O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Аҳолини дори воситалари билан
таъминлаш – долзарб вазифа

15.12.2017

2017 йил 15 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Сенатнинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан “Аҳоли ва даволаш муассасаларини дори-дармон билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар: аҳоли билан мулоқот, амалиёт ва ҳалқаро тажриба” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда сенаторлар, соғлиқни сақлаш, адлия, ташқи савдо, молия, иқтисодиёт вазирликлари, Хусусийлаштирилган корхоналар ва рақобатга кўмаклашиш давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Марказий банк, Савдо-саноат палатаси, Фанлар Академияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, “Ўзмедэкспорт” республика давлат ташқи иқтисодиёт корхонаси вакиллари, тадбиркорлик субъектлари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Сенаторлар мамлакатимизда аҳолининг дори воситаларига бўлган эҳтиёжини қондиришга ва фармацевтика саноатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлаб ўтдилар. Ушбу соҳанинг меъёрий-ҳуқуқий негизи шакллантирилиб такомиллаштирилмоқда. Жумладан, 2016 йилда “Дори воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни янги таҳрирда қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 октябрдаги “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, 2017 йил 1 январдан бошлаб четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш, уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилган ҳолда амалга оширилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги “Дори воситаларини ва тиббиёт буюмларини сотиш, фармацевтика фаолиятини лицензиялаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан 2017 йил 1 апрелдан фармацевтика фаолиятининг тури - дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотишни лицензиялаш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 июлдаги “Аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, тиббиёт маҳсулотларини сертификатлаштириш фақатгина “Ўзстандарт” агентлигида ўрнатилган тартибда аккредитациядан ўтган давлат сертификатлаштириш органлари томонидан амалга оширилади.

Таъкидланганидек, ҳудудлар кесимида даволаш муассасаларининг дори воситалари ва тиббиёт буюмларига бўлган эҳтиёжи аниқланди, дори воситалари сифатини назорат қилиш тизими жорий этилди, “Дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК ҳамда унинг Андижон ва Самарқанд шаҳридаги шўъба корхоналари ташкил этилди.

Муҳокама чоғида давра суҳбати иштирокчилари томонидан қайд этилганидек, бугунги кунда Ўзбекистондаги фаолият кўрсатаётган 151 та фармацевтика корхонаси томонидан тиббиёт амалиётида фойдаланишга рухсат этилган ва давлат рўйхатидан ўтказилган 2486 турдаги дори воситаси ва 199 та тиббиёт буюми ишлаб чиқарилмоқда. Мамлакатимизнинг 33 та фармацевтика корхонасига халқаро сифат стандартлари тизими жорий этилди. Ана шундай корхоналарнинг 19 таси ўз маҳсулотларини АҚШ, Франция, Германия ва Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатларига экспорт қилмокда. Фармацевтика соҳасига инвестициялар киритилиши ҳисобига 26 та қўшма корхона ташкил этилди.

Шу билан бирга, давра суҳбати иштирокчилари томонидан бу соҳада мавжуд бўлган айрим хато ва камчиликлар қайд этиб ўтилди, улар юзасидан бир қатор таклифлар билдирилди. Жумладан, мамлакатимиз корхоналари томонидан беморлар орасида катта талабга эга бўлган дори воситалари етарли миқдорда ишлаб чиқарилмаётганлиги сабабли ҳозирги вақтда беморларнинг эҳтиёжи қондирилмаяпти. Шу сабабли ички бозорнинг асосий қисмини импорт йўли билан олиб кириладиган дори воситалари ташкил этмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатмокдаки, аксарият дорихоналарда дориларнинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рецептлар бўйича сотилишига риоя қилинмаяпти. Шифокорлар томонидан тасдиқланган бланкларда рецептлар ёзиб берилмаслик ҳоллари учрамоқда. Айрим дорихоналарда дори воситалари ва тиббиёт буюмлари нархларининг асоссиз равишда оширилиши истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига олиб келмоқда. Бу эса, ўз навбатида, аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашда муайян қийинчиликларни келтириб чиқармокда. Шу туфайли давра суҳбати иштирокчилари дори воситалари ва тиббиёт буюмлари савдоси қоидаларини бузганлик учун масъулиятни кучайтириш, фармацевтика саноатини жадал ривожлантириш зарурлигига эътибор қаратдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 ноябрда қабул қилинган ва бу соҳада сифатли ўзгаришлар амалга оширилишини назарда тутадиган “Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонини ҳисобга олган ҳолда тадбир иштирокчилари томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига, “Ozmedimpeks” давлат унитар корхонасига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ушбу ҳуқуқий ҳужжатда белгилаб берилган вазифаларни изчил амалга оширишга қаратилган аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тавсия этилди.

Муҳокама якунлари бўйича давра суҳбати иштирокчилари томонидан тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati