O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


ҚУРОЛЛИ КУЧЛАР УЧУН ҲАРБИЙ КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ – МУҲИМ ВАЗИФА

17.03.2017

2017 йил 17 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган “Ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёрлаш ҳамда муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ҳарбийларни олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг долзарб масалалари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда сенаторлар, мудофаа, ички ишлар, олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Миллий хавфсизлик хизмати, тегишли ҳарбий таълим муассасалари, Давлат тест маркази, жамоат бирлашмалари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Давра суҳбати иштирокчилари таъкидлаганларидек, ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёрлаш ва Қуролли Кучларни ҳар томонлама тайёр кадрлар билан таъминлаш мамлакатимиз мустақиллигининг илк кунларидан бошлаб давлат фаолиятининг устувор йўналишларидан бири бўлди, соҳага оид тегишли қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий база шакллантирилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёрлаш тизими тубдан қайта кўриб чиқилди. Бугун мамлакатнинг 1441 та касб-ҳунар коллежида ва 144 та академик лицейида чақирувга қадар бошланғич тайёрлаш дастурига мувофиқ 972 дан зиёд ёшлар таълим олмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 18 декабрда қабул қилинган “Чақирувга қадар бошланғич тайёргарликни ташкил этиш ва уни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, (туманлар) ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, шунингдек мудофаа, соғлиқни сақлаш, фувқулодда вазиятлар, маданият, олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси чақирувга қадар бошланғич тайёргарликни ташкил этиш ва уни амалга ошириш масалалари бўйича масъул давлат органлари этиб белгиланди. Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоат кенгаши, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши, Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” жамғармаси соҳага кўмаклашувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари деб белгиланди.

Тадбир иштирокчилари мустақиллик йилларида мамлакатимизда Қуролли Кучларни тубдан ислоҳ қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилганини алоҳида қайд этдилар. Бугун Миллий армиямиз мамлакатимиз мустақиллиги, хавсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг, барқарор ва босқичма-босқич демократик тараққиётининг ишончли кафолати ҳисобланади. Қуролли Кучлар академияси, Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Самарқанд олий автомобил қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти, Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус факультети, Тошкент тиббиёт академияси қошидаги Ҳарбий-тиббий факультет юқори малакали зобитларни ва турли йўналишлар бўйича ҳарбий мутахассисларни тайёрламоқда. Ҳарбий билим юртларига қабул тасдиқланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида амалга оширилиши ҳам қайд этилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига танлаш тартиби ва қабул қилиш қоидалари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарорига мувофиқ 2016 йилда мазкур билим юртларига 801 нафар курсант ўқишга қабул қилинди.

Шунингдек армиянинг асосий таянчи бўлмиш сержантлар корпусини шакллантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сержантларни ўқитиш 2001 йилда ташкил этилган 26 та йўналиш ва мутахассислик бўйича сержантларни тайёрлаш мактабларининг илғор халқаро стандартлари асосида амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, олий малакали ҳарбий кадрлар Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги билим юртларида, жумладан Милиция академиясида, Тошкент олий ҳарбий-техник билим юртида ва Тошкент ёнғин хавфсизлиги олий техник мактабида, шунингдек Миллий хавфсизлик институтида ҳам тайёрланмоқда. Олий ҳарбий божхона институтига ҳар йили 125 нафар тингловчи ўқишга қабул қилинади.

Шу билан бирга, муҳокама чоғида сенаторлар қайд этганларидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 январда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Қуролли Кучларини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш вазифаларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги Қарорида ҳамда ушбу ҳужжат билан тасдиқланган тегишли Дастурда ҳарбий кадрларни тайёрлаш тизимини ва тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштириш вазифаси қўйилди. Ушбу ҳужжатларда олий ҳарбий билим юртларига кириш учун номзодларни танлаш талабларини ошириш, коллеж ва лицейлар фаолиятини самарали ташкил этишга доир зарур ташкилий-техник ва бошқа чора-тадбирлар мажмуини белгилаш ҳамда рўёбга чиқариш назарда тутилган. Коллеж ва лицейлар зиммасига олий ҳарбий билим юртларига кириш учун номзодларни тайёрлаш бўйича қўшимча вазифалар юкланган.
Юқорида қайд этилган вазифалар ижросини таъминлаш ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёрлаш ҳамда муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ҳарбийларни олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тизимининг амалдаги механизмларини такомиллаштириш масалаларига доимий эътибор қаратишни талаб қилиши тадбир иштирокчилари томонидан таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек иштирокчиларнинг фикрича, ҳарбий таълим жараёнига ўқитишнинг замонавий усуллари ва технологияларини жорий этиш, ҳарбий таълим муассасаларида ўқишга муносиб бўлган иқтидорли ва қобилиятли ёшларни эрта аниқлаб танлаб олиш орқали саралаш сифатини ошириш ҳамда шу мақсадда ҳар бир минтақада 2-3 та касб-ҳунар коллежи ва лицейини белгилаб олиш долзарб масалалар ҳисобланади. Мониторингнинг кўрсатиштича, Хоразм, Қашқадарё, Жиззах вилоятларидаги таълим муассасаларида чақирувга қадар бошланғич тайёрлашнинг ўқув-моддий базасининг савияси етарли эмас. Ушбу таълим муассасаларида чақирувга қадар бошланғич тайёрлаш бўйича режалаштирилган тадбирлар ўз вақтида ўтказилмаяпти. Бунда ушбу соҳани ривожлантириш борасидаги мавжуд салоҳиятдан етарли даражада фойдаланилмаяпти.
Давра суҳбати якунлари бўйича тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati