлар қабул қилишга, ижро ҳокимияти назорати, аҳоли билан учрашиш, мулоқот қилиш бўйича барча қонуний ҳуқуқ ва ваколатларга эга. Сиёсий партиялар оддий одамлар ўз ҳаётида ҳис эта оладиган, “қўл билан ушласа” бўладиган ғояларни жамоатчиликка тақдим қилиши керак”, деди Н. Умарова.

Қолаверса, давлатимиз раҳбари “депутатга беписандлик — халққа беписандлик, деб баҳоланиши шарт”, деганида ҳам шу каби муаммоларни ҳал этиш мақсади мужассамдир. Бинобарин, халқни ҳурмат қилмаган, депутатлик ваколатини амалга оширишга тўсқинлик қилган ҳар қандай мансабдор шахс қонун олдида жавоб беради. Бунинг учун депутат сўровини кўриб чиқмагани ёки унга жавоб бермагани, кўриш муддатини бузгани учун жавобгарликни кучайтириш кўзда тутилаётгани, айниқса, диққатга сазовор.

Одамлар ҳаётидан йироқ бўлган масалаларни эмас, балки партия электоратини ўйлантираётган муҳим муаммоларни кўтариб чиқиш, уни ҳал қилишнинг қонуний ечимларини излаш ўз-ўзидан партиянинг, депутатнинг нуфузини оширади, сайловчи ишончини мустаҳкамлайди. Бу оддий ҳақиқат. “Адолат” СДПнинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси аъзоси Умиджон Сулаймоновнинг қайд этишича, буни депутатлар жойларда 10 — 12 кун давомида аҳоли билан очиқ-ошкора мулоқотлар ўтказиб, уларда кўтарилган муаммоларни атрофлича ўрганиб, қонунчилик йўли билан ечим топаётгани ҳам яққол кўрсатади. Аҳолимизни қийнаётган битта муаммо — паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик, яъни жарима миқдори камайтирилди. Демак, сиёсий партия, депутатлар ўз ишига бўлган муносабатини ўзгартирса, халқ ишончини қозона олади.

Маълумки, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида сифат ҳамда самарадорлик бўлмас экан, парламент, хусусан, Сенат ишида ҳам ижобий натижага эришиб бўлмайди. Бу оддий ҳақиқат. Парламент юқори палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Гавҳар Алимованинг фикрича, бугунги кунда давлатимиз раҳбари маърузасидан келиб чиқиб, ҳудудларда сиёсий партиялар, маҳаллий Кенгашлар фаолияти атрофлича ўрганиб чиқилаяпти. “Самарқанд вилоятида бўлиб, шунга амин бўлдимки, маҳаллий Кенгашлар фаолияти, Президентимиз таъкидлаганидек, тубдан янгиланишга муҳтож. Бинобарин, бугунги кунда 190 та маҳаллий Кенгашда 6 мингдан зиёд депутатлар ва 1 минг 200 дан ортиқ доимий комиссиялар, 750 дан кўп партиялар депутатлик гуруҳлари фаолият юритаяпти. Ушбу бўғиндаги депутатлар одамлар дарди билан яшаб, давлат сиёсатини энг қуйи нуқталарга етказадиган, жойларда муаммоларни яхши биладиган катта сиёсий ва ижтимоий куч. Ўрганишлар шуни кўрсатаяптики, одамлар маҳаллий Кенгашлар депутатларини танимайди. Маҳаллий Кенгашлар депутатлари томонидан юборилаётган сўровлар аксарият ҳолларда мурожаат билан чекланаяпти. Бу ҳудудлардаги депутатларнинг сиёсий савияси, ҳуқуқий маданиятини ошириш зарурлигидан далолат беради. Ҳар бир депутат ҳаёт билан ҳамнафас яшаши, давр шиддатига жавоб бериши лозим”, деди сенатор.

Қизғин мулоқотда жуда кўп маҳаллий Кенгашлар депутатлари бошқа лавозимларда фаолият юритаётгани, ижро ҳокимияти билан вакиллик органи уйғунлашиб кетгани баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Таъкидлаб ўтилганидек, бу маҳаллий Кенгашлар иши самарадорлигига салбий таъсир кўрсатаяпти.

Халқаро пресс-клуб мажлисида, шунингдек, Президентимиз томонидан белгиланган устувор вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаш, оммавий ахборот воситалари имкониятларидан самарали фойдаланиш, уюшмаган ёшлар билан ишлаш, сиёсий партияларнинг кадрлар салоҳиятини ошириш, жумладан, “ижтимоий лифт” вазифасини изчил кенгайтириб бориш зарурлиги қайд этилди.

Қобил ХИДИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/10688-sijosij-partiyalar-amalij-ishlar-bilan-khal-ishonchini-ozonish-mumkin

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati