O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Ҳудудлар экспорт салоҳиятини ошириш – долзарб вазифа

12.09.2017

2017 йилнинг 12 сентябрида Олий Мажлис Сенатида бўлиб ўтган Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология Қўмитасининг йиғилишида Мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини экспорт қилишни рағбатлантиришга оид давлат ва ҳудудий дастурларнинг Наманган вилоятида ижро этилишини ўрганиш натижалари муҳокама этилди.

Мажлисда сенаторлар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Наманган вилоят ҳокимлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги, Адлия, Ташқи савдо, Ташқи ишлар вазирликлари, ДБҚ, Марказий Банк, Савдо-саноат палатаси масъул ходимлари, “Ўзстандарт” агентлиги, “Ўзагроэкспорт” АЖ, Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш фонди, Ўзбекистон фермерлари кенгаши, Тошкент аграр университети ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Сенаторлар таъкидлаганидек, соҳадаги экспортчи корхоналарни ҳар томонлама қўлаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича вазифалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йилнинг 19 сентябридаги “Мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини экспорт қилишни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 2017 йилнинг 28 июлидаги “Маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йилнинг 15 июнидаги “Янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори, шунингдек бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва тегишли давлат ва ҳудудий дастурларда белгилаб берилган. Уларга мувофиқ, мамлакатимизда мева, сабзавот, полиз, дуккакли ва бошқа қишлоқ хўжалик экинларининг янги, минтақаларнинг тупроқ-иқлим шароитларига мос юқори ҳосилдор навларини ишлаб чиқиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Бу эса пировардида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифати ва экспорт салоҳиятининг ортишига хизмат қилади.

Ўрганишлар шуни кўрсатдики, Наманган вилоятида 2016 йил ва 2017 йилнинг ўтган даври мобайнида паст рентабелли 4,7 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари ўрнига 2 минг гектардан ортиқ сабзавот, 900 гектардан ортиқ катошка, 650 гектардан ортиқ озуқа ва 250 гектарга яқин мойли экинлар жойлаштирилган. 500 гектарга яқин интенсив боғ ҳамда 250 гектарга яқин токзорлар барпо этилган.

Ер майдонларини оптималлаштириш натижасида Косонсой туманида 470 гектар, Наманган туманида 300 гектар, Поп туманида 200 гектар, Тўрақўрғон туманида 350 гектар, Учқўрғон туманида 500 гектар, Чортоқ туманида 50 гектар, Чуст туманида 550 гектар, Янгиқўрғон туманида 580 гектар ер майдонлари пахта ва ғалладан қисқартирилиб, ўрнига экспортбоп сабзавот ва полиз экинлари экилган. Вилоят бўйича 2020 йилгача 15,1 минг гектар пахта ва бошоқли дон экин майдонлари оптималлаштирилиб, улар ўрнига 3,0 минг гектарда картошка, 6,8 минг гектарда сабзавот, 2,1 минг гектарда озуқа экинлари, 800 гектарда мойли экинлар ҳамда 1.6 минг гектарда интенсив боғлар ва 800 гектарда токзорлар барпо этиш белгиланган.

2016 йил ва 2017 йилнинг ўтган даврида вилоятда фаолият юритаётган экспортчи корхоналар томонидан 100 минг тоннадан ортиқ, умумий ҳисобда 74 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинган.

Бугунги кунда ташқи бозорларда ковул, каврак ва бошқа шу каби доривор ва озуқабоп ўсимликларга талаб ортиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда, 2017 йилда Наманган вилоятида 200 тоннага яқин ковул Туркия ва Италия давлатларига экспорт қилинган. Умуман, вилоятнинг жорий йил ўтган даври учун экспорт кўрсаткичлари ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 155%ни ташкил этди, бу эса вилоят аҳолиси турмуш фаровонлиги ортишига хизмат қилмоқда.

Шунга қарамай, муҳокама чоғида сенаторлар бир қатор камчилик ва хатоларни қайд этиб, уларни бартараф этиш бўйича айрим таклиф ва тавсияларни билдирдилар. Таъкидланганидек, мева-сабзавот етиштирувчи субъектлар билан экспортчи корхоналар ўртасида тузилган шартномаларга асосан олдиндан 40 фоизлик бўнак маблағлари тўлиқ ажратилмаганлиги ва шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги оқибатида айрим туманларда экспорт прогноз кўрсаткичлари бажарилмай қолган. Оқибатда жорий йилнинг январь-июнь ойларида жами 69,9 млн долларлик 56,2 минг тонна маҳсулот экспорт қилиниши режалаштирилган бўлсада, амалдаги кўрсаткичлар 22,5 миллион долларлик 28,4 минг тонна ёки режага нисбатан 50%ни ташкил этган.

Норин, Чортоқ, Учқўрғон ва Наманган туманларида экспортбоп мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича етарли даражада шароит таъминланмаган. Мингбулоқ ва Поп туманларидан эса маҳсулот умуман экспорт қилинмаган. Умумий қуввати 1,6 минг тонна бўлган музлаткичли омборхоналар қуриш бўйича 9 та лойиҳа амалга оширилмаган. Вилоятда экспортга чиқарилаётган мева-сабзавот маҳсулотларини фитосанитар текширувдан ўтказиш учун халқаро талабларга жавоб берувчи махсус лабораториялар мавжуд эмас. Экспортга йўналтирилаётган маҳсулотни транспорт воситаларида етказиб бериш масалалари охиригача ҳал қилинмаган. Сенаторлар Наманган вилоятида юқорида қайд этилган камчиликларни бартараф этиш, мева-сабзавот маҳсулотлари, узум ва полиз маҳсулотлари экспортини рағбатлантириш борасидаги давлат ва ҳудудий дастурларни сўзсиз ижро этишга қаратилган қўшимча чоралар кўрилиши лозимлигини таъкидладилар.

Батафсил муҳикама якунларига кўра тегишли қарор қабул қилиниб, унинг ижроси парламент ва жамоатчилик назоратига олинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati