O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИНИ РЎЁБГА ЧИҚАРИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСИ

15.06.2017

2017 йил 15 июнь куни “Тараққиёт стратегияси” марказида Олий Мажлис Сенатининг Ахборот хизмати билан “Тараққиёт стратегияси” маркази дирекцияси томонидан ҳамкорликда ташкил этилган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш борасидаги фаолияти тўғрисида”ги матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда Сенат қўмиталари раислари ва уларнинг ўринбосарлари, Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторлар, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Судьялар олий кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси адлия, соғлиқни сақлаш, ташқи ишлар, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари, “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси вакиллари, жамоат ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек оммавий ахборот воситалари ҳамда ахборот агентликлари вакиллари иштирок этдилар.

“Тараққиёт стратегияси” марказининг ижрочи директори Акмал Бурхонов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг ўринбосари Светлана Артикова тадбир иштирокчиларини қутладилар.

Демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришда ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлиснинг ролини янада кучайтириш Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланганлиги қайд этилди. Давлат ҳокимияти тизимида парламент ролини кучайтириш, ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан парламент назоратини такомиллаштириш, қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан ошириш юзасидан аниқ чоралар кўрилмоқда. Сайловчилар билан ўзаро алоқа йўлга қўйилган. Сенат аъзолари ҳар ойда ўн кун республика туманларидаги ишларнинг ҳолатини ўрганадилар. Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суд нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва либераллаштиришнинг ҳуқуқий асослари ривожлантирилмоқда. Жойлардаги ишларнинг ҳолатини давлат органлари билан ҳамкорликда парламент аъзолари томонидан ўрганиш давомида ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг боришига қонунларнинг таъсирини кучайтириш чоралари кўрилмоқда.

Янги қабул қилинган қонунлар ва қарорларни ижрочиларга етказишга, қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтиришга алоҳида эътибор берилмоқда.

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, Олий Мажлис Сенатининг яқинда бўлиб ўтган ўнинчи ялпи мажлисида 7 та қонун кўриб чиқилди ва маъқулланди. “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида (80, 93, 108 ва 109-моддаларига)”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги, “Суд ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази ходимларининг мансаб даражалари тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.

Шунингдек ялпи мажлисда сенаторлар томонидан бир қатор халқаро шартномалар ва конвенцияларни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунлар, жумладан “Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасидаги стратегик шериклик тўғрисидаги Шартномани (Ашхобод, 2017 йил 6 март) ратификация қилиш ҳақида”ги, “Ўзбекистон Республикаси, бир томондан, ва Европа Ҳамжамиятлари ҳамда уларга аъзо-давлатлар, иккинчи томондан, ўртасида шерикчилик таъсис этувчи Шерикчилик ва Ҳамкорлик тўғрисидаги Битимга икки томонлама тўқимачилик Шартномасининг амал муддати тугаганини ҳисобга олиб Битим қоидаларининг тўқимачилик маҳсулотларининг икки томонлама савдосига кенгроқ кўламда қўллаш мақсадида Битимга ўзгартириш киритиш тўғрисида Баённомани (Тошкент, 2011 йил 7 апрель) ратификация қилиш ҳақида”ги ҳамда “Қайта тикланувчи энергия бўйича Халқаро Агентлик уставини (Бонн, 2009 йил 26 январь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ҳам маъқулланди.

Сенат томонидан маъқулланган барча қонунлар Давлатимиз Раҳбари томонидан имзоланди. Матбуот анжуманида мазкур қонунларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ҳамда унинг ўринбосари Б. Матмуратов ва Т. Мадумаров, Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Т. Искандаров, Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Б. Асадов сўзлаб бердилар.

Матбуот анжуманида Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси А.Курмановнинг ялпи мажлисда сенаторлар томонидан эшитилган Ташқи ишлар вазирининг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг иқтисодиёт тармоқлари ва мамлакат минтақаларига хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб қилиш, туризмни ривожлантириш, Ўзбекистон Республикасининг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақидаги, Сенатнинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси З. Низамходжаевнинг Жиззах, Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари маъмурий-ҳудудий тузилиши ва уларни бошқаришни такомиллаштириш масалалари юзасидан қабул қилинган қарорлар тўғрисидаги, шунингдек Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Б. Таджиевнинг давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи фермер хўжаликларининг таъминотчи, хизмат кўрсатувчи ҳамда бошқа ташкилотлар олдидаги қарздорлигини келтириб чиқарувчи сабаблар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Т. Мирзаевга парламент сўрови юбориш ҳақидаги ахбороти тақдим этилди.

Матбуот анжумани давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва таклиф этилган экспертлар журналистларнинг ҳамда вазирлик ва идоралар, жамоатчилик вакилларининг кўплаб саволларига жавоб бердилар.

Матбуот анжумани якунида таъкидланганидек, Олий Мажлис Сенатининг ўнинчи ялпи мажлисида маъқулланган қонунлар олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини тубдан оширишга, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурини изчил ижро этишга қаратилган.

Қонунларнинг ижро этилиши фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ишончли кафолатларини таъминлашнинг, аҳоли турмуш даражасини янада оширишнинг, мамлакатда барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлашнинг муҳим омили бўлиши шубҳасиз.

Эндиликда бундай матбуот анжуманларини мунтазам ўтказиб туришга келишиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati