O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Асосий мақсад — судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш

14.04.2017

Суд тизимини изчил демократлаштириш, суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга қатъий риоя этилишини таъминлаш мамлакатимизни янада тараққий топтиришнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 12 апрелда имзоланган “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун ана шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Исломиддин АБРОРОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси:

— Мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини ва таъсирчанлигини ошириш, судларни ихтисослаштириш, пировардида одил судловни қарор топтиришга қаратилган изчил саъй-ҳаракатлар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтирмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг охирги ялпи мажлисида маъқулланган ва кеча матбуотда эълон қилинган “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун замиридаги мақсад-муддао ҳам аслида шудир.

Унга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва пойтахтимиз ҳамда туман (шаҳар)ларда маъмурий судларнинг ташкил этилиши муносабати билан Фуқаролик процессуал кодексига маъмурий судларда суд ишларини юритишга оид янги норма киритилди. Маъмурий судларга давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, шунингдек, улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоят ва аризалар бўйича ишлар тааллуқли бўлиб, суд ишларини юритиш тегишли қонун ҳужжатларида белгиланган қоидалар асосида амалга оширилади.

Дарҳақиқат, маъмурий судларнинг йўлга қўйилиши давлат, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги оммавий-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишда муҳим ўрин тутади.

«Халқ сўзи» мухбирлари
Зиёда АШУРОВА,
Фарида МАҲКАМОВА
ёзиб олди.

http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/9904-asosij-ma-sad-sudlarning-chinakam-musta-illigini-ta-minlash

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati