O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Аҳоли билан қизғин мулоқотлар

14.02.2017

11 февраль куни халқ депутатлари Боёвут тумани Кенгашининг сессияси бўлиб ўтди.

Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган йиғилишда Сирдарё вилоятидан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, тумандаги мутасадди давлат идоралари, жамоат ташкилотлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, Боёвут туманида Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари 10 кун давомида 422 та хонадонда бўлиб, аҳоли турмуш тарзи, яшаш шароити билан танишди. Мулоқотлар давомида аниқланган 235 та масаланинг 33 таси жойида ҳал этилди, 201 таси юзасидан тегишли идора ҳамда ташкилотларга тавсиялар берилди. Ижро ҳокимияти, прокуратура, ички ишлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда -бошқа соҳа ва объектлар фаолияти ўрганилиб, уларнинг самарадорлиги таҳлил қилинди. Очиқ мулоқот тарзида ташкил этилган йиғилишда ушбу ўрганиш натижалари танқидий руҳда атрофлича кўриб чиқилди. 

Сессияда сенатор ва депутатларнинг одамлар билан мулоқотлари чоғида билдирилган фикр-мулоҳазалари юзасидан тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ўрганишлар ташкил қилиниши натижасида кўтарилган масалаларнинг аксарияти жойида ўз ечимини топгани қайд этилди.  

Тумандаги 47 та фуқаролар йиғини фаолияти, уларнинг ҳуқуқ ҳамда ваколатларини тўлиқ ва самарали амалга ошириш ҳамда моддий-техника аҳволи юзасидан олиб борилган ўрганишлар айрим фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари жойлашган бинолар талаб даражасида эмаслигини кўрсатди. 

Шунингдек, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, таълим муассасалари ҳамда касб-ҳунар коллежларида аниқланган камчиликлар депутатлар эътиборига ҳавола этилди. Тиббиёт масканлари, хусусан, қишлоқ врачлик пунктлари дори воситалари, тиббиёт асбоб-ускуналари билан етарлича таъминланмагани, шифокорлар етишмаслиги билан боғлиқ қатор масалалар ўз ечимини кутаётганлиги айтиб ўтилди.

Йиғилишда ўтган йили туманда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида 299 та лойиҳа амалга оширилгани эътироф этилди. Жорий йилда бу борада 45 та янги субъектни ишга -тушириш мўлжалланмоқда. Аммо ўрганишлардан маълум бўлдики, туманда тармоқнинг лизинг корхонаси, меҳмонхона, маиший техникаларга хизмат кўрсатувчи устахона, кимёвий тозалаш шохобчалари сингари зарур турлари йўлга қўйилмаган. 

Аҳолини тадбиркорлик фаолиятига янада кенг жалб қилиш, уларнинг банк хизматларидан фойдаланишлари учун қулай шарт-шароит яратиш, бу борадаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳам керакли чоралар кўриш муҳимлиги айтиб ўтилди.       

Шу билан бирга, аҳоли ва юридик шахсларнинг кўпроқ эътирозига сабаб бўлаётган ичимлик суви, электр энергияси, газ таъминотидаги узилишлар ҳамда ободонлаштириш, санитария-гигиена, уй-жой, коммунал хизмати кўрсатиш соҳасидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳам аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш лозимлигига урғу берилди.

* * *

Халқ депутатлари Қуйи Чирчиқ тумани Кенгашининг 13 февраль куни бўлиб ўтган сессиясида Тошкент вилоятидан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, хўжалик юритувчи субъектлар, нодавлат ташкилотлар вакиллари ва тадбиркорлар қатнашди.

Қайд этилганидек, туманда парламент вакилларидан иборат ишчи гуруҳи хонадонларда бўлиб, аҳоли билан бевосита учрашувлар ўтказди ва тегишли соҳалардаги аҳволни ўрганди. Чунончи, 193 та хонадонга ташриф буюриб, аҳолининг 141 муаммоси аниқланди. Аҳоли томонидан кўтарилган муаммолар чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг 9 таси жойида ҳал этилди, 125 та масала бўйича тегишли идораларга тавсиялар берилди, 7 та масала республика даражасида ҳал этилиши лозимлиги сабабли тегишли таклифлар ишлаб чиқилди. 

Аҳоли билан учрашувлар давлатимиз раҳбарининг таклифи, яъни жойларга бориб, халқ билан мулоқот қилиш, уларни ўйлантираётган масалаларни тинглаб, муҳокама этиш нақадар тўғрилиги, ҳаётийлиги ва самарадорлигини исботлаб берди. 

Сессияда тумандаги савдо дўконлари, маиший хизмат кўрсатиш ва умумий овқатланиш корхоналари, дорихоналар фаолиятидаги камчиликлар ҳақида сўз борди. 

Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг тўрт томонлама шартнома бўйича ишга жойлаштирилиши ўрганилганда, бир қатор камчиликлар аниқланди. Масалан, тумандаги қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежи битирувчиларидан 24 нафарининг бандлиги таъминланмаган. Ўрганилган касб-ҳунар коллежларининг деярли барчасида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, ўқув материаллари, компьютерлар, айрим дарслик ва адабиётлар етишмайди. Транспорт хизматининг лозим даражада йўлга қўйилмаганлиги коллеж ва мактаб ўқувчилари учун қийинчиликлар туғдир-моқда. 

Таълим муассасалари фаолиятида ҳам муайян камчиликлар борлигига эътибор қаратилди. Хусусан, тумандаги 13 та мактаб таъмирталаб аҳволда. 

Сессияда аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий ёрдам даражаси ва сифатини ошириш, тиббиёт муассасаларини дори воситалари билан таъминлашда камчиликлар борлиги қайд этилди. Мисол учун, тез тиббий ёрдам бригадалари алоқа воситалари билан таъминланмаган. Қишлоқ врачлик пунктлари жиҳозлари эскирган. 

Муаммолар мактабгача таълим муассасаларида ҳам мавжуд. Масалан, қатор муассасаларда маҳсулотни сақлаш учун музлаткичлар етишмайди. Ётоқхона жиҳозларини ҳам янгилаш лозим. 

Йиғилишда тумандаги йўл инфратузилмасининг аҳволи, шунингдек, аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариши учун етарли шароит яратилмагани танқид қилинди. 

Сессияда сўзга чиққанлар халқ билан мулоқот асосида жойлардаги мавжуд муаммоларни атрофлича таҳлил этиб, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва бартараф қилиш йўллари ҳақида фикр билдирдилар. 

Шунингдек, йиғилишларда тегишли идоралар ҳамда ташкилотлар раҳбарлари ҳисоботлари эшитилди.

Бўлиб ўтган сессияларда муҳокама этилган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Сессияларда Олий Мажлис Сенати Раиси Н. Йўлдошев сўзга чиқди. 

 

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/9474-a-oli-bilan-iz-in-mulo-otlar

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati