O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Оилавий тадбиркорлик — фаровонлик омили

14.03.2017

Андижон вилоятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонуннинг оилавий корхонага банк хизмати кўрсатиш ҳамда кредит ажратиш борасидаги қисмининг мазкур ҳудудда ижро этилишини ўрганиш натижалари кўриб чиқилди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши доимий комиссияларининг раислари, ҳуқуқ-тартибот органлари, молия муассасалари, бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этган йиғилишда таъкидланганидек, мамлакат иқтисодиётида кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектлари улуши ортиб бораётган ҳозирги вақтда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, касб-ҳунар коллежи битирувчилари бизнес лойиҳаларини молиялаштириш банклар олдига муайян вазифаларни қўймоқда.

Банк-молия тизимини ривожлантиришнинг аниқ мақсадли параметрлари 2017 — 2021 йилларда банк тизими умумий капиталини 2, депозитлар, шу жумладан, аҳоли омонатлари ҳажмини 2,1 баравар оширишни назарда тутади.
Банклар ресурс базасини янада капиталлаштириш ва мустаҳкамлаш ажратилаётган инвестиция кредитлари ҳажмлари 1,7, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектларига бериладиган кредитлар ҳажмлари 2,2 баравар оширилишини таъминлайди.

Сенаторлар муҳокама чоғида “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонуннинг оилавий корхонага банк хизматини кўрсатиш ва кредит ажратишга доир қисми юзасидан Андижон вилоятида муайян ишлар олиб борилаётганини алоҳида айтиб ўтишди. Хусусан, вилоят, шаҳар ҳамда туман ҳокимликлари томонидан оилавий корхоналарга банк хизматларини кўрсатиш ва кредит ажратишга, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ва бизнес муҳитини яхшилашга қаратилган 36 та қарор қабул қилиниб, ижроси таъминланди. Бундан ташқари, халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши томонидан 2015-2016 йилларда оилавий -корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича 10 дан ортиқ қарорлар қабул қилинди.

Вилоятдаги мавжуд 868 та маҳаллада тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашувчи маслаҳат марказлари ташкил этилди. 2017 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, ҳудудда 23 минг 580 та кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда. Уларга 2016 йилда тижорат банклари томонидан 1,1 трлн. сўмлик кредитлар берилди. 2015-2016 йилларда оилавий тадбиркорликнинг амалдаги субъектларига (шундан 451 таси оилавий корхона) тижорат банклари томонидан 32 млрд. сўмлик кредит маблағлари ажратилди.

Мажлисда айрим камчиликларга ҳам эътибор қаратилди. Масалан, 2015-2016 йилларда вилоятда фаолият кўрсатаётган суғурта компанияларининг учта филиали томонидан оилавий тадбиркор ва оилавий корхоналар билан бирорта ҳам суғурта шартномаси тузилмаган ҳамда уларга суғурта полислари берилмаган. Маҳалла фуқаролар йиғинлари оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш ва оилавий корхоналарни ташкил этиш учун кредит олишда кафолат бериш ҳуқуқига эга бўлса-да, бу имкониятдан фойдаланмаяпти, салоҳиятли оилавий тадбиркорларга кўмаклашмаяпти.
Давлат рақобат қўмитасининг вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан оилавий корхоналарга давлат мулки бўлган, инвестиция мажбуриятлари эвазига “ноль” қийматида реализация қилинадиган объектлар тўғрисидаги маълумотлар ўз вақтида тақдим этилмаяпти.

— Қонун ижроси билан боғлиқ шундай камчиликлар борки, бу биз, парламент аъзоларини янада эътиборли, масъулиятли бўлишга ундайди, — дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси Ш. Маматқулов. — Мисол учун, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари томонидан ушбу Қонуннинг оилавий корхонага банк хизматларини кўрсатиш, унга кредит ажратиш, соҳада депутатлик назоратини амалга ошириш бўйича депутатлар фаолиятини кучайтириш тўғрисидаги қисми ижросини таъминлашга етарли даражада аҳамият қаратилмаяпти. Ушбу хатоларни вақтида бартараф этсак, оилавий тадбиркорликни изчил қўллаб-қувватлаган ҳамда мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшган бўламиз.

Тадбирда оилавий тадбиркорликни ташкил этиш, оилавий корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга кўмаклашиш, кредитлар ва суғурта полисларини ҳамда инвестиция мажбуриятлари эвазига давлат мулкини “ноль” қийматида реализация қилиш ҳақидаги маълумотларни ўз вақтида бериш, маҳаллий Кенгашларнинг бу борадаги фаолиятини кучайтиришда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ролини ошириш юзасидан зарур таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Якунда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

 

Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

http://xs.uz/index.php/homepage/zhamiyat/item/9666-oilavij-tadbirkorlik-farovonlik-omili

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati