O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Таъсирчан парламент назорати ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигининг муҳим омилидир

13.05.2017

Бугун халқимизнинг ўз турмушидан рози бўлиб яшаши учун барча имконият сафарбар этилаётгани, давлат органлари фаолиятида замон талабларига мувофиқ ёндашув ва такомиллашув жараёни кузатилаётгани пировардида фуқароларнинг тинч, осойишта ҳаёт кечиришдек олий ҳуқуқини, оилаларнинг хотиржамлигини, фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Бинобарин, узоқни кўзлаб олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида ҳам инсон манфаатлари кафолатларини кучайтириш, бунинг учун, аввало, жамиятда ижтимоий адолатни, барқарорликни сақлаш мақсадлари мужассам. Жамиятдаги соғлом муҳит ҳамда ривожланиш биринчи галда жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг изчиллигини талаб этади.

Президентимизнинг жорий йил 10 апрелдаги “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига биноан айни жабҳадаги ишларнинг қамрови сезиларли даражада ошди.

Мазкур ҳужжатда ички ишлар органлари фаолиятида қонунийликни таъминлаш бўйича жамоатчилик, парламент ҳамда депутатлик назоратининг амалий механизмларини жорий этиш мазкур тизимни ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларидан бири сифатида келтирилган. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузурида ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича комиссияси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ҳудудий комиссиялар йўлга қўйилгани диққатга моликдир.

Хусусан, ҳар бир туманда ҳудудий комиссия аъзолари томонидан 10 — 12 кун давомида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятларни фош қилиш ҳолати, ғайриижтимоий воқеликларга сабаб бўлаётган омил ва шарт-шароитларни ўрганиш ҳамда уларнинг олдини олишда соҳа ходимларининг фуқаролар йиғинлари ва бошқа тузилмалар билан ҳамкорлиги тизимли ўрганилиб, ички ишлар органлари фаолиятига муносиб баҳо берилмоқда

Халқ депутатлари Қизилтепа тумани Кенгашида бўлиб ўтган сессия ана шундай холисона ўрганиш натижаларига бағишланди.

Сессияда Сенат комиссияси томонидан жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, умуман, ички ишлар органлари фаолиятини такомиллаштиришнинг янгича тизимини ҳаётга татбиқ этиш бўйича амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, Қизилтепа тумани ички ишлар бўлими жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан қатор ишларни олиб бормоқда. Айниқса, ҳар пайшанба — жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика кунида ташкил қилинаётган тадбирлар аҳолининг, биринчи навбатда, ёшларнинг ҳуқуқий онги ҳамда маданиятини юксалтириш, жамоат тартибини сақлаш, жисмоний шахсларнинг ҳуқуқбузарликдан жабрланувчига айланиш хавфини камайтиришда муҳим аҳамият касб этаётир. Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси доирасида тарбияси оғир, носоғлом оила муҳитида ўсаётган ўғил-қизлар билан индивидуал суҳбатлашиб, тушунтириш ишларини ўтказиш, нотўғри йўлга кириб қолган ёшларнинг қилмишини кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш орқали уларнинг юриш-туриши ва ахлоқини тузатишда ота-она, маҳалла-кўй ҳамда педагогларнинг масъулиятини кучайтириш саъй-ҳаракатлари ҳам эътирофга лойиқ.

Сессияда эришилаётган ижобий натижаларни қайд этган ҳолда, мавжуд муаммолар, йўл қўйилаётган хато ва камчиликларга урғу берилди. Ҳудудда сўнгги пайтларда фирибгарлик, безорилик каби жиноятларнинг сони ошгани таъкидланди. Туман ички ишлар ходимларининг таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, бандлик маркази, маҳалла институти, хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамда бошқа жамоат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлиги танқидий кўриб чиқилди.

Айтиб ўтилганидек, туманда олтита касб-ҳунар коллежи мавжуд бўлиб, уларда 4 ярим мингдан зиёд ўқувчилар таҳсил олмоқда. Туман ИИБ томонидан депутатларга берилган ҳисоботда келтирилишича, коллежлардаги ўртача давомат 93,5 фоизни ташкил қилади. Бу эса ўқувчиларнинг дарс машғулотларига мунтазам қатнашишини назоратга олиш ишлари етарли даражада эмаслигидан далолат беради.

Шунингдек, депутатлар ҳамда сенаторлар ички ишлар тизими вакиллари фуқаролар йиғинлари фаоллари билан биргаликда уйма-уй юриб, оилаларнинг ижтимоий-маънавий муҳитини яқиндан ўрганиши, аҳолининг банд бўлмаган, эҳтиёжманд қатлами, жумладан, хориждан қайтиб келган фуқароларни, хотин-қизлар ва ёшларни иш билан таъминлашда ҳар томонлама кўмаклашиши ҳаётий зарурат эканини қайд этдилар.

— Ҳар қандай иллат оқибатини тузатишдан кўра унинг олдини олган афзал, — дейди ҳудудий комиссия раиси Назира Тоғаева. — Шу маънода, аҳоли кенг қатлами ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, тинчликни, осойишталикни асраш, фуқароларда қонунларга итоаткорлик туйғусини мустаҳкамлаш, турли ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш борасидаги ишларни янада такомиллаштиришни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда. Бугунги сессияда кўрилган масалаларга ана шу мезон асосида ёндашилди.

Сессия якунида туман ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар, мутасадди идоралар, ташкилотлар ҳамда муассасалар раҳбарлари ўрганишда дуч келинган камчиликларни бартараф қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиши ҳамда уларнинг ижроси юзасидан халқ депутатлари Қизилтепа тумани Кенгашига ахборот бериб бориши бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Темур ЭШБОЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/10148-ta-sirchan-parlament-nazorati

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati