O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Янги қонунлар моҳияти тарғиб қилинмоқда учрашув

13.04.2017

Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, халқ билан мулоқот самарадорлигини ошириш ҳамда инсон манфаатларини муҳофаза қилишда қатор ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий омиллар муҳим ўрин тутади. Айниқса, янги қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини аҳоли кенг қатламига ўз вақтида етказиш бу борада долзарб аҳамиятга эга.

Бинобарин, мамлакатимизда мазкур йўналишда тегишли ташкилий-ҳуқуқий ҳамда институциявий база шакллантирилган. Шунинг баробарида, қонунларнинг амалда ишлаши, бекаму кўст ижро этилиши уларни зарур ахборот материаллари билан бирга омма эътиборига ҳавола қилиш сифатини янада ошириш, тегишли давлат органларининг ҳуқуқий тарғибот бўйича фаолиятини бугунги кун талаблари даражасида ривожлантиришни тақозо этмоқда.

Шу кунларда Олий Мажлис Сенати томонидан видеоселектор шаклида жойларда ўтказилаётган семинарларда парламент юқори палатасининг яқинда бўлиб ўтган ялпи мажлисида кўрилган масалалар, айниқса, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунларда назарда тутилган мақсад ҳамда вазифалар хусусида атрофлича сўз юритилмоқда

Фарғона шаҳрида бўлиб ўтган ана шундай тадбирлардан бирида сенаторлар, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, маҳаллий ҳокимликлар, молия, банк, адлия тизими қуйи бўғинлари, суд-ҳуқуқ органлари ходимлари, фуқаролар йиғинлари фаол-лари, журналистлар қатнашди.

Иштирокчилар юқорида номи келтирилган қонунлар суд-ҳуқуқ ислоҳотларини янги босқичга олиб чиққани, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судининг фуқаролик, жиноий, маъмурий ҳамда иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи — Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилиши суд тизимини бошқаришдаги бир-бирини такрорловчи функцияларни бартараф этганини таъкидлашди.

Маъмурий суднинг ташкил қилиниши эса давлат органлари фаолиятида қонунийликни мустаҳкамлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ҳамда ман-фаатларини тўлақонли рўёбга чиқаришда замонавий тартиб-таомилларни жорий этишни -таъминлайди.

Наманган вилояти ҳокимиятида ўтказилган семинар ҳам ижро ҳокимияти органлари, шунингдек, нодавлат тузилмалар вакиллари учун ҳуқуқий тарғибот ишларини такомиллаштириш соҳасида ўзаро фикр ҳамда тажриба алмашиш имконини берди.

— Мамлакатимизда ижрога йўналтирилган ҳар бир қонун, амалдаги ҳуқуқий ҳужжатларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалардан аҳолини изчил ҳамда кенг хабардор қилишда жамоатчилик иштироки ва фаоллиги муҳим, — дейди Наманган вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Зулайҳо Маҳкамова. — Бунда маҳаллий оммавий ахборот воситалари салоҳиятидан, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, давлат органлари билан ижтимоий шериклик имкониятларидан самарали фойдаланиш лозим. Бугунги тадбирда Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида кўрилган масалалар ҳақида муфассал маълумотга эга бўлдик. Янги қонунлар моҳияти ҳамда аҳамияти тарғиботи юзасидан олдимизда турган вазифаларни белгилаб олдик. Албатта, келгусида фаолларимиз ёрдамида корхона, ташкилот ва муассасаларда ҳуқуқий тарғибот тадбирларини юқори савияда олиб борамиз.

Тошкент вилоятида ташкил этилган тадбирда ҳам қабул қилинган янги қонун ҳужжат-ларининг мазмун-моҳияти чуқур тушунтирилди.
Айтиб ўтилганидек, бу янгиликлар суд-ҳуқуқ ислоҳотларини либераллаштириш, адолат, инсонпарварлик, бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш йўлида олиб борилаётган сиёсатнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Умуман олганда, Олий Мажлис Сенати маъқуллаган янги қонунлардаги нормаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши суд-ҳуқуқ ҳамда назорат органлари фаолияти самарадорлигини юксалтиришга, одамларнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлашга, пировардида давлат ва жамиятнинг барқарор равнақига хизмат қилади.

Семинар иштирокчилари алоҳида урғу берганидек, Президентимизнинг шу йил 7 февралдаги Фармони асосида тасдиқланган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида миллий қонунчилигимизнинг жадал суръатда такомиллаштириб борилиши халқимизнинг орзу-умидлари, мақсад-муддаолари билан уйғундир.

— Мазкур янги қонун ҳужжатларининг бажарилиши учун уларнинг мазмунини халқимизга етказиш, шу аснода жамиятда қонун устуворлиги ҳамда қонунийликни таъминлаш давр талабига айланган, — дейди Тошкент вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Лазиз Мусашайхов. — Бу борада тегишли давлат органлари, қолаверса, жамоатчилик вакиллари зиммасига алоҳида масъулият юкланади. Аввало, уларнинг ҳуқуқий ва мулоқот маданияти юксак, дунёқараши кенг бўлмоғи лозим. Ушбу тадбирлар тарғиботчиларда мана шундай фазилатларни мустаҳкамлашга замин яратади.

Олий Мажлис Сенати томонидан ташкил этилган бундай семинарлар юртимизнинг барча ҳудудида бўлиб ўтмоқда.

Э. ЭҲСОНОВ,
Қ. НАЖМИДДИНОВ,
Р. ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари

http://xs.uz/index.php/homepage/zhamiyat/item/9890-yangi-onunlar-mo-iyati-tar-ib-ilinmo-da

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati