O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси Раиси Кристин Муттонен билан учрашув

08.05.2017

2017 йил 8 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари С.Артикованинг ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси Раиси Кристин Муттонен раҳбарлигидаги делегация аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистондаги ЕХҲТ лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Дж.МакГрегор ҳам иштирок этди.

Бўлиб ўтган суҳбат чоғида Кристин Муттонен Парламент Ассамблеяси Марказий Осиё минтақаси, хусусан, Ўзбекистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият беришини таъкидлади. У Ўзбекистон парламенти делегациясининг жорий йилнинг февраль ойида Вена шаҳрида бўлиб ўтган ЕХҲТ Парламент Ассамблеясининг қишки мажлисидаги иштирокини Ассамблеянинг барча аъзолари қўллаб-қувватлаганлигини ва юқори баҳолаганлигини қайд этди. Шу муносабат билан, Ассамблея раиси Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини билдирди. “Ташрифимиздан кўзланган мақсад – мамлакатингиз билан муносабатларни янада мустаҳкамлаш истагида эканлигимизни тасдиқлашдан иборат”, ‒ дейди Кристин Муттонен.

Шунингдек, учрашувда томонлар ўзаро қизиқиш уйғотган халқаро ва минтақавий сиёсатнинг айрим долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati