O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси кучайтирилмоқда

13.06.2017

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича комиссияси Навоий вилоятининг Конимех туманида -фуқаролар осойишталигини сақлаш йўлида қилинаётган тизимли ишлар ва уларнинг натижадорлигини атрофлича ўрганди.

Ўрганиш натижалари халқ депутатлари Конимех тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида муҳокама қилинди. Унда асосий эътибор туман ички ишлар бўлими, 9 та таянч пункти фаолиятига, шунингдек, 13 маҳалла фуқаролар йиғини, қатор таълим муассасалари ҳамда давлат ва нодавлат ташкилотларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги ҳамкорлигига қаратилди.

Туманда ижтимоий-маънавий соғлом муҳитни қарор топтириш, жамоат тартибини сақлаш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш, маҳалла ва оилаларда ўзаро ҳамжиҳатлик ва бирдамликни таъминлаш, фуқароларда ҳар қандай кўринишдаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш чора-тадбирлари эътирофга лойиқдир. Бу ерда фуқаролар хавфсизлигини кафолатлаш мақсадида “Қидирув”, “Комплекс”, “Давомат”, “Антитеррор-тозалаш”, “Қорадори — 2017” ва бошқа тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилиб, ҳисобда турувчи 242 нафар шахс билан алоҳида иш олиб борилган. Натижада қасддан оғир тан жароҳати етказиш, транспорт воситасини олиб қочиш, талончилик, безорилик, товламачилик ва гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар ҳисобот даврида содир этилмаган. Бироқ сессия иштирокчилари хулосасига кўра, ҳудудда мазкур йўналишдаги ютуқлар билан бирга, олдинда турган долзарб вазифалар ҳам талайгина.

— Туманда содир қилинган жиноятлар сабаблари ҳамда уларга имкон берган шарт-шароитлар таҳлили юритилган бўлса-да, келгусида бундай ҳолларнинг олдини олиш чора-тадбирларига айрим ўзини ўзи бошқариш органлари, корхона ва ташкилотлар етарли даражада масъулият билан ёндашмаган, — дейди ҳудудий комиссия раиси Назира Тоғаева. — Бу ҳол муқаддам жиноят содир этганлар томонидан яна жиноятга қўл уриш, босқинчилик, қасддан одам ўлдириш ва ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари ошишига олиб келган. Туманнинг Наврўз ва Бирлик маҳаллаларида жиноятлар сони нисбатан ошган.

Айтиш керакки, ўрганишлар даврида муқаддам судланган 8 нафар шахс томонидан такрор жиноят содир этилгани улар устидан тегишли тартибда назорат ўрнатилмаганини кўрсатади.

Йиғилишда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этишда ҳар бир мутасадди ўз фаолиятини танқидий-таҳлилий баҳолаб, шу асосда сифат ва самарадорликка эришмоғи зарурлиги таъкидланди. Жумладан, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи орган ҳамда муассасалар ўртасида ўзаро ахборот алмашинувини йўлга қўйган ҳолда, ҳар бир содир бўлган ғайриқонуний хатти-ҳаракат фавқулодда ҳолат, деб қаралиб, унинг оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғиботни жонлантириш, муқаддам судланган шахслар билан ишлашни кучайтириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда барча кучни бирлаштириш лозим.

Сессияда ушбу камчилик ва муаммоларни кечиктирмай бартараф этиш чора-тадбирлари белгиланиб, тегишли қарор қабул қилинди.

Темур ЭШБОЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

http://xs.uz/index.php/homepage/zhamiyat/item/10395-u-u-buzarliklar-profilaktikasi-kuchajtirilmo-da

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati