O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


ЗАМОНАВИЙ БИЗНЕС-ТАЪЛИМ – ИҚТИСОДИЙ ЎСИШ ОМИЛИ

15.03.2017

2017 йил 15 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Замонавий бизнес-таълим талабларини жорий этиш амалиёти, муаммолар ва истиқболдаги вазифалар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбати ишида сенаторлар, тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари, уюшмалар, идоралар ва ташкилотлар раҳбарлари, олимлар ва мутахассислар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. Тадбирда жорий йилнинг 14 январь куни Ҳукуматнинг республикани 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида Давлатимиз раҳбари томонидан қилинган таҳлилий маърузанинг аҳамияти алоҳида қайд этилди. Давлатимиз раҳбари ушбу мажлисда мамлакат иқтисодиёти тузилмасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг роли ошиб бораётганлиги ижобий ўзгаришларнинг кўриниши эканлигини таъкидлади.

Ҳозирги вақтда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари умумий ҳажмининг 45 фоизи, бозор хизматларининг деярли бутун ҳажми, маҳсулот экспортининг 28,6 фоизи, иқтисодиёт тармоқларида барча банд бўлганларнинг 78,1 фоизи кичик бизнес улушига тўғри келади. Кичик дейилишига қарамай, бу бизнес иқтисодиётимизни барқарор ривожлантиришда, иш билан таъминлаш муаммоларини ҳал қилишда ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришда тоборо йирикроқ ўринни эгалламоқда. Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун тегишли қонун ҳужжатлари ҳамда норматив-ҳуқуқий база яратилган.

Ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни давом эттириш мамлакат фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан бири деб белгиланган. Кўрилган чора-тадбирлар бизнесни рўйхатга олиш шартлари бўйича Ўзбекистонга халқаро рейтингга киритилган 190 та мамлакат орасида 25-ўринни эгаллаш имконини берди.
Шунингдек 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш, сифатли таълим хизматлари қулайлигини ошириш, меҳнат бозорининг ҳозирги замон эҳтиёжларига мос юқори малакали кадрлар тайёрлаш, шунингдек ўқитишнинг халқаро стандартларини жорий этиш асосида олий таълим муассасалари фаолиятининг сифати ва самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда республиканинг таълим ва фан соҳасини ривожлантиришнинг асосий устуворликлари белгилаб олинди.

Шу билан бирга, муҳокама давомида давра суҳбати иштирокчилари иқтисодиётнинг мазкур тармоғи, айниқса бизнес соҳасида таълим хизматлари имкониятларидан фойдаланиш масалаларида бундан ҳам юқорироқ салоҳиятга эга эканлигини таъкидладилар.
Тадбир иштирокчиларининг чиқишларида олий ва ўрта-махсус касб-ҳунар таълими муассасалари ҳамда нодавлат таълим муассасалари тармоғи орқали бизнес-тузулмалар учун кадрлар тайёрлаш зарур эканлиги ҳақида айрим таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Уларнинг фикрича, машғулотларни катта тингловчиларни ўқитиш хусусиятларидан келиб чиқиб олиб бора оладиган амалий тажриба ва билимларга эга ўқитувчиларнинг кескин етишмаслиги бизнес-таълимнинг жиддий муаммоларидан биридир. Нодавлат таълим муассасаларининг кўпчилиги ўқитувчиларнинг доимий штатига эга эмас, уларнинг молиявий имкониятлари ўз ўқитувчиларини қайта ўқитиш ва тайёрлаш имконини бермайди. Республика миқиёсида бизнес-мураббийларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, уларни сертификация қилиш тизимлари мавжуд эмас. Нодавлат таълим муассасаларига бизнес-таълим соҳасида таълим фаолиятини юритиш учун лицензиялар бериш бўйича бюрократик тартиб-таомилларни соддалаштириш, шунингдек бунинг учун тақдим этиладиган ҳужжатларнинг руйхати ва мазмунини аниқ белгилаш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Давра суҳбати иштирокчилари томонидан Ўзбекистон Республикасининг олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигига Ўзбекистон Республикасининг Савдо-саноат палатаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш миллий стандартларига, ходимларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш талабларига, бизнес-таълимни ташкил этишда фойдаланадиган ўқув дастурларига ўзгартиришлар киритиш орқали меҳнат бозорини ўрганиш ҳамда талаб этилган ходимлар малакаси даражаси бўйича муайян корхоналарнинг эҳтиёжларини баҳолаш услубиятини тубдан қайта кўриб чиқиш тавсия этилди.

Шу ўринда, ўқув муассасаларининг бизнес тузулмалар билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, ўқитувчиларнинг ва ўқитишга жалб этилган амалиётчи мутахассисларнинг меҳнатини моддий рағбатлантириш, шунингдек ўқитиш жараёнида тингловчиларнинг фаоллигини таъминлайдиган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини фаол кўллаш чораларини кўриш зарурлиги қайд этилди.
Давра суҳбати якуни бўйича тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati