O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг муҳим омили

15.02.2017

2017 йил 15 февраль куни Тошкент давлат аграр университетида “Деҳқончиликнинг янги тизимларини жорий этиш ва қишлоқ хўжалиги тузилмасини такомиллаштириш масалаларини ҳал қилишда аҳоли билан мулоқотнинг аҳамияти” мавзусида семинар бўлиб ўтди. Семинар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан ташкил этилди.

Семинар ишида сенаторлар, Ўзбекистон Республикасининг қишлоқ ва сув хўжалиги, адлия, ташқи иқтисодий фаолият, инвестициялар ва савдо вазирликлари, Марказий банк, Ўзбекистон Фермерлар кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси, “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси, “Ўздонмаҳсулот” ва “Ўзнефтмаҳсулот” компаниялари ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар, тижорат банклари раҳбар ходимлари, фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Семинарда сенаторлар томонидан қайд этилганидек, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда аграр соҳада кенг кўламли ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрлаш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотишга ихтисослашган қишлоқ хўжалиги корхоналари сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Фермерликни ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда. Бугун мамлакатимизда 160 минг 372 та фермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. Уларга 3 млн. 576,4 минг гектар ер майдони ажратилган.

Қишлоқ хўжалигининг тегишли қонунчилик базаси яратилган ва такомиллаштириб борилмоқда.

Муҳокама давомида таъкидланганидек, 2016 йилда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг хўжалик юритувчи субъектлари томонидан мамлакатда 47 трлн. 486 млрд. сўмлик ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулоти, 29 млрд. 828,4 млн. сўмлик халқ истеъмол моллари ишлаб чиқарилди.

Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш дастурига мувофиқ 21 мингта лойиҳа амалга оширилди ва 1 трлн. 228 млрд. 659 млн. сўмлик маблағлар ўзлаштирилди. Жумладан, боғдорчилик, узумчилик ва сабзавотчиликни ривожлантириш мақсадида 991 гектар ер майдонида интенсив боғдорчилик, 4 179 гектар ер майдонида маҳаллий боғдорчилик, 5 806 гектар ер майдонида янги узумзорлар, 81 гектар ер майдонида кўчатлар, 372 гектар ер майдонида иссиқхона хўжаликлари яратилди. Фермерлик ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 2016 йилда шартнома-контрактация асосида давлатга 2 млн. 943,9 минг тонна чигитли пахта етказиб берилди.

Шу билан бирга, сенаторлар семинар иштирокчиларининг диққат-эътиборини Ўзбекистон Республикаси Президентининг сайловолди кампанияси вақтида, Олий Мажлис палаталарининг 2016 йил 14 декабрда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашларининг навбатдан ташқари сессияларидаги маъразаларида, шунингдек халқ билан ўтказилган кўп сонли мулоқотларда белгилаб берилган устувор вазифаларни рўёбга чиқариш зарурлигига қаратдилар ҳамда ушбу вазифалар қишлоқ хўжалигини модернизациялаш ва интенсив ривожлантиришга, қишлоқ хўжалигида таркибий ўзгаришларни амалга оширишга, экин майдонларини янада мақбуллаштиришга, пахта ва бошоқли дон экин майдонларини қисқартиришга, бўшаб қолган ерларга картошка, сабзавот, ем-хашак ҳамда мой берадиган экинлар экишга, шунингдек интенсив боғлар ва узумзорлар яратишга бағишланганлигини қайд этиб ўтдилар.

Муҳокама чоғида Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида таркибий ислоҳотларни чуқурлаштириш ва қишлоқ хўжалигини муттасил ривожлантириб бориш, мамлакатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш, экологик тоза маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш, аграр секторнинг экспорт салоҳиятини анча оширишга доир турли чора-тадбирлар назарда тутилган.

2017–2021 йилларда ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш даражасини тубдан яхшилашга, шу жумладан ердан фойдаланишнинг илмий асосланган технологияларини жорий этиш ва қишлоқ хўжалиги экинларининг мақбул турларини етиштиришга киришиш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга ҳамда унумдорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ички ва ташқи бозорларда реализация қилиш учун самарали логистика тизимини яратишга, шунингдек мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш ва чуқур қайта ишлаш инфратузилмасини такомиллаштиришга катта эътибор қаратилди.

Семинар иштирокчилари қишлоқ хўжалигини модернизациялаш ва интенсив ривожлантириш бўйича юқорида қайд этилган Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган чора-тадбирларни амалга оширишда аҳоли билан, айниқса фермерлар ва деҳқонлар билан бевосита мулоқот қилишнинг муҳимлигини алоҳида қайд этдилар.

Шу куннинг ўзида Олий Мажлис Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда “Ветеринария тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини рўёбга чиқаришга қаратилган қонуности ҳужжатлари қабул қилиниши устидан ўтказилган мониторинг натижалари муҳокама этилди.

Мажлисда сенаторлар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси вакиллари, қишлоқ ва сув хўжалиги, адлия вазирликлари, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармаси раҳбар ходимлари, шунингдек бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар вакиллари, қишлоқ хўжалигига ихтисослашган олий ўқув юртлари олимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Сенаторларнинг таъкидлашича, жорий йилда Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан “Ветеринария тўғрисида”ги Қонун бўйича қонуности ҳужжатлари қабул қилиниши устидан ўтказилган мониторинг натижаларини таҳлил қилишда қуйидагилар аниқланган: ушбу Қонуннинг тўртта ҳаволаки нормаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ва Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармасининг тегишли қонун ҳужжатлари қабул қилинган. Жумладан, Ҳайвонларнинг ва одамнинг соғлиғи учун хавф туғдирадиган ҳайвонларнинг касалликлари рўйхатини тасдиқлаш, шунингдек Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Бундан ташқари, Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан Ҳайвонларнинг ва одамнинг соғлиғи учун хавф туғдирадиган ва зарарсизлантирилиши лозим бўлган ҳайвонлар касалликларининг рўйхати тасдиқланди.

Шу билан бирга, давлат ветеринария хизмати назорати остида бўлган юкларни экспорт қилиш, импорт қилиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали ўтказиш учун рухсатномалар бериш тартибини, шунингдек маҳаллий ва импорт қилинадиган ветеринария дори воситаларига ҳамда озуқабоп қўшимчаларга рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаларини бериш тартибини тасдиқлаш билан боғлиқ қонуности ҳужжатлари ва тадбиркорлик соҳасидаги бошқа рухсат берувчи қонуности ҳужжатлари бугунга қадар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилмаганлиги қайд этилди.

Мажлис якунлари бўйича Сенат қўмитаси томонидан тегишли қарор қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati