O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Парламент назорати ва самарали таҳлил

11.03.2017

Инсон ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар ижроси устидан парламент ва депутатлик назоратининг таъсирчан механизмларини шакллантириш мақсадида халқ вакиллари Андижон вилоятининг Пахтаобод тумани аҳолиси билан юзма-юз мулоқот ўтказиб, ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги ютуқ ҳамда муаммолар билан яқиндан танишди, ижро ҳокимияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини ўрганди.

Ўрганиш натижалари шу йил 10 март куни бўлиб ўтган халқ депутатлари Пахтаобод тумани Кенгаши сессиясида қизғин муҳокама этилди.
Очиқ ҳамда ошкора руҳда ўтган сессияда халқ вакиллари Пахтаобод тумани маркази ва қишлоқларида аҳоли хонадонларида бўлиб, уларнинг яшаш шароити, эҳтиёжи, талаб ҳамда таклифлари билан яқиндан танишгани, аҳоли томонидан 460 га яқин муаммоли масалалар ўртага ташлангани, булар, асосан, уй-жой-коммунал хизмати кўрсатиш, тиббиёт муассасалари фаолияти, таълим, бандлик, тадбиркорлик, экология, ижтимоий инфратузилма билан боғлиқлиги алоҳида таъкидланди.

Депутатлардан таркиб топган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги мувофиқлаштирувчи Комиссия томонидан вилоятдаги бирламчи тиббий муассасалар фаолияти чуқур ўрганиб чиқилди.
Унинг натижаларига кўра, аҳолининг барча қатламини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, тиббий ва ижтимоий патронаж ишларини доимий олиб бориш, санитария ва гигиена ҳамда соғлом турмуш тарзи бўйича кўникмаларни аҳоли орасида тарғиб этиш борасида муайян ишлар амалга оширилган. Айни пайтда ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам парламент аъзолари эътиборидан четда қолмади. Бунинг учун биргина Пахтаобод туманидаги 25 та ҚВП ва марказий поликлиника, тез тиббий ёрдам хизмати фаолияти таҳлил қилинди. Мазкур шифо масканларида лаборатория текшируви учун мўлжалланган асбоб-ускуналар, патронаж сумкалари, реактивлар, биринчи ёрдам кўрсатиш учун зарур дори воситалари ҳамда тиббий жиҳозлар етишмаслиги аниқланди. Мулоқотлар чоғида ҳудудларда тор мутахассисларга бўлган талаб ва эҳтиёж юқорилиги таъкидланди.

Сессияда хонадонларга ташриф буюриб, аҳоли билан ўтказилган мулоқотлар ҳамда тумандаги ижтимоий-иқтисодий соҳа объектларини ўрганиш натижаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, ҳудуддаги электр ва газ таъминоти масаласи ўрганилганида, ушбу соҳаларда ҳам ўз ечимини кутаётган қатор муаммолар борлиги аниқланди. Шу билан бирга, банк муассасалари туман бўлимларидаги инфокиосклар ишламаслиги, савдо ҳамда маиший хизмат кўрсатиш объектларида, қатор деҳқон бозорларида харидорлар ва сотувчилар учун қулайликлар яратилмагани айтиб ўтилди.

Сессияда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини оширишга тўсиқ бўлаётган камчилик ва нуқсонлар, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектлари, фермерларнинг ўз фаолиятини кенгайтириш, ер ажратиш, кредит олиш ва бошқа масалалар юзасидан қилган мурожаатлари атрофлича таҳлил этилди.
Йиғилишда мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг ахборотлари тингланди ҳамда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

* * *

Шу куни Фарғона вилоятида бўлиб ўтган халқ депутатлари Қува тумани Кенгашининг навбатдаги сессиясида ҳудудда халқ манфаати йўлида қилинаётган кенг кўламли ишлар қайд этилгани ҳолда, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги мавжуд аҳвол танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди.

Тадбирда айтиб ўтилганидек, депутатлар ва сенаторлардан иборат ишчи гуруҳ хонадонларда, кўпгина ижтимоий объектлар ҳамда маиший хизмат кўрсатиш ташкилотларида бўлиб, одамларни ўйлантираётган муаммоларни, уларнинг талаб ва истакларини яқиндан ўргандилар. Айрим масалалар жойида ижобий ҳал қилинди. Ўрганиш ҳамда мулоқотлар давомида аҳоли томонидан кўтарилган масалаларнинг 283 таси тегишли ташкилот ва туман ҳокимлиги кўмагида жойида ҳал этилди.

Сессияда туманда аҳоли фаровонлигини юксалтириш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини бажариш юзасидан қатор ижобий ишлар амалга оширилгани билдирилди. Айниқса, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий соҳа объектларини замон талаблари даражасида такомиллаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган ҳамда улар босқичма-босқич олиб борилмоқда. Ўрганишлар давомида ечимини кутаётган айрим муаммолар мавжудлиги ҳам аниқланди.

Депутатлар томонидан асосий эътибор туман аҳолисига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати, дори воситалари билан таъминланиш даражаси, мазкур соҳадаги қонунчиликни ҳаётга татбиқ қилиш борасида рўёбга чиқарилаётган ишларга қаратилди. Таъкидлаш жоизки, айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузурида соғлиқни сақлаш тизимини мувофиқлаштириб борувчи комиссия тузилган бўлиб, унинг ҳудудий ишчи гуруҳлари ҳам шакллантирилди.

Тумандаги тиббиёт муассасалари фаолиятини чуқур ўрганиб, таҳлил этиш чоғида 18 та ҚВП таъмирталаб аҳволда экани, баъзи муассасаларда тоза ичимлик суви ҳамда электр таъминотидаги узилишлар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатига салбий таъсир кўрсатаётгани маълум бўлди. Депутатлар аҳолининг патронаж хизмати билан қамраб олиниши, тиббиёт масканларининг малакали кадрларга бўлган эҳтиёжи, лаборатория-ташхис жиҳозларининг бугунги кун талабларига жавоб бериши каби масалаларга ҳам эътибор қаратди.

Сессияда туманни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини янада яхшилаш борасида олиб борилаётган ишлар бўйича мутасадди идоралар раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.
Якунда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Саминжон ҲУСАНОВ,
Элёржон ЭҲСОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/9659-parlament-nazorati-va-samarali-ta-lil

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati