O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Халқ манфаатларига хизмат қилиш — олий саодат

12.04.2017

Тинч ва осойишта ҳаёт кечиришимизда ички ишлар органларининг ҳам салмоқли ҳиссаси бор. Шу боис истиқлол йилларида бу соҳада кенг кўламли ислоҳотлар рўёбга чиқарилиб, муайян натижалар қўлга киритилди. Шунга қарамай, тизимда ҳали амалга оширилиши зарур бўлган ишлар, таъбир жоиз бўлса, ечимини кутаётган муаммолар талайгина.

Президентимизнинг кеча матбуотда эълон қилинган “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ана шу камчиликларни бартараф этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Айни чоғда мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти кенг жамоатчилик вакиллари томонидан чуқур ўрганилмоқда.

Ойбек ТУРҒУНОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси:

— Халқ билан самарали мулоқотни изчил йўлга қўйиш, инсон манфаатлари устуворлигини кафолатловчи қонунлар, давлат дастурлари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси устидан парламент ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш орқали турли соҳаларда кузатилаётган муаммо ва камчиликларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг мазкур Фармони ушбу йўлда навбатдаги муҳим қадам бўлди.

Унда ички ишлар органларининг фаолиятида қонунийликни таъминлаш бўйича жамоатчилик, парламент ва депутатлик назоратининг самарали механизмларини жорий этиш мазкур тизимни ислоҳ қилишнинг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида келтирилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан бир йилда икки марта Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ҳисоботи эшитилиши, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ҳар чоракда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар, вилоятлар, шунингдек, туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) бошлиқлари ҳамда ҳар ойда уларнинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари ҳисобот беришлари соҳада парламент назоратининг роли ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Тизим мансабдор шахсларининг ҳисоботлари эшитилаётганда улар зиммасига юклатилган вазифалар бажарилиши бўйича кўрилаётган чоралар ҳамда натижалар танқидий муҳокама этилиши, улар эгаллаб турган лавозимига лойиқ ёки нолойиқлиги ҳақида тавсиялар қабул қилиниши ҳам эътиборга молик жиҳатдир.

«Халқ сўзи» мухбирлари
Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
Фарида МАҲКАМОВА
ёзиб олди.

http://xs.uz/index.php/homepage/zhamiyat/item/9885-khal-manfaatlariga-khizmat-ilish-olij-saodat

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati