O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Ўзбекистон парламент делегацияси Латвияда бўлди

18.05.2017

Шу йилнинг 15–18 май кунлари Олий Мажлис Сенати Раиси Н. Йўлдошев раҳбарлигидаги Ўзбекистон Республикасининг парламент делегацияси Латвия Республикасига ташриф буюрди

Ташриф учрашувларга анча бой бўлди. Биринчи куни Ўзбекистон делегацияси аъзолари Латвия Сейми Спикери И. Мурниеце билан учрашув ўтказди.
Ўзбекистон ва Латвия ўртасида 25 йил давомида тарихан дўстона ва ишончли муносабатлар юзага келганлиги таъкидланди. И. Мурниеце сўзларига кўра икки давлат қонун чиқарувчи органлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларнинг йўл қўйилиши кенг доирадаги масалалар юзасидан Ўзбекистон-Латвия муносабатларини, шу жумладан савдо-иқтисодий, маданий-инсонпарварлик ва бошқа алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Бу борада икки мамлакат парламентлари ҳузуридаги Ўзбекистон-Латвия парламентлараро ҳамкорлик гуруҳининг фаолияти муҳим роль ўйнаши қайд этилди. Хусусан, Латвия Сейми ҳузуридаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билан парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи парламентда ташкил этилган барча гуруҳлар орасида энг кўп сонли гуруҳ ҳисобланади. Сеймнинг 100 нафар депутатидан 55 нафари унинг таркибидан жой олган. Бундай гуруҳнинг ташкил этилиши Латвия томонининг Ўзбекистон парламенти билан муносабатларни мустаҳкамлашга ва янада ривожлантиришга содиқлигини кўрсатади.
Икки парламент раҳбарларининг учрашуви очиқ ва дўстона муҳитда ўтди, шунингдек икки томонлама алоқалар ва халқаро сиёсат масалалари бўйича
нуқтаи-назарлар мос келишини ва яқинлигини кўрсатди. Бу, энг аввало, парламентлараро ҳамкорлик билан боғлиқ Ўзбекистон-Латвия икки томонлама муносабатларига доир бир қатор масалаларни ҳар томонлама таҳлил қилиш имконини берди.
Латвия Сейми Ташқи ишлар комиссияси раиси О. Калниньш билан учрашув давомида қайд этилганидек, Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий соҳаларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги остида амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, энг аввало, халқ фаровонлигини, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган.
О. Калниньшнинг фикрича, Ўзбекистон олиб бораётган ташқи сиёсат, хусусан, қўшни мамлакатлар билан ўзаро ишонч принциплари ва умумий манфаатларни ҳисобга олиш асосида муносабатларнинг фаоллаштирилиши ва икки томонлама ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши юқори баҳоларга лойиқ.
О. Калниньш ўзаро муносабатларнинг янада мустаҳкамланишига ишонч билдирди.
Парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш масалалари Ўзбекистон парламенти билан ҳамкорлик бўйича Латвия Сейми гуруҳи аъзолари билан учрашув чоғида муҳокама этилди.
Унда гуруҳ раҳбарининг ўринбосари А. Краузе, гуруҳ аъзолари А. Буйикис, А. Кирштайнс, Н. Клайнберга, И. Клементьевс, А. Мейя, В. Орловс, А.Платперс, И. Рыбаковс, К. Сержантс, В. Скуйиньш, И. Судраба, З. Третьяка ва Я. Вусанс иштирок этдилар.
Ҳозирги вақтда мустаҳкамланиб бораётган парламентлараро алоқалар икки томонлама сиёсий мулоқотни ривожлантиришнинг муҳим омили эканлиги таъкидланди. Тегишли соҳалардаги муносабатларнинг жорий ҳолатини мунтазам муҳокама қилиш ва уларни янада ривожлантириш йўлларини ишлаб чиқиш, долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш учун платформа яратилди.
Икки мамлакат парламентлари аъзолари парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, парламентлараро алоқаларни янада ривожлантиришга доир тадбирларни ташкил этиш, қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолиятида тажриба алмашиш масалалари муҳокама этилди.
Латвия Конституциявий суди Раиси И. Зиемеле билан Ўзбекистоннинг суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида қизиқарли суҳбат бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Ўзбекистон томони Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг фаолияти ҳақида қисқача ахборот берди.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, одил судловга эршиши даражасини, суд ишини юритишнинг самарадорлиги ва сифатини ошириш, номзодларни саралаш ва судьялар лавозимига тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида мустаҳкамлаб қўйилган.
Ўз навбатида И. Зиемеле Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги остида амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари тарихий ислоҳотлар эканлигини ҳамда одил судлов соҳасидаги ҳозирги замон талабларини ва халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда мамлакат суд тизимини такомиллаштириш ва мақбуллаштириш имконини беришини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек Латвия Сейми Спикери ўринбосари Г. Даудзе билан учрашув ҳам бўлиб ўтди. Икки мамлакат ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди. Г. Даудзе таъкидлаганидек, Ўзбекистон парламенти делегациясининг ташрифи бу йўналишдаги мантиқий қадамдир. Ишончли алоқалар икки томонлама муносабатларда муҳимдир.
Бундан ташқари, қайд этилганидек, бу йил Латвия томони учун муҳим йилдир, чунки жорий йилнинг ноябрь ойида дипломатик муносабатлар ўрнатилган кунга 25 йил тўлади.
Латвия томони турли даражаларда кўмак беришга, икки мамлакат нуқтаи назарларида муштарак бўлган жиҳатларни топишга тайёрлигини билдирди.
Томонлар халқаро ҳуқуқий амалиётни ўрганишда, жумладан қонун ҳужжатларини такомиллаштириш соҳасида тажриба алмашиш механизмларини муҳокама қилдилар. Икки мамлакат парламентларининг ихтисослашган қўмиталари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.
Ўзбекистон Республикасининг парламент делегацияси ташрифи доирасида “Ўзбекистон-Латвия савдо-иқтисодий ва инвестицифвий ҳамкорлиги. Тадбиркорлик фаолияти учун янги имкониятлар” мавзусида Латвия-Ўзбекистон семинари ташкил этилди.
Латвия инвестициялар ва ривожланиш агентлиги ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси тадбир ташкилотчилари бўлди.
Семинарда транспорт ва логистика соҳасида Ўзбекистон-Латвия ҳамкорлигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Латвия Европанинг ва жаҳоннинг муҳим транспорт йўлакларидан бири ҳисобланади. Латвия портлари орқали Ўзбекистоннинг ташқи савдо юклари Европа Иттифоқи мамлакатларига ташилади.
Ўзбекистон парламенти делегацияси Латвия Миллий кутубхонасига ташриф буюрди. Ташриф давомида мутахассислар даражасида А.Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва Латвия Миллий кутубхонаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.
Ўтказилган музокаралар ва учрашувлар доирасида тўртта (ўтказилган бизнес-семинар якунлари бўйича учта) икки томонлама ҳужжат имзоланди. Ушбу тадбирлар иккала мамлакатнинг сиёсий алоқаларни ривожлантиришга, Ўзбекистон ва Латвиянинг Европа Иттифоқидаги ва Марказий Осиёдаги инвестциявий ҳамда транспорт-логистика манфаатларини ҳимоя қилишга, шунингдек латвиялик тадбиркорларни ўзбекистонлик ҳамкорлар билан ҳамкорлик қилишга қизиқишини кучайтиришга шайлигини яна бир бор тасдиқлаш имконини берди.
Жорий йилнинг 17 май куни Олий Мажлиси Сенати Раиси Йўлдошев раҳбарлигидаги Ўзбекистон Республикаси парламенти делегациясининг Латвия Бош вазири М. Кучинскис билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув чоғида Латвия ҳукумати раҳбари Ўзбекистон Латвия учун энг муҳим ҳамкорлардан бири эканлигини қайд этди. Боз устига у ўзаро самарали ҳамкорлик соҳасида икки мамлакат улкан салоҳиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлади.
Суҳбат чоғида Латвия ҳукумати раҳбари Ўзбекистонда ЯИМ барқарор ўсиб бораётганлигига юқори баҳо берди. У Латвия айнан шундай натижаларга эришишга интилаётганлигини хабар қилди. Шу сабабли Ўзбекистоннинг бу соҳадаги тажрибаси жуда муҳимдир.
Сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда Ўзбекистон Республикаси ва Латвия Республикаси ўртасидаги муносабатларга юқори баҳо бериб, Латвия Бош вазири Ўзбекистон Республикасининг янги Президенти сайланганлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг янги раҳбари тасдиқланганлиги билан табриклади.
Латвия ҳукумати раҳбари шу йилнинг 16 май куни ўтказилган бизнес-семинар доирасида “Ўзагроэкспорт” АЖ ва Латвиянинг SIA “A Fruits” компанияси ўртасида Ўзбекистондан Латвияга янги узилган ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш бўйича Рига шаҳрида янги савдо уйини ташкил этиш юзасидан бир-бирини тушуниш тўғрисидаги меморандум имзоланганлигини мамнуният билан қайд этди.
Латвия Бош вазири Латвия олий ўқув юртларида Ўзбекистон Республикасининг 1000 дан ортиқ талабаси таълим олаётганлигини хабар қилди. Бу ўзбекистонлик ёшларнинг Латвияда олий маълумот олишга жуда қизиқишини кўрсатади. Шу муносабат билан у бу соҳада ҳамкорликни янада ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Бунда у Латвия томони олий таълимни, айниқса техника соҳасидаги олий таълимни ривожлантиришни мақсад қилганини билдирди. Бунинг учун Латвиянинг техника олий ўқув юртлари улкан салоҳиятга ва замонавий лабораторияларга эга.
Шунингдек Латвия томони тоза технологиялар соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш зарурлигини ҳам таъкидлади. Шу нуқтаи назардан Латвия Бош вазири Ўзбекистонда “Cleantech Latvia” экологик тоза технологиялар кластерининг расмий ваколатхонаси аккредитациядан ўтказилганлиги учун Ўзбекистон томонига миннатдорчилик билдирди.
Латвия Бош вазири икки мамлакат иқтисодиётининг турли соҳаларида Ўзбекистон билан ўзаро самарали қўшма лойиҳаларни рўёбга чиқаришда фаол ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
Шу куннинг ўзида Латвиянинг “BIOR” озиқ-овқат хавфсизлиги, ҳайвонлар ва атроф муҳит саломатлиги илмий институтида Олий Мажлис Сенати Раиси Н. Йўлдошев раҳбарлигидаги Ўзбекистон Республикаси парламенти делегациясининг Латвия Республикаси Деҳқончилик вазири Я. Дуклавс билан учрашуви бўлиб ўтди.
Суҳбат чоғида вазир шу йилнинг 27–30 март кунлари Латвиянинг расмий ва ишбилармон доиралари вакилларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга самарали ташрифи ташкил этилганлиги учун Латвия Республикаси ҳукумати ва Деҳқончилик вазирлиги номидан миннатдорчилик билдирди. Латвия томони сафар натижаларидан жуда мамнун бўлди ва ушбу ташриф доирасида эришилган келишувларнинг рўёбга чиқарилишига умид қилмоқда.
Шунингдек сафар чоғида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.А.Каримов хотирасига эҳтиром билдириш учун Самарқанд шаҳрига ташриф буюриш имконияти берилганлиги учун Латвия ҳукумати ва Латвия Давлат раҳбари номидан ҳам миннатдорчилик билдирилди.
“Ўзбекистон катта иқтисодий салоҳиятга, улкан ресурсларга ва ривожланган аграсаноат комплексига эга эканлигини қайд этмоқчиман”, – дейди вазир.
Я. Дуклавснинг фикрича, Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги ҳамкорлик самарали ва дўстона руҳда ривожланиб бормоқда. Иккала томон савдо-иқтисодий муносабатларни янада ривожлантиришдан ва ўзаро айирбошланадиган товарлар ҳажмини оширишдан манфаатдордир, кўплаб йўналишларда, шу жумладан аграр секторда ҳам алоқалар мустаҳкамланиб бормоқда.
Вазирнинг фикрича, Ўзбекистон катта имкониятларга эга бўлган истиқболли бозордир, шунингдек Латвия ва Европа Иттифоқи мамлакатлари бозорида катта талабга эга биологик тоза мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқаруви мамлакатдир. “Шуниси диққатга сазоварки, агар бир неча йил аввал республика қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хориждан харид қилган бўлса, бугун республика бундай маҳсулотларни ўзи ишлаб чиқармоқда ва экспорт қилмоқда. Ўзбекистон Республикасида фермерлик ва тадбиркорликни ривожлантиришга, ушбу соҳага замонавий технологияларни татбиқ этишга алоҳида эътибор берилаётганлиги бунга кўмаклашмоқда”, – деб таъкидлади Я. Дуклавс.
“BIOR” институти директори А. Берзиньш билан учрашув доирасида ушбу ташкилотнинг фаолияти тўғрисида тақдимот ўтказилди. Тадбир якунлари бўйича қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспертизадан ўтказиш ва сертификатлаш соҳасида ҳамкорлик қилишда ўзаро бир-бирини тушунтиш тўғрисида “O’zbekoziqovqatzaxira” ассоциацияси ва “BIOR” институти  ўртасида меморандум имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Шунингдек учрашувда озиқ-овқат саноати соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари тўғрисида фикр алмашилди.
Жорий йилнинг 17 май куни Олий Мажлис Сенати Раиси Н. Йўлдошев раҳбарлигидаги Ўзбекистон Республикаси парламенти делегацияси Рига портининг транспорт-транзит имкониятлари билан танишиш учун мазкур портга ташриф буюрди.
“Ўзбекистон товарларининг Европа бозорига чиқиши учун Рига портининг транспорт-транзит имкониятлари” мавзусидаги тақдимот вақтида Рига думаси раисининг ўринбосари, порт раҳбари А. Америкс Ўзбекистоннинг улкан экспорт салоҳиятини қайд этиб, Ўзбекистон юқори сифатли экологик тоза маҳсулотларни экспорт қилувчи Марказий Осиё минтақасидаги ягона мамлакат бўлиб қолаётганлигини таъкидлади.
А. Америкснинг ахборот беришича, латвиялик тадбиркорлар транспорт ва логистика соҳасида Ўзбекистон билан муносабатларни кенгайтиришга муҳим аҳамият бермоқда. У таъкидлаганидек, Латвия Европанинг ва жаҳоннинг муҳим транспорт йўлакларидан бири ҳисобланади (энг аввало Рига шаҳри). Латвия портлари орқали Ўзбекистоннинг ташқи савдо юклари Европа Иттифоқи мамлакатларига ташилади.
Маълумот учун: Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги халқаро темирйўл ташувлари ҳажми 2015 йилда 101,7 минг тоннани ташкил этди, шу жумладан транзит орқали 17,9 минг тонна маҳсулот ташилди. 2016 йилнинг биринчи ярим йиллигидаташувлар ҳажми 39,1 минг тоннани ташкил этди.
Шунингдек тақдимотда қайд этилганидек, Ўзбекистон товарларининг Латвия орқали ўтказилишини ташкил этиш учун барча зарур шарт-шароитлар мавжуд, шу жумладан бу соҳада ҳамкорлик қилиш учун шартномавий-ҳуқуқий пойдевор қўйилган. 1998 йилги Ўзбекистон Республикаси юкларини қайта ишлаш ва ташиш учун Латвия портларидан фойдаланиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим ва 2013 йилги Юкларни ташиш ва ўтказиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум шулар жумласидандир.
Учрашувда экспорт маҳсулотларини, шу жумладан янги узилган ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини Европа бозорларига ташишда Рига порти имкониятларидан кўпроқ фойдаланиш юзасидан ўзбекистонлик ҳамкорларнинг исталган таклифларини тезкорлик билан кўриб чиқишга тайёрлиги билдирилди.
Жорий йилнинг 17 май куни Олий Мажлис Сенати Раиси Н. Йўлдошев раҳбарлигидаги Ўзбекистон Республикаси парламенти делегацияси ва Латвия Сейми котиби А. Клементьев ўртасида уюштирилган кечки овқат вақтида дўстона суҳбат бўлиб ўтди. Суҳбат чоғида А. Клементьев деярли 25 йиллик дипломатик муносабатлар мобайнида Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ўзаро ишончли мулоқотга, барқарор парламентлараро алоқаларга, энг аввало, савдо, инвестициявий ва транспорт-коммуникация соҳаларида ўзаро самарали ҳамкорликка асосланганлигини маълум қилди.
У шунингдек Сейм Спикери И. Мурниеце ва Бош вазир М. Кучинскис Ўзбекистон делегацияси билан ўтказилган учрашувлардан анча мамнун бўлганлигини қайд этди. Айниқса уларда Ўзбекистон Республикасининг охирги йилларда эришган ижобий ютуқлари катта таассурот қолдирди. Шу нуқтаи назардан депутат ушбу ташрифни уюштиришнинг ташкилий масалаларини ҳал қилишда кўрсатилган ёрдам учун Ўзбекистон Республикасининг Ригадаги элчихонасига миннатдорчилик билдирди.
Унинг сўзларига кўра у Ўзбекистон Республикаси томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни катта қизиқиш билан шахсан ўзи кузатаётганини ва кўрилаётган чора-тадбирларга юқори баҳо беришини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикасининг катта экспорт ва транзит салоҳиятини инобатга олиб, у Латвия портлари ва транзит йўлаклари орқали Ўзбекистон товарларини ўтказишдан Латвия Республикасининг манфаатдорлигини яна бир бор таъкидлаб ўтди. А. Клементьевнинг фикрича, бу икки мамлакатнинг иқтисодий манфаатларига мос келади.
Депутат ўзбекистонлик ёшларнинг Латвияда олий маълумот олишга жуда қизиқиш билдиришига ва уларнинг ақлий қобилиятига юксак юаҳо берди. Боз устига у ушбу соҳадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий  ва  ўрта  махсус таълим вазирининг Латвияга ташрифини ёки аксинча Латвия таълим вазирининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш зарурлигини қайд этди.
Бундан ташқари, А. Клементьевнинг сўзларига кўра жорий йилнинг 17 май куни Рига шаҳрида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспертизадан ўтказиш ва сертификатлаш соҳасида ҳамкорлик қилишда ўзаро бир-бирини тушунтиш тўғрисида “O’zbekoziqovqatzaxira” ассоциацияси ва “BIOR” институти  ўртасида меморандумнинг имзоланиши Ўзбекистон парламенти аъзолари делегациясининг Латвияга ташрифи доирасида юз берган муҳим воқеалардан бири бўлди. Ўзбекистон Республикасида латвиялик ҳамкорларнинг амалий кўмагида ушбу лабораториянинг ташкил этилиши икки мамлакат манфаатларига жавоб беради.
Депутатнинг фикрича, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган вино-ароқ маҳсулотларининг сифати ҳатто Европанинг етакчи бренд маҳсулотлари сифатидан қолишмайди.
Балиқчилик соҳасида Латвия томони балиқларга зарар етказмай балиқ икрасини олиш бўйича замонавий экологик тоза маҳсулотларни жорий этишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

 

 

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati