O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Парламент назорати ва таъсирчан механизм

13.02.2017

Инсон ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар ижроси устидан парламент ва депутатлар назоратининг таъсирчан механизмларини шакллантириш мақсадида халқ вакиллари Самарқанд вилоятининг Иштихон тумани аҳолиси билан юзма-юз мулоқот олиб бориб, ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги ютуқ ҳамда муаммолар билан яқиндан танишди, ижро ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини ўрганди.

Шу йил 10 февралда бўлиб ўтган Халқ депутатлари Иштихон тумани Кенгаши сессиясида ана шу ўрганиш натижалари қизғин муҳокама қилинди. Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган тадбирда парламент аъзолари, маҳаллий ҳокимият, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, тадбиркорлар иштирок этди.

Айтиб ўтилганидек, депутатлар ва сенаторлардан иборат ишчи гуруҳ 600 дан ортиқ хонадонларда бўлиб, одамларни ўйлантираётган муаммоларни, уларнинг талаб ҳамда истакларини яқиндан ўрганди. Айрим масалалар жойида ижобий ҳал қилинди.

Сессияда туман аҳолисига ичимлик сувини етказиб бериш ишлари талаб даражасида эмаслиги танқид остига олинди. Бугунги кунда аҳолининг 29 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, қишлоқ врачлик пунктларида ҳам ичимлик суви таъминоти яхши эмас. Худди шундай ҳолат электр энергияси таъминотида ҳам кузатилади.

Туманда аҳолини, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш чора-тадбирлари тизимли олиб борилмаётир. Хусусан, 2016 йилда ҳудуддаги 11 касб-ҳунар коллежининг жами 4 минг 416 нафар битирувчисидан 4 минг 98 нафари бандлиги таъминлангани ҳисоботда кўрсатилган бўлиб, амалда уларнинг ҳаммаси ҳам бугунги кунда ўз иш жойига эга эмаслиги танқид қилинди.

Очиқ мулоқотлар асносида фуқаролар йиғинлари раислари аҳоли кенг қатлами билан мунтазам учрашмаслиги, уларнинг муаммолари билан қизиқмаслиги, мурожаатларини эътиборсиз қолдириши, бериладиган турли маълумотномаларни олишда бюрократик ҳолатларга йўл қўйилиши фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётгани баён қилинди. 

Шунингдек, уй-жой-коммунал хизмати кўрсатиш, ёшга доир, ногиронлик ва вояга етмаганлар учун бериладиган нафақаларни тайинлаш, тиббий хизмат, таълим, савдо ҳамда маиший хизмат кўрсатиш, автомобиль йўлларининг ҳолати, транспорт хизмати соҳаларида кўзбўямачилик ҳолатлари мавжудлиги аён бўлди. 

Тадбирда мана шундай муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожини жадаллаштириш, муҳими, аҳолининг турмуш сифати ҳамда даражасини юксалтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилавий тадбиркорликни равнақ топтириш чора-тадбирларига алоҳида урғу берилди.

Мавжуд камчиликлар бўйича тегишли идоралар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.

Шу куни халқ депутатлари ўаллаорол тумани Кенгаши сессияси бўлиб ўтди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзолари, маҳаллий ҳокимият, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, нодавлат ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этган тадбирда ҳудудда халқ манфаати йўлида қилинаётган кенг кўламли ишлар қайд этилгани ҳолда, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги мавжуд вазият танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди.

Очиқ ҳамда ошкора руҳда ўтган сессияда халқ вакиллари ўаллаорол тумани маркази ва қишлоқларида жами 600 га яқин хонадонларда бўлиб, уларнинг яшаш шароити, эҳтиёжи, талаб ҳамда таклифлари билан яқиндан танишгани, аҳоли томонидан 800 дан зиёд муаммоли масалалар ўртага ташлангани, булар, асосан, уй-жой-коммунал хизмати кўрсатиш, тиббиёт муассасалари фаолияти, таълим, бандлик, тадбиркорлик, экология, ижтимоий инфратузилма билан боғлиқлиги алоҳида таъкидланди.

Шу билан бирга, тумандаги банк муассасалари, жумладан, “Микрокредитбанк” ва “Қишлоқ қурилиш банк”нинг туман бўлимларидаги инфокиосклар ишламаслиги, савдо ҳамда маиший хизмат кўрсатиш объектларида, қатор деҳқон бозорларида харидорлар ва сотувчилар учун қулайликлар яратилмагани, дўконларда аҳолига хизмат кўрсатишда нақд пул ҳамда нақдсиз ҳисоб-китобда маҳсулотлар нархида тафовут борлиги айтиб ўтилди. 

Депутатлар ва сенаторлардан таркиб топган гуруҳ томонидан тумандаги 30 га яқин умумтаълим мактабларининг аксариятида ўқитувчи ҳамда ўқувчилар овқатланиши учун зарур шароит йўқлиги, борлари эса санитария-эпидемиологик -талабларга жавоб бермаслиги, мактабгача таълим муассасаларига етказиб берилаётган картошка, макарон, гуруч, мош, сариёғ ва гўштнинг сифати талаб даражасида эмаслиги аниқланди. 

Сессияда аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижросидаги эътиборсизлик, масъулиятсизлик ҳолатлари қаттиқ танқид қилинди. Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида олий тоифали врачлар етишмаслиги, туман аҳолиси учун жуда зарур бўлган травматология, неврология, эндокринология бўлимларининг йўқлиги, тез тиббий ёрдам хизмати ҳам қониқарли аҳволда эмаслиги таъкидланди.

Ҳудуддаги электр ҳамда газ таъминоти масаласи ўрганилганида, ушбу соҳаларда ҳам ўз ечимини кутаётган қатор муаммолар борлиги аниқланди. 

Сессияда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини оширишга тўсиқ бўлаётган камчилик ҳамда нуқсонлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, фермерларнинг ўз фаолиятини кенгайтириш, ер ажратиш, кредит олиш ҳамда бошқа масалалар юзасидан қилган мурожаатлари атрофлича таҳлил этилди. 

Шунингдек, йиғилишда тегишли ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.

Сессияларда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Бўлиб ўтган сессияларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н. Йўлдошев сўзга чиқди. 

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,

Толибжон ЭРГАШЕВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/9468-parlament-nazorati-va-ta-sirchan-mekhanizm

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati