O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистонда молиялаштириш
учун биринчи лойиҳаларни маъқуллади

19.10.2017

Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Ўзбекистон Республикаси ўртасида аввал эришилган келишувлар доирасида мамлакатимиз иқтисодиётининг турли тармоқларини молиялаштириш учун маблағ жалб этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бунда асосий эътибор хусусий тадбиркорлик билан ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда республикамиз кичик ва ўрта бизнесини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шу жумладан уларни янада ривожлантириш учун кредит маблағларини ажратишга қаратилмоқда.

Жорий йилнинг 18 октябрь куни Лондонда ЕТТБ Директорлар Кенгаши томонидан Ўзбекистонда молиялаштириш учун 2 та лойиҳа маъқулланди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият миллий банки учун 100 млн. АҚШ доллари миқдорида кредит линияси тақдим этилиши тасдиқланди. Бундан 70 млн. АҚШ доллари кичик ва ўрта бизнеснинг якуний қарз олувчиларини молиялаштиришни назарда тутса, 30 млн. АҚШ доллари савдо соҳасини молиялаштиришга йўналтирилади. Ушбу кредитдан мақсад кичик ва ўрта бизнес вакилларининг, шу жумладан мамлакатимиз минтақаларидаги тадбиркорларни ўрта муддали молиялаштириш имкониятини яхшилашдан иборат.

Бундан ташқари, мева шарбати, шарбат концентратлари, сабзавот пасталари ва бошқа шу каби маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Agromir Juice» МЧЖ қўшма корхонасига 10 млн. АҚШ доллари миқдорида кредит линиясини тақдим этиш маъқулланди. Ушбу кредит ЕТТБ томонидан Ўзбекистон компаниясига Самарқанд вилоятида замонавий омбор мажмуасини қуриш учун маблағ ажратилишини назарда тутади ва компанияда ягона бошқарув тизимини жорий этиш ҳамда ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Европа Банки вакилининг сўзларига кўра, Директорлар кенгашининг қарори чиндан ҳам тарихий ва мисли кўрилмаган воқеа ҳисобланади, чунки ЕТТБ аввал аниқ давлат бўйича Мамлакат дастури тасдиқланмагунича лойиҳаларни молиялаштиришни маъқулламас эди. Таъкидланишича, ушбу ҳолат Ўзбекистонда Президент Ш. Мирзиёев раҳбарлиги остида амалга оширилаётган кенг қўламли ва жадал ислоҳотларга юқори баҳо берилаётганидан далолатдир.

ЕТТБ томонидан маъқулланган лойиҳаларни имзолаш жорий йилнинг ноябрь ойи биринчи ўн кунлигида Европа Банкининг биринчи вице-президенти Ф. Беннетнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифи чоғида амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Расисининг биринчи ўринбосари, шунингдек Европа тикланиш ва тараққиёт банкида Миллий бошқарувчи бўлган С. Сафоевнинг сўзларига кўра, эришилган келишувларга мувофиқ, бу ЕТТБ томонидан молиялаштириш очилишининг фақат бошланиши, холос. Таъкидландики, ҳозирги вақтда Банк томонидан Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари билан биргаликда, ЕТТБнинг Ўзбекистон бўйича Мамлакат дастури лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Ушбу Дастур Директорлар Кенгаши томонидан маъқулланганидан сўнг Банкнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлигини янада кенгайтириш имконини беради.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati