O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


КОНСТИТУЦИЯНИНГ 25 ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНГАН КЎРГАЗМА

16.11.2017

2017 йил 16 ноябрь куни Ўзбекистон тарихи давлат музейида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яратилиши тарихига бағишланган архив ҳужжатлари кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, Ўзбекистон тарихи давлат музейи билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Кўргазма очилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьялари ва ходимлари, Конституция лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича комиссия аъзолари, давлат, нодавлат ва идоравий архивлар вакиллари, олий ўқув юртлари ўқитувчилари ва талабалари, Тошкент шаҳрининг кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Кўргазма ташкилотчилари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллиги муносабати билан кенг жамоатчилик вакилларини мамлакатимизнинг Бош Қомуси тарихига оид ҳужжатларнинг асл нусхалари билан таништиришга қарор қилдилар. Кўргазма Конституциянинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб қилишга, юртдошларимиз, айниқса ёшларимиз қалбида қонунга ҳурмат, Ватанга меҳр ва садоқат туйғуларини кучайтиришга, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга қаратилган.

Тадбирнинг очилиш маросимида иштирок этган парламент аъзолари ва Конституциявий суд вакиллари ўз чиқишларида мамлакатимиз демократик тараққиётининг пойдевори бўлган Конституциянинг аҳамияти, унга шиддат билан ривожланиб бораётган ҳаётимизга ҳамоҳанг тарзда киритилаётган ўзгартишларнинг моҳияти ҳақида сўз юритдилар. Конституциямизнинг қабул қилиниши тарихига бағишланган ҳужжатли фильм намойиши эса йиғилганлар томонидан илиқ кутиб олинди.

Музей залларидан ўрин олган экспозициялар воситасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси лойиҳасини тайёрлаш жараёнига оид тарихий ҳужжатлар, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Конституция лойиҳаси матнларига қўлёзма тарзида киритган тузатишлари, вазирликлар, давлат қўмиталари, суд ва прокуратура органлари, ёзувчилар, олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, имом-хатиблар томонидан Асосий Қонун лойиҳаси юзасидан йўллаган таклиф ва мулоҳазалари ҳамда халқимизнинг Конституция лойиҳаси муҳокама жараёнидаги иштирокига оид материалар билан танишиш мумкин.

Шунингдек кўргазмада Ўзбекистон Республикаси Конституцияси лойиҳасини маъқуллаш ҳақидаги Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри халқ депутатларининг мактублари, “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинган кунни умумхалқ байрами деб эълон қилиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга киритиш тартиби тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари нусхалари, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ўзбек, рус ва инглиз ҳамда бошқа тиллардаги илк босма матнлари нусхалари ҳам намойиш этилган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши тарихига бағишланган архив ҳужжатлари кўргазмаси 2017 йил 15 декабргача давом этади.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati