O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


ҚОНУН ИЖРОСИ УСТИДАН ПАРЛАМЕНТ НАЗОРАТИ

16.03.2017

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигида шу йилнинг 16 март куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг (селектор тарзидаги) мажлисида “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг аҳоли санитария-эпидемиологик осойишталагини таъминлашга доир қисми маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва соғлиқни сақлаш идоралари томонидан Сурхондарё вилоятида қай даражада ижро этилганини ўрганиш натижалари кўриб чиқилди.

Мажлисда сенаторлар, Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари раҳбарлари, соғлиқни сақлаш вазири ва Қорақалпоғистон Республикасининг бош давлат санитар врачи, соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳри бош санитар врачлари, тиббиёт бирлашмаларининг бош врачлари ҳамда республика туманлари ва шаҳарларининг бош давлат санитар врачлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Мажлисда сенаторлар қайд этганларидек, аҳоли саломатлигини сақлашни янада кучайтириш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Бу йўналишда тиббиёт муассасаларининг моддий базасини мустаҳкамлаш ва уларни технологик жиҳозлаш, юқори малакали мутахассислар билан тўлдириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш, аҳолининг турмуш фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2015 йил августда қабул қилинган “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, шунингдек бошқа қонун ҳужжатлари аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг ҳуқуқий базаси бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўрганиш шуни кўрсатдики, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг аҳоли санитария-эпидемиологик осойишталагини таъминлашга доир қисмини ижро этиш мақсадида Сурхондарё вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва соғлиқни сақлаш идоралари томонидан муайян ишлар амалга оширилган.
Муҳокама вақтида сенаторлар вилоят ҳокимлигининг 2016 йилда иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришга доир иш режаси асосида Ангор ва Шеробод туманларида Қонун ижроси ўрганилганини қайд этдилар. Шунингдек Сурхондарё вилояти Давлат санитария-эпидемология назоратининг туман ва шаҳар марказлари томонидан бу борада бир қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан, ташқаридан ўта хавфли ва паразитар касалликлар кириб келишининг ҳамда аҳоли орасида тарқалишининг олдини олиш мақсадида давлат чегараси ҳудуди доирасида учта санитар-назорат пункти ташкил этилди. 2016 йилда ушбу пунктлар ходимлари томонидан юқумли касалликларга чалинган ва ўз яшаш жойларига қайтарилган 49 нафар хориж фуқароси аниқланди.

2016 йилда вилоят маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва соғлиқни сақлаш органлари томонидан куйдирги тарқалиши аниқланган 82 та жойнинг 849 та тупроқ намунаси ўрганилди. Умуман вилоятда охирги йилларда полиомиелит, қоқшол, қизилча, бўғма каби хавфли юқумли касалликлар бирор марта ҳам аниқланмади. Юқумли касалликларнинг олдини олиш мақсадида 2016 йилда бир ёшгача бўлган 61 мингдан ортиқ бола (98,8%) ва 14 ёшгача бўлган қарийб 724 минг нафар бола (99,7%) эмланди. Хўжалик юритувчи субъектларнинг мурожаатлари асосида 2016 йилда озиқ-овқат маҳсулотлари, уларни ишлаб чиқариш воситалари ва халқ истеъмол моллари учун 613 та ижобий санитария хулосаси берилди.

Аҳолининг санитария маданияти даражасини ошириш ва уни аниқланган юқумли касалликлардан ҳамда уларнинг таҳдидларидан ўз вақтида огоҳлантириш ва касалликларнинг олдини олиш мақсадида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда соғлиқни сақлаш органлари томонидан оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда минтақа аҳолиси орасида мунтазам ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, мажлисда Қонуннинг аҳоли санитария-эпидемиологик осойишталагини таъминлашга доир қисмини ижро этиш масаласида йўл қўйилган айрим камчилик ва хатолар қайд этилди. Масалан, маҳаллий давлат ҳокимиятининг ваколатли органлари томонидан қонун ҳужжатлари бузилишини камайтириш ва бартараф этишга доир Қонун талабларини таъминлаш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари тегишли ҳудудий бўлинмаларининг аҳоли санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш борасида самарали чора-тадбирлар кўрилмаяпти.

Давлат санитария-эпидемиологик назорати марказлари томонидан 2016 йилда ўтказилган текширув якунларига кўра 2 562 та объектда бу соҳада ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун 1 880 нафар шахсга 872 млн. 335 минг сўмлик жарималар солинди. 2016 йилда 2015 йилга нисбатан вирусли гепатит, сальмонеллиоз, ошқозон тифи каби юқумли касалликлар сони ошди. Вилоят ҳудудида уй ҳайвонларининг бруцеллёз касаллиги кенг тарқалган. Умумий овқатланиш шаҳобчалари ходимларнинг 61,2 фоизи, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар ходимларининг 48,5 фоизи ва даволаш-профилактика муассасалари ходимларининг 10 фоизи тиббий кўрикдан ўтмай ишламоқда. Қурилаётган ва қайта қурилаётган 20 та объектда санитария нормалари қоидаларига риоя қилинмаяпти. Вилоят аҳолисининг 43,6 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланмаган. Шунингдек Шўрчи, Музработ, Қумқўрғон, Олтинсой, Шеробод, Бойсун, Узун, Ангор ва бошқа туманлардаги 14 та қишлоқ врачлик пункти ва 53 та мактабгача таълим муассасаси ҳам ичимлик сувига эҳтиёж сезмоқда. Бозорлар, савдо корхоналари ва умумий овқатланиш шаҳобчаларининг санитария-гигиена талабларига риоя қилаётганлиги вилоят туманлари ва шаҳарлари давлат санитария-эпидемиологик назорати марказлари томонидан тегишлича назорат қилинмаяпти.
Мажлис якунлари бўйича интерактив селектор муҳокамасини ҳамда келиб тушган таклифлар ва тавсияларни инобатга олган ҳолда тегишли қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati